АСАБ СИСТЕМАСИ КАСАЛЛИКЛАРИДА БЕМОРЛАР ПСИХОЛОГИЯСИ
Асаб системаси касалликларида, айниқса бош миянинг зарарланиши билан кечувчи патологик ҳолатларда пайдо бўладиган фалажликлар ва шу каби бошқа неврологик бузилишлар беморлар психологиясида оғир асоратлар қолдиради. Шунингдек, марказий асаб системаси касалл
Асаб системаси касалликларида, айниқса бош миянинг зарарланиши билан кечувчи патологик ҳолатларда пайдо бўладиган фалажликлар ва шу каби бошқа неврологик бузилишлар беморлар психологиясида оғир асоратлар қолдиради. Шунингдек, марказий асаб системаси касалликларида неврологик бузилишлардан ташқари, руҳий-ҳиссий бузилишлар ҳам кузатиладики, бу белгиларни аниқлаш, даволаш ва реабилитация жараёнларида невропатолог эътиборга олиши зарур. Тиббий амалиётда энг кўп кузатиладиган касалликлар бўлмиш инсультлар, бош мия жароҳатлари, менингоэнцефалитлар ва эпилепсия касалликларида кузатиладиган беморлар психологиясидаги ўзгаришларни кўриб чиқамиз. Мия инсультларида беморлар психологияси. Бош мияда қон айланишининг ўткир бузилишига инсульт деб аталади ва бу касаллик нафақат неврологик бузилишлар, балки турли даражада ифодаланган нейропсихологик бузилишлар билан ҳам намоён бўлади. Мия инсультлари энг кўп учрайдиган касалликлардан бири бўлиб, тўсатдан пайдо бўлган неврологик бузилишлар бемор руҳиятида оғир асоратлар қолдиради. Ушбу касалликнинг кечагина соғлом деб ҳисобланган беморда ўткир бошланиши, оёқ-қўлларда тўсатдан пайдо бўлган фалажликлар сабабли беморнинг тўшакка михланиб қолиши, энг яқинларининг гапига тушунмай қолиши ёки ўзи бир оғиз сўзни ҳам эплаб гапира олмаслиги бемор учун ҳам, унинг яқинлар учун ҳам катта фалокатдир. Мия инсультларида кузатиладиган патологик ўзгаришлар ушбу касаллик бош миянинг қайси соҳасида ривожланганлиги, касаллик тури, зарарланган ўчоқнинг ҳажми ва инсульт даврига боғлиқ. Бу ҳақда батафсил маълумотлар неврологияга оид дарсликлар ва ўқув қўлланмаларида келтирилган. Мия инсультининг деярли 70 фоизи бош мия катта ярим шарлари ташқи юзасининг катта бир қисмини қон билан таъминловчи a.сerebri media соҳасида кузатилади. Чунки бу артерия ички уйқу артериясининг бевосита давомчиси ҳисобланади. А.сerebri media ҳаракат, сезги ва нутқ марказларини қон билан таъминлайди, шунинг учун ҳам ушбу артерияда қон айланишининг ўткир бузилиши оёқ-қўллар фалажлиги (гемипарез, монопарез), тананинг бир томонида сезги бузилишлари (гемианестезия, моноанестезия) ва нутк бузилишлари (мотор ва сенсор афазиялар) билан намоён бўлади. Агар инсульт бош миянинг чап ярим шарида ривожланса тананинг ўнг томонида кузатиладиган фалажликлар (гемипарез) ва сезги бузилишлари (гемианестезия) нутқ бузилишлари (афазиялар) билан намоён бўлади, агар инсульт бош миянинг ўнг ярим шарида рўй берса, фалажликлар ва сезги бузилишлари тананинг чап томонида кузатилади, бироқ нутқ бузилишлари бўлмайди. Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, нутқ бузилишлари ўнақайларда бош миянинг чап ярим шари, чапақайларда ўнг ярим шар зарарланганда кузатилса, амбидекстрларда иккала ярим шар зарарланганда ҳам кузатилади. Бироқ, чапақай ва амбидекстрларда нутқ бузилишлари ўнақайларга қараганда тезроқ тикланади. Мия инсультларида кузатиладиган ҳулқ-атвор бузилишлари миянинг чап ва ўнг ярим шарлари зарарланганда турлича бўлади. Бош миянинг чап ярим шари инсультларида беморлар психологияси. Оёқ-қўллардаги фалажликларнинг нутқ бузилишлари (мотор ва сенсор афазиялар) билан биргаликда намоён бўлиши бемор учун оғир психологик жарохатдир. Инсонни бошқа жонзотлардан фарқ қилиб турувчи нутқнинг тўсатдан бузилиши беморнинг психологиясини ўзгартириб юборади, у атрофдагиларнинг фақат товуш ҳолатида эшитади, маъносини тушунмайди, ўзи ҳам фикрини тушунтириб бера, бунинг натижасида бемор жиззаки бўлиб қолади, яқинларини уришади, ҳадеб гапиришга уринаверади, бироқ фикрини тўғри баён қилиб бера олмайди. Бу ҳолат сенсор афазия учун хосдир олмайди (дарсликнинг иккинчи бобида афазияларнинг клиник кўриниши ва диагностикаси ҳақида батафсил маълумот берилган). Баъзан бемор индамай ётади, фақат атрофдагиларнинг саволига жавоб беришга уринади, оддийроқ саволларга жавоб беради ҳам, бироқ ўзи гапирмай ётади. Бу ҳолат мотор афазия учун хосдир. Нутқ одатда фалажликларга қараганда олдинроқ тикланади, масалан инсультнинг ўткир давридаёқ (21 кун ичида) нутқ тикланиб бошлайди. Нутқнинг тез тикланиш даражаси инсультнинг турига, зарарланган жойнинг ҳажмига ва албатта даволаш жараёнинг қандай олиб борилаётганига кўп боғлиқ. Агар инсульт узоқ пайтдан буён ҳафақон касаллиги, атеросклероз, қандли диабет ва юрак касалликлари билан оғриётган беморларда ривожланса нутқ тикланиши фалажликлар каби қийин кечади. Сурункали алкоголизмдан азият чекаётган беморларда инсульт ривожланса нутқ бузилишлари ҳулқатворнинг кескин бузилишлари билан намоён бўлади ва нутқ ҳам кеч тикланади. Бундай беморлар билан мулоқот қилиш жуда қийин бўлиб, улар врач ва яқинларининг айтганларни бажармайди, тез уришиб кетади, ёки йиғлайверади, овқат ейишдан бош тортади, тагига сийиб юборади. Уни парвариш қилиш (соч-соқолини олиш, чўмилтириш ва ҳ.к) га йўл қўймайди, даволаш муолажаларидан воз кечади. Табийки бундай беморларни даволаш шифокорлар учун қийинчиликлар туғдиради. Одатда нутқи бузилган одамнинг ҳулқ-атвори ҳам бузилган бўлади. Бунга нутқи ривожланмай қолган болаларни мисол қилиб кўрсатиш мумкин, уларнинг аксариятида ҳулқ-атвор ўта бузилган бўлади. Инсон ҳулқ-атворининг бошқарувчанлиги ҳам унда нутқ функциясининг мавжудлигига кўп боғлиқ. Инсульт ўтказган беморларда нутқ тиклангандан сўнг даволаш жараёнидаги баъзи қийинчиликлар бартараф топади, бемор энди ўз танасида кечаётган касаллик аломатларини яқинларига ва шифокорларга бемалол айтиб бера олади, уларнинг тавсиясини бажариб бошлайди ва натижада даволаш жараёнида ижобий натижалар юз бериб бошлайди. Бош миянинг чап ярим шарида рўй берган инсультларда хавотир билан кечувчи невротик ҳолатлар кўп кузатилади. Айнан мана шу хавотирли неврознинг мавжудлиги чап ярим шар инсультини ўнг ярим шар инсультида кузатиладиган ҳулқ-атвор бузилишларидан фарқловчи симптомлардан биридир. Хавотир қандай кўринишда намоён бўлади? Бемор инсульт оқибатида танасида пайдо бўлган касаллик аломатларидан азият чекаверади, врачнинг ҳар бир ташрифида нутқи ва ҳаракат фаолиятнинг тикланиб кетишкетмаслиги ҳақида сўрайверади, врачнинг ҳар бир сўзига хавотир билан қулоқ тутади, унинг ҳар-бир тавсияларини сўзсиз бажаришга интилади, даволаш натижасида рўй бераётган ҳар бир ижобий ўзгаришдан ҳурсанд бўлади. Албатта, миянинг чап ярим шари инсультлари учун хос бўлган хавотир билан кечувчи бундай симптомлар унинг тезроқ соғайиб кетишига ёрдам беради. Шунинг учун ҳам миянинг чап ярим шари инсультларида неврологик функцияларнинг тикланиш жараёни ўнг ярим шари инсультларига қараганда тезроқ кечади. Чунки хавотирли невроз ўнг ярим шар инсультларида кузатилмайди. Бош миянинг ўнг ярим шари инсультларида беморлар психологияси. Юқорида қайд қилинганидек, ўнг ярим шар инсультларида тананинг чап томонида ҳаракат ва сезги бузилишлари кузатилади, яъни гемипарезлар, гемианестезиялар. Нутқ ва у билан боғлиқ бўлган аксарият олий руҳий функциялар (ўқиш, ёзиш) сақланиб қолади. Бунинг сабаби миянинг ўнг ярим шарида нутқ марказларининг бўлмаслигидир (ўнақайларда). Бош миянинг ўнг ярим шари асосан перцептив жараёнлар, аниқроғи ўз танасининг тузилиши ҳақида мияга келаётган таъсиротларни анализ ва синтез қилиш учун жавоб беради. Демак, ўнг ярим шарнинг зарарланиши тана тузилишини нотўғри қабул қилиш симптомларини юзага келтиради. Булар анозогнозия, аутотопогнозия, псевдополимелия, фазонинг (ўз танасининг ҳам) бир томонини инкор қилиш симптомлари билан намоён бўлади. Бемор ўзида юз бераётган бу ўзгаришларни танқидий кўз билан қабул қилади, яъни унда том маънода олганда руҳий бузилишлар кузатилмайди. Бу бузилишлар умумлаштириб тана схемасининг бузилиши деб ҳам аталади. Беморнинг боши ёки бир қўли катталашиб кетаётгандек, қўли ёки оёғи тананинг бошқа қисмларида жойлашгандек (аутотопогнозия), тананинг чап томони худди бировнинг танасидек, чап қўли ўзиники эмас, бировникидек ёки ёнида ғўла ётгандек туюлади. Баъзи ҳолларда беморнинг ярим фалажланган чап қўли уни бўғмоқчи бўлса, ўнг қўли эса бунга йўл қўймайди, чап қўлни итариб юборади. Баъзан чап қўл худди кичик ҳайвонлар (мушук, олмахон, қуён) кўринишида беморга эркаланади ёки бемор ўнг қўли билан чап қўлини силайди. “Нимага бунақа қилаяпсиз?” деса, у “Мушугимни эркалатаяпман” дейди. Гўёки тана иккига бўлингану, унинг ҳар ярми ўзича фаолият кўрсатаяпди. Бемор инсульт оқибатида ўз танасида пайдо бўлган дефектларни (фалажликларни) инкор қилади, менинг оёқ-қўлларим ишлаяпди дейди. Бундай ҳолат анозогнозия деб аталади. Бемор фалажликлар сабабли бир неча кундан буён тўшакка михланиб қолган бўлса-да, “Мен ҳозиргина туалетга бориб келдим, туриб ҳовлида юрдим” дейди. Бемор кийинаётганда ҳам чап томонни тўла инкор қилади: кўйлагининг ўнг енгини, оёқ кийимининг ўнг томондагисини кияди, лагандаги овқатнинг (масалан, ошнинг) фақат ўнг томондагисини ейди, эшикдан кираётганда чап елкасини эшикка уриб киради. Соқол олаётганда юзининг чап томони қолиб кетади, тишини юваётганда фақат ўнг томонини ювади ва ҳ.к. Демак, чап томон бутунлай инкор қилинади, гўёки фазонинг чап томони йўқдек. Бемор ўз касалига жуда бефарқ бўлади, врачларнинг ва яқинларининг касалликка оид берган тавсияларини инкор қилади: “Жойингиздан турманг, Сизга туриб юриш мумкин эмас” деса “Хўп бўлади” деб жавоб берадию, барибир туриб юради, врач тавсиясига кўра вақтида бажариш лозим бўлган жисмоний машқларни бажармайди, фалажланган қўл ва оёқлари қандай ҳолатда бўлса, шу ҳолатда ётаверади, бироз бўлса-да пайдо бўлган ҳаракатларни фаоллаштиришга уринмайди. “Ҳозир қаерда ётибсиз” деб сўраса, у “Мен шифохонада даволаяпман” деб жавоб беради ёки “Тошкентда даволанаяпман” дейди. Ваҳоланки у ўзи уйида ёки вилоят шифохоналарининг бирида даволанаётган бўлади. Аксарият ҳолларда бемор жуда сўзамол, маслаҳатгўй бўлади, зарур бўлмаган масалалар устида сўз очади ва яқинларини ёки уни кўргани келган яқинларини соатлаб ёнида олиб ўтиради. Уни кўргани келган одамнинг кимлиги ва у қачон келганлиги эртаси куни сўралса унутиб қўяди ёки у “Бир ой олдин келди” деб жавоб беради. Демак, уларда вақтни ва маконни тўғри баҳолаш ҳам бузилган бўлади. Баъзан бемор овқатланмоқчи бўлса қошиқни соғлом қўли билан ҳам косага тўғри олиб бора олмайди, оғзини тўғри топа олмайди, овқатни ёқасига тўкиб юборади ва натижада овқат ейишдан бош тортади, ўз-ўзидан йиғи келади. Ўз-ўзидан йиғи келиши, баъзан эса арзимаган нарсага кулиш бир неча бор такрорий кузатилган инсултлар учун хос. Табиийки бундай беморларда ҳаракат функцияларининг тикланиши ўта суст кечади. Шунинг учун ҳам ўнг ярим шарда юз берган инсультларда беморларнинг соғайиб кетиши чап ярим шар инсультига қараганда суст кечади. Беморда ўз танасини идрок қилишнинг бузилиши атроф-муҳитни идрок қилишнинг бузилиши билан биргаликда кузатилади. Масалан, бемор уйдан чиқиб кетиб, ўз уйини тўғри топиб кела олмайди, кўчанинг бошқа томонига кетиб қолади, аввал таниш бўлган дўкон ёки бозор қайси томонда жойлашганлигини адаштиради. Қуёш қайси томондан чиқиб қайси томонга ботишини адаштиради, у вилоятлараро қатновчи автобус ҳайдовчиси бўлсада, Самарканд ёки Фарғона Тошкентга нисбатан қайси томонда жойлашганини адаштириб айтади ва ҳ.к. Бундай ҳолатлар ҳар доим ҳам бўлавермайди, фақат ўнг ярим шарнинг катта қисмини зарарловчи инсультларда рўй беради. Инсульт ўтказган беморларга кўрсатиладиган психореабилитация усуллари. Инсульт нафақат бемор учун, балки унинг яқинлари учун ҳам катта руҳий жарохатдир. Ушбу касалликнинг инсон камолатга етгандан сўнг рўй бериб бошлаши, яъни 40-50 ёшлардан кейин, оила учун катта фалокатдир. Тўсатдан рўй берган инсульт ҳаёт измини йўлдан чиқариб юборади. Инсульт ривожланган захоти бемор зудлик билан шифохонага ётқизилиши ва тиббийпсихологик ёрдам касалликнинг дастлабки соатлариданоқ бошланиши керак. Бу ерда иккиланишга ҳеч қандай ўрин йўқ! «Беморни қўзғамаслик керак, бирон соат уйда бўлсин, ҳозир мумкин эмас» қабилидаги гаплар ноўриндир. Аксинча инсульт ривожлангандан сўнг 3-6 соат ичида кўрсатилган малакали тиббий ёрдам беморнинг тўла тузалиб кетишига, энди бошланаётган фалажликларнинг олдини олишга, қолаверса беморнинг ҳаётини сақлаб қолишга жуда катта имкониятлар яратиб беради. Баъзан инсульт ривожлангандан сўнг “Тез ёрдам” машинаси етиб келгач, беморнинг яқинлари «Ҳозир беморнинг аҳволи оғир, бироз шошмай турайлик, қон босими жойига келсин, йўлда бир гап бўлиб қолиши мумкин», деб етиб келган врачни аросатда қолдиришади. Одатда беморнинг бир нечта қариндошлари орасида қолган врач уларнинг айтганига кўнади ёки «Бемор йўлда ёмон бўлиб қолса жавоб берасизми?» қабилидаги саволлардан чўчиб, беморни уйда қолдиради. Врач бу сўзларга эътибор қилмасдан беморга дастлабки тиббий ёрдамни кўрсатиб дарҳол шифохонага етказиши зарур. Мабодо тиббий ёрдам вақтида кўрсатилишига қарамасдан беморнинг аҳволи шифохонага олиб бораётганда оғирлашиб қолса дарров врачни айблаш керак эмас, чунки инсультнинг дастлабки куни ўлим ва бошқа оғир ҳолатлар кўп кузатилади. Бундай вазиятларда беморга малакали тиббий ёрдамни фақат шифохона шароитида кўрсатиш мумкин. Бу қоидани врач ҳам, беморнинг яқинлари ҳам билиши лозим. Чунки инсультнинг биринчи куни ўлим даражаси жуда юқори бўлади, уйда қолдирилган беморга эса малакали тиббий ёрдам кўрсатиш ўта мушкул. Касалликнинг дастлабки куниёқ диагностик мақсадда орқа мия суюқлигини текшириш учун беморга зудлик билан люмбал пункция қилиш керак. Одатда 21 кунгача бўлган давр инсультнинг ўткир даври ҳисобланиб, бу даврда бемор шифохонада даволанади. Касалликнинг ўткир даврида беморнинг ҳуши бузилган бўлади, фалажликлар, нутқ ва ҳулқ-атвор бузилишлари яққол ифодаланган бўлади. Бу даврда унга руҳий тинчлик ўта зарурдир! Шунинг учун беморни кўришга келаётганлар сонини кескин камайтириш лозим, унинг ёнида турмуш ўртоғи ёки фарзандларидан бири парвариш қилиш учун қолиши мумкин. Чунки ҳар қандай ташриф кечагина оёқ устида юрган, бугун эса тўшакка михланиб қолган беморга руҳий жарохат етказиши мумкин. Бундай ҳолатлар, айниқса, бирга ишлайдиганлар ва қўниқўшнилар ташриф буюрганда рўй бериши эҳтимолдан холи эмас. Агар бемор “Танишларим мени кўргани келишаяпдими?” деб сўраса, унга “Албатта келишаяпди, бироқ докторлар уларга рухсат беришмаяпди, бироз тузалганингиздан сўнг уларни ёнингизга қўйишади. Барча келиб кетаётганлар Сизни тезроқ соғайиб кетсин дейишмоқда” қабилидаги сўзлар билан беморни тинчлантириш лозим. Акс ҳолда беморнинг “Нега улар мени кўргани келишмаяпди?” деб ортиқча ҳаёжонланиши беморнинг соғлиғига салбий таъсир кўрсатиши мумкин. Айниқса нутқи бузилган беморлар ёнига келувчилар сонини нутқ тиклангунга қадар тўхтатиб туриш лозим. Нутқ эса аксарият ҳолларда 2-3 ҳафта ичида тикланиб бошлайди. Даволаш муолажалари тўғри ва ўз вақтида олиб борилса, олдин беморнинг оёғларида ҳаракат пайдо бўлади, қўлнинг тикланиши эса бироз суст боради. Чунки мия пўстлоғида жойлашган оёқ марказларини иккала қон томир (a. сerebri anterior ва a. сerebri media) қон билан таъминлайди, Қўл марказларини эса фақат a. сerebri media қон билан таъминлайди. Шунинг учун ҳам ушбу артерия соҳасида кузатилган инсултларда қўл ҳаракатларининг тикланиши суст чекади. Бемор шифохонадан ҳар доим ҳам тузалиб чиқиб кетмайди, чунки 3 ҳафтада фалажланган қўл ва оёқлар тўла тикланиб кетмайди, баъзи ҳолларда нутқ ҳам тўла тикланмай қолиши мумкин. Инсультда бузилган функцияларнинг тикланиши одатда бир йил мобайнида давом этади, вақт ўтган сайин тикланиш жараёнлари сусутлашиб бораверади. Шунинг учун ҳам ушбу даврда реабилитация усуллари ўта устамонлик билан олиб борилиши керак. Афсуски, инсульт ўтказган беморларда турли даражада ифодаланган ногиронлик кўрсаткичлари жуда юқори бўлиб, 80 фоизгача етади. Ҳеч қандай ўткир ривожланувчи касалликда ногиронлик бу даражада юқори эмас. Демак, ушбу беморларни нормал ҳаёт тизимига қайтариш лозим ва бу йўналишда бир қанча мутахассислар, яъни реабилитологлар, невропатологлар, психологлар, логопедлар, терапевтлар, иштирок этади. Умумий амалиёт шифокори эса ушбу мутахассисларнинг кўригини таъминлайди ва уларнинг тавсияларига асосланиб беморни даволаб кузатиб боради. Йирик шаҳарларда реабилитация марказлари мавжуд бўлиб, инсультнинг тикланиш даврида даволашни ушбу марказларда давом эттириш мақсадга мувофиқдир. Инсультнинг оғир турини ўтказган беморларга ўзўзини эплай олиш, яъни овқатланиш, ювиниш, чўмилиш, соқол олиш, кийиниб-ечиниш, хожатхонага бориб келиш каби кундалик юмушларни мустақил равишда бажара оладиган ҳолатга келтириш реабилитациянинг асосий вазифаларидан биридир. Инсульт енгил кечган ҳолатларда эса меҳнат қобилиятининг тикланиш даражасига қараб, беморни аввал ўзи фаолият кўрсатган ишларга яна жалб қилиш мумкин. Инсульт ўтказган беморларда меҳнатга лаёқатлилик даражасини аниқлаш лозим, аксарият беморларга ногиронликнинг I ёки II даражаси белгиланади, енгил ҳолатларда эса III даражали ногиронлик белгиланади. Инсультда кузатиладиган аксарият фалажликларда мушаклар тонусининг спастик тарзда ошиши бўғимларда контрактуралар пайдо бўлишига сабабчи бўлади. Мушак-бўғим контрактуралари айниқса қўл панжалари ва тирсак бўғимида кучли ифодаланган бўлади, бу табиийки беморга ўзини эплаш билан боғлиқ бўлган юмушларни бажариш имкониятини чегаралайди. Бу муаммоларни бартараф этиш ёки олдини олиш учун турли жисмоний машқлар мавжуд, мутахассислар тавсиясига кўра бемор ушбу машқларни бажариши, фалажланган оёқ-қўлларга нуқтали уқалашлар олиши, физиотерапевтик муолажаларни ва спастик тонусни пасайтирувчи дориларни истъемол қилиши зарур. Нутқ бузилишларини даволашда доривор воситалардан ташкари логопедик муолажалар ўтказиш ҳам ўта муҳимдир. Одатда касаллик сабабли пайдо бўлган нутқ ва ҳулқ-атвор бузилишларини нейропсихологлар даволаши зарур, ушбу мутахассислар йўқ жойларда нейропсихологик муолажаларни яхши тушунадиган невропатолог ёки тиббий психолог даволаш муолажаларини ўтказиши мумкин. Инсульт ўтказган беморларни жамиятдан ва оилада бўлаётган тадбирлардан чеккалаб ташлаш асло мумкин эмас, акс ҳолда улар психологик изоляцияда қолади. Беморларни оилавий ва маҳаллада режалаштирилаётган ишларга уларнинг имконият даражасига қараб жалб қилиш лозим, акс ҳолда улар ўзларини оилага ҳам, жамиятга ҳам кераксиз деб ҳис қилиб чуқур депрессияга тушиши мумкин. Баъзи ҳолларда касаллик сабабли бир ойи ичида иш жойини ва яқинларининг эътиборини йўқотган беморда ўз жонига қасд қилишлар ҳам рўй бериб туради. Уларнинг ҳаёт тажрибасидан маҳалла фаоллари, беморнинг яқин қариндошлари ва фарзандлари унумли фойдалншлари лозим. Шундай қилиб, инсульт ўтказган беморларни даволаш ва уларни одатий турмуш тарзига қайтариш узоқ давом этувчи мураккаб тиббий-психологик жараён бўлиб, унинг муваффақиятли тугаши ўтказилаётган муолажаларнинг тўғри ва ўз вақтида олиб борилишига боғлиқ. Менингит ва менингоэнцефалит ўтказган беморлар психологияси. Менингит – бош мия пардаларининг ўткир юқумли-яллиғланиш касаллиги бўлиб, асосан ёшларда кўп кузатилади. Менингит юқумли касаллик бўлганлиги учун ҳам, ушбу касаллик аниқланган беморлар зудлик билан юқумли касалликлар шифохонасига ётқизилиши зарур. Касаллик аниқланган беморнинг оиласида, боғча ва мактабда дарҳол дезинфекция ишлари ўтказилиб, унга яқин бўлганлар врач назоратига олинади. Менингит ҳам инсультга ўхшаб тўсатдан бошланади. Беморнинг ҳарорати 40 градусгача кўтарилади, юзи ва танасига тошмалар тошиб кетади, боши қаттиқ оғрийди, қусади, ёруғликка қарай олмайди, ҳоли қочиб ётиб қолади. Неврологик текширувларда менингиал симптомлар аниқланади. Менингит айниқса болаларда оғир кечади ва улар дарров ҳушини йўқотиб кома ҳолатига тушиб қолишлари мумкин. Шунинг учун тана ҳарорати кўтарилган ҳар қандай бемор дарҳол мутахассисга кўрсатилиши лозим. Одатда менингит ташхисини невропатолог ёки юқумли касалликлар шифокори қўяди. Бироқ умумий амалиёт шифокори менингитни аниқлай олиши ва зудлик билан беморни юқумли касалликлар шифохонасига юборилишини ташкиллаштириши лозим. Бемор шифохонадан қайтгандан кейин эса уни назоратга олиши ва яна мутахассислар кўригини таъминлаши керак. Менингит касаллигининг тури кўп бўлиб, уларни тўғри аниқлаш учун албатта беморнинг орқа мия суюқлигини, яъни ликворни текшириб касаллик қўзғатувсисини аниқлаш лозим. Бу эса зарур антибиотикларни тўғри танлаб олишга ёрдам беради. Люмбал пункция, яъни мия суюқлигини текшириш, менингит касаллигида албатта қилиниши лозим бўлган муолажадир. Йирингли менингитларда бу муолажа бир неча бор қилиниши мумкин. Люмбал пункция орқали нафақат касаллик қўзғатувчисини аниқлаш мумкин, балки бемор учун ўта ҳавфли бўлган мия шишини камайтириш, беморнинг комага тушишининг олдини олиш, мия пардаларида кетаётган яллиғланиш жараёнларини пасайтириш ёки йирингли жараённинг мия тўқимасига ўтиб кетишини ва менингоэнцефалит ривожланишининг олдини олиш мумкин. Мия қоринчаларининг хориоидал чигалларида 24 соат ичида 400-450 мл мия суюқлиги ишлаб чиқарилади ва қайта сўрилиб туради. Бу жараён турли касалликларда кучайиб ёки пасайиб туриши мумкин. Менингитларда йирингли жараён оқибатида лойқаланган ликворни люмбал пункция орқали олиб туриш, тоза мия суюқлиги ишлаб чиқарилишини жадаллаштиради. Акс ҳолда мия пардалари орасида қолиб кетган йирингли жараён мия тўқимасига сўрилиб оғир асоратлар қолдириши мумкин, яъни тутқаноқ ҳуружлари, кўришнинг бузилиши, хотира бузилишлари, невроз, психоз ва ҳ.к. Таъкидлаб ўтилганидек, юқумли касалликлар шифохоналарида менингит билан касалланган беморларга люмбал пункциялар қилиниши табиий холдир. Бироқ бемор ҳаёти учун ўта зарур бўлган ушбу муолажанинг ўз вақтида ўтказилишига беморнинг яқинлари йўл қўйишмайди ёки “Пункция қилмайсиз!” деб туриб олишади. Айниқса болалар юқумли касалликлар шифохонасида ишловчи шифокорлар бундай ҳолатларга кўп дуч келишади. “Агар болада мия суюқлиги олинса, у ақлий ривожланишдан орқада қолади”, деган мутлақо нотўғри фикр ота-оналар орасида тарқалган. Менингит билан касалланган беморларни консультация қилишга борганимизда бундай саволларга биз ҳам кўп дуч келганмиз. Баъзан шифокорлар консультацияга келган врачга “Сиз ҳам ушбу текшириш зарурлигини айтинг, боланинг отаонасини кўндира олмаяпмиз” деб илтимос қилишади. Аксарият ҳолларда ушбу муолажанинг ўта зарурлигини тушунтириш анча вақтни талаб қилади. Бу ерда врачлар люмбал пункцияни амалга ошириш зарурлигини беморнинг қариндошлари билан маслаҳатлашиб эмас, фақат тиббий кўрсатмаларга асосланиб ҳал қилади. Баъзи ҳолларда беморнинг қариндошлари «Бизлар билан маслаҳатлашмай мия суюқлигини олибсиз, нега бундай қилдингиз?» деб врач устидан арз қилиб юришади. Бундай шикоятлар юридик кучга эга эмас.