Онг ва онгсиз жараёнлар. Фрейд назарияси. Психоанализ таълимоти. Неофрейдизм.
Психоанализ таълимоти. Неофрейдизм. Зигмунд Фрейд 1856-йили 6 майда Чехословакиянинг Пршибор (у пайтдаги Фрейбург) деган кичик бир шаҳрида дунёга келади. 1860-йили Фрейдлар оиласи Венага кўчиб ўтишади ва З. Фрейд умрининг охиригача Австрияда яшаб ижод қил
Онг ва онгсиз жараёнлар. Фрейд назарияси.
Психоанализ таълимоти. Неофрейдизм.
Зигмунд Фрейд 1856-йили 6 майда Чехословакиянинг Пршибор (у
пайтдаги Фрейбург) деган кичик бир шаҳрида дунёга келади. 1860-йили
Фрейдлар оиласи Венага кўчиб ўтишади ва З. Фрейд умрининг охиригача
Австрияда яшаб ижод қилади. Физика, биология, тарих ва фалсафага ўч
бўлган З. Фрейд доимо табиатда бўладиган ҳодисаларнинг ўзини
ўрганибгина қолмасдан, уларнинг сабабларини излаган. З. Фрейд умрининг
охиригача детерминист бўлиб қолди, яъни руҳий-асабий бузилишларнинг
сабабини, асл моҳиятини излади. З. Фрейд аввалига машҳур олим Эрнст
Брюккнинг қўл остида физиология сирларини ўрганди. У илмий иш билан
шуғулланиб, орқа мия физиологиясини ўргана бошлайди. Лекин Фрейд кўп
болали оилада таваллуд топганлиги учун моддий томондан жуда қийналиб
қолади ва илмий ишни ташлаб, амалий неврология соҳасида ишлаб, ҳар куни
8-10 соатлаб беморларни қабул қилади. Тиббий амалиётда олган
тажрибаларини илмий томондан ўрганиб, тез орада машҳур невропатолог
врач бўлиб ном чиқаради. Ўша пайтлари беморларни даволашдаги
физиотерапевтик усулларни З. Фрейд ҳам кўп қўллаган ва бироқ кейинчалик
бу усуллар уни қониқтирмаган. У гипноз билан қизиқиб, уни Иосиф Брейер
ва Ж. Шарколардан ўрганиб, беморларни даволашда кенг тадбиқ қилади.
Болалар церебрал фалажи, афазиялар билан қизиқиб, бир нечта мақолалар
ҳам чоп қилдиради.
1861-йили мотор нутқ марказини кашф қилган П. Брок нутқ
бузилишини «афемия» деб атаганди. З. Фрейд мотор афазия ҳақида сўз
юрита туриб, «Транскортикал мотор афазияда беморнинг гапира олмаслик
сабаби, Брок маркази функционал фаолиятининг пасайишидир», деган эди.
З. Фрейд фанда янги йўналиш, яъни психоанализни яратади. У руҳий-асабий
бузилишларнинг келиб чиқиши билан қизиқди, истерик симптомларнинг
сабаблари ва сирларини ўрганди, уларни руҳий таъсир қилиш йўли билан
даволай бошлади. Онгсизлик ҳақида таълимотни яратди. Сексуал ҳаётнинг
руҳий фаолият билан узвий боғлиқлигини ўрганди.
З. Фрейд фан оламида мард олимлардан бири эди. Агар унинг
дунёқарашига зид ва исботланган янги далиллар пайдо бўлса, уларни ўзига
хос мардлик билан қабул қиларди. Масалан, истерияларни фақат сексуал
бузилишлар нуқтаи назаридан тушунтириб берган З. Фрейд биринчи жаҳон
урушида жуда кўп аскарлар орасида истерик симптомларни кузатган,
урушдан қайтгандан сўнг эса уларда истерия белгилари йўқ бўлиб кетган. Бу
ҳолатни кузатган Фрейд пансексуализм ғоясидан чекинди. Шуни таъкидлаш
лозимки, машҳур физиолог И.П. Павловнинг экспериментал неврозлар
концепциясини яратиш ғоясига З. Фрейднинг шу соҳага тааллуқли мақоласи
ҳам туртки бўлган.
З. Фрейд истерик неврозларнинг келиб чиқишида И.П. Павловнинг
тормозланиш ва қўзғалиш жараёнлари ҳақидаги таълимотини юқори
баҳолаган. Собиқ шўро тузуми даврида бу иккала буюк олимнинг ишлари
бир-бирига қарама-қарши қўйилиб, машҳур психоаналитик З. Фрейд асоссиз
қоралаб келинди. Аммо унинг инсон психологиясини ўрганишда қилган
оламшумул ишлари бутун дунёда тан олинган эди.
З. Фрейд катта бир мактаб яратди ва бунинг натижасида фанда
фрейдизм йўналиши пайдо бўлди. Бу ҳақда китобнинг «онгсизлик» қисмида
батафсил маълумот берамиз. Унинг дастлабки сафдошлари ва шогирдлари
А. Адлер ва К.Г. Юнглар неврозларнинг келиб чиқишига оид ўз
назарияларини илгари суришди. А. Адлер фанда индивидуал психология
ғоясини кўтариб чиққан бўлса, К.Г. Юнг ўз эътиборини аналитик
психологияга қаратди.
З.Фрейд яратган психонализ тўғрисидаги назария инсон руҳини бир
муз тоғига қиёслайдики, гўё унинг устки, яъни олтидан бир қисми онг бўлса,
сув остида кўринмай ётган олтидан беш қисми онг остидаги жараёнлардир,
яъни онгсизликдир..
Психоанализ фани ўз олдига онгдан яшириниб ётган чуқур психологик
жараёнларнинг сир-асрорини очишни мақсад қилиб қўяди ва шу йўл билан
неврозни келтириб чиқарувчи омилларни ўрганади. З.Фрейд «яшириниб»
ётган психологик жараёнларни онгсиз жараёнлар деб атади. Рус
психологлари бу ҳолатни турли атамалар билан таърифлашади:
«бессознателное» (онгсизлик), «подсознателное» (онгостлилик),
«подсознание» (онг ости). Баъзи ўзбек психологлари «онгостлилик» деган
атамани маъқул кўришади. Шундай қилиб, ҳанузгача фанда катта шовшувларга сабаб бўлиб келаётган ва моҳияти тўлалигача ўрганилмаган ушбу
ноаниқ психологик жараёнларнинг атамаси ҳам ноаниқ бўлиб қолмоқда.
Уларнинг маъносини ўзгартирмаган ҳолда биз «онгсизлик» атамасини
маъқул топдик ва дарсликда ушбу атамадан фойдаланамиз.
Онгсизлик бу шундай ҳолатки, бунда одам ихтиёрсиз тарзда, ўзи
билмасдан ёки англамасдан турли хатти-ҳаракатларни амалга оширади. Бу
хатти-ҳаракатлар ўз-ўзидан кундалик ҳаётда, уйқуда, яъни туш кўраётганда
ёки гипнотик ҳолатларда кузатилиб туради. Онгсизлик, табиийки, онгга
боғлиқ бўлмаган ҳолат.
З. Фрейднинг таъбири билан айтганда, онгдан сиқиб чиқарилган
одамнинг табиий инстинктлари онг остида жой топади. Онгсизлик туғма
хусусият бўлиб, инсоннинг барча хатти-ҳаракатларини белгилаб беради.
Онгсизликни З. Фрейднинг психоанализ ҳақидаги таълимоти ўрганади.
Психоанализ таълимотининг яратилишига, асосан, болалар психологияси,
неврозлар клиникаси ва психотерапия усуллари туртки бўлган. Психоанализ
ўрганадиган асосий йўналишлардан бири шахснинг жинсий
ривожланишидир. З. Фрейд неврозларнинг келиб чиқишини ўзи яратган
психосексуал назарияга асосланиб тушунтириб берди.
З. Фрейд ўз кузатувларига асосланиб, одам шахси ва руҳиятининг янги
бир моделини яратди. Унга асосан, бир-бирига узвий боғлиқ бўлган 3 та
психологик тузилма мавжуд. Булар ид, эго ва супер-эго. «Ид» — бу
инстинктлар. У онгдан холис. «Эго» — бу Мен. Унинг онги бор. «Суперэго», яъни Супер-мен — бу одамни ўраб турган муҳит, жамият. У одамнинг
хулқ-атворини «тепадан» назорат қилиб туради. Бу тушунчаларнинг ҳар
бирига таъриф бериб чиқамиз.
Ид ёки инстинктлар. З. Фрейднинг фикрича, эволюциянинг
дастлабки босқичида одамда ўз-ўзини сақлаш, яъни овқат излаш инстинкти
одамнинг хулқ-атворини белгилаб берган, шу билан параллел ҳолда ёки
бироз сўнг бу функцияни кўпайиш инстинкти, яъни сексуал инстинкт бажара
бошлаган. Бу инстинктлар «ид» нинг ўзгинасидир. «Ид» онгда акс этмайди,
у онг остида жойлашган, тўғрироғи, онг остига тиқиштирилган. «Ид»
қониқиш принципларига асосланиб фаолият кўрсатади. Бу ерда жинсий
қониқиш алоҳида ўрин тутади. З. Фрейд жинсий майл тушунчасини бағоят
кенгайтириб юборади. Яъни З. Фрейд таълимоти бўйича жинсий майл
одамнинг хатти-ҳаракатини туғилганидан буён бошқариб келади. З.Фрейд
қондирилмаган ҳис-туйғу ёки майлнинг руҳий қуввати онг остида тўпланиб
боради ва ўз ифодасини топишга уринади, деб фикр юргизади. Майллар
ичида у либидони асосий ўринга қўйган.
«Ид» доимо «мен» ва «супер-мен» билан муросасиз жанг олиб боради,
чунки улар «ид» ни доимо назорат қилишга интилади. «Ид» кучли энергияга
эга бўлса-да, «мен» уни онг остидан сузиб чиқишига йўл қўймайди. Шунинг
учун ҳам «ид» тажовузкордир.
«Мен» назоратни тўла қўлга олгунга қадар инстинктлар гўёки
одамнинг ҳаёт тарзини, яъни хулқ-атворини белгилаб берган. «Мен»нинг
ривожланиши одамнинг ҳаёт тарзини ўзгартириб юборди ва унинг хулқатворини назорат остига олди. Шунга қарамасдан, психоаналитиклар «ид» га
одамнинг ҳаёт тарзини белгилаб берувчи асосий манба сифатида қарашади.
«Ид» ўзгармас, «мен» эса ривожланиб боради. Одам бошқа
жонзотлардан ақл-заковатнинг, яъни онгнинг борлиги билан фарқ қилади.
Демак, онг «мен» демакдир. Агар одам фақат «ид» га бўйсуниб яшаганида
эди, унинг ҳаёт тарзи ҳайвонларникига ўхшаб қоларди. Ваҳоланки, одам
фаолияти онгли жараёндир ва у ўз хатти-ҳаракатларида ҳам, асосан онгга
таянади.
Психоаналитиклар одамни, аниқроғи унинг руҳини, тирик ҳужайрага
ўхшатишади. Бунда ҳужайранинг ташқи пардаси «мен» бўлса, унинг ички
таркиби «ид» дир. Ҳужайранинг ичида моддалар алмашинуви натижасида
катта энергия тўпланади ва кучли энергияга эга бўлган «ид» ташқарига ёриб
чиққиси келади. Бунга эса ҳужайранинг ташқи пардаси, яъни «мен» йўл
қўймайди. Хўш унда «Супер-мен» нима? Маълумки, ҳужайралар тўплами
тўқимани, тўқималар аъзоларни, аъзолар эса организмни ташкил қилади.
Демак, «Супер-мен» – барча «мен»ларнинг йиғиндисидир. Ҳужайра
организмда ҳаёт кечиргани каби, организм ҳам ҳужайрасиз яшай олмайди.
Организм — бу «супер-мен». «Супер-мен» — бу жамият, маданият, ахлоқ ва
дин талаблари. «Супер-мен» «мен» билан биргаликда сексуал хусусиятларга
бой бўлган «ид» ни назорат қилади ва улар орасидаги зиддиятларни
кучайтиради.
З.Фрейднинг фикрига кўра, неврозларнинг келиб чиқишига «Супермен» ва «мен» сабабчи. Психоаналитиклар неврозларни психотерапевтик
йўл билан даволашда айнан мана шу назоратни камайтиришга ёки
тўхтатишга ва шу йўл билан «ид» нинг онгга сузиб чиқишига ёрдам
беришади. Бунинг натижасида «ид» нинг тажовузкорлиги пасайиб, невроз
белгилари чекинади.
З. Фрейд «мен» ва «ид» орасидаги муносабатларни чавандоз билан от
орасидаги муносабатларга қиёслаб ҳам тушунтириб берган (2-расм).
Фрейдгача А.Шопэнгауер худди шундай қиёслашни ирода ва тафаккур
орасидаги муносабатларни ўрганиш учун ишлатган эди. Чавандоз отни ўзи
бошқарса-да, фақат унинг қуввати ҳисобига ҳаракатланади. Керак пайтда
чавандоз ўзанни қаттиқ ушлаб отни тўхтатиши ва ўзи хоҳлаган томонга
йўналтира олиши зарур, акс ҳолда у йиқилиб қаттиқ жароҳат олади ёки ҳалок
бўлади. Баъзи вазиятларда қачон тўхташ ва қайси томонга юриш
кераклигини чавандоз эмас, балки отнинг ўзи танлайди. Масалан, чавандоз
ухлаб қолади, чарчайди ёки касалланади.
«Мен» (чавандоз) нинг аҳволи «ид» (от) нинг аҳволига қараганда бироз
мураккаброқ. Чунки, «мен» бир томондан атроф-муҳитнинг, яъни ташқи
оламнинг қонун-қоидаларига амал қилиши керак, иккинчи томондан кучли
от («ид») ни бошқариши керак. «Мен» ҳам ташқи оламнинг, яъни «супермен»нинг талабларини, ҳам «ид»нинг эҳтиёжларини қондириши учун доим
хавотирда яшайди. Бу талабларни бажариш учун «мен» доим сергак бўлиб
туриши керак, бу талаблар бажарилмаса, айбдорлик ҳисси айнан унинг
бўйнига тушади. Демак, «мен» доимо ўзини ҳимоя қилиш йўлларини
излайди. З. Фрейд неврозларнинг келиб чиқишини ушбу зиддиятли
муносабатлардан излаган.
Кейинчалик З. Фрейд яраланган ҳарбий хизматчиларда ҳам невроз ва
истерия ҳолатларини кузатади. Бу касалликларни жинсий майл билан
изоҳлаб бўлмасди, албатта. Энди З.Фрейд онг остига қамалган ва
қондирилмаган эҳтиёжларни бошқача йўл билан қондириш йўлларини
излади, яъни у сексуал фаолиятни бошқа фаолият билан алмаштириш
(сублимация) мумкинлигини илгари сурди. Бу фаолият нима? Улар ахлоқ
қонунларига зид келмайдиган фаолиятлар (фан, маданият, спорт, ижод ва
ҳ.к). Бу назарияни З. Фрейдгача ҳам ўрганишган. Бироқ З. Фрейд инсоният
яратган маданий бойликларни ана шу хил эврилиш (сублимация) маҳсули
деб билди.
Умуман олганда, психоаналитик йўл билан даволаш нимага
асосланган? Оддийроқ қилиб тушунтирганда, психоаналитик билан ёлғиз
қолган мижоз ўзини эркин қўйиб кўзларини ярим юмган ҳолда ётади ёки
бемалол ўтиради ва хаёлига келган барча фикрларини оқизмай-томизмай
сўзлаб беради. Бу ерда бирорта ҳам сир қолмаслиги ва бемор уялмаслиги
керак. Маъноли сўзларми, маъносизми, бемор уларни психоаналитикка очиб
ташлаши керак, зарур бўлса, бу мақсадга эришиш учун гипноз ҳам
қўлланилади. Ана шундагина, З. Фрейд таъбири билан айтганда, руҳий
покланиш, яъни «катарсис» рўй беради ва тузалиш жараёни жадал кечади. З.
Фрейднинг фикрича, энг муҳими мазкур ассоциациялар онг томонидан
бошқарилмаслиги керак ва бемор фикрини эркин ифодалаши зарур.
Психоаналитикларнинг таъкидлашича, ана шундагина онг остига қамалган
истак-хоҳишлар ва онг томонидан тақиқланган зиддиятли муаммолар ўз
ечимини топади ва натижада невроз чекинади.
Неофрейдизм.
З. Фрейд таълимотининг тарафдорлари ҳам, танқидчилари ҳам кўп
бўлган. Унинг энг яқин сафдошлари ва шогирдлари бўлмиш Алфред Адлер
ва Карл Густав Юнг унинг таълимотини аввалига қўллаб-қувватлашди,
кейинчалик ундан қисман воз кечишди. Улар ўзларининг таълимотини
яратишди: А. Адлер индивидуал психология, К.Г. Юнг аналитик психология
тўғрисида. Улар З. Фрейдни танқид қилишса-да, аслида улар танлаган
йўналиш психоанализнинг давоми эди.
А. Адлер фанга «етишмовчилик ҳисси» деган тушунчани киритди.
Унинг фикрича, бу туйғу табиий ва туғма бўлиб, ҳар биримиз учун хосдир ва
шахснинг ривожланишида катта аҳамиятга эга. Адлернинг фикрича, ҳар бир
инсон умри мобайнида ўзидаги ушбу етишмовчиликдан қутулиш учун
бошқалар устидан ҳукмронлик қилишга, уларнинг фаоллигини бостиришга
интилиб яшайди. Бунинг учун у ўзидаги барча имкониятларни ишга солади
ва жамиятда ўз ўрнини топишга интилади. Адлер бу жараённи компенсация
ёки суперкомпенсация деб атади. Суперкомпенсация — бу етишмовчилик
ҳиссига бўлган туғма реакцияларнинг ижтимоий бир кўринишидир.
Адлернинг фикрича, ана шу туғма инстинктлар одамни атрофдагиларга
тажовузкор қилиб қўяди. Демак, одамда невроз ривожланишининг олдини
олиш учун ундаги етишмовчилик ҳиссини бартараф этиш зарур. Ваҳоланки,
А.Адлер ҳам ўз таълимотида инсон руҳиятининг ривожланишида
инстинктив реакцияларга урғу берган.
К.Г. Юнгнинг таълимоти бироз бошқача эди. У «жамоа онгсизлиги»
деган тушунчани таклиф қилди. Юнг индивидуал онгсизлик ва жамоа
онгсизлиги орасида аниқ бир чегара чизиғини ўтказди. Унинг фикрича,
жамоа онгсизлиги индивидуал онгсизликдан фарқли ўлароқ, авлоддан
авлодга узатилади ва «мен» жамоа онгсизлиги таъсири остида ривожланади.
Юнгнинг фикрича, индивидуал онгсизлик одамнинг шахсий тажрибасида
акс этади. Бу тажрибалар албатта қачонлардир онгда акс этган, лекин онгдан
сиқиб чиқарилиши натижасида унут бўлиб кетган. Жамоа онгсизлиги — бу
умуминсоний тажрибалар бўлиб, ҳар бир миллат ва элатлар учун хосдир, у
ўтмишимизнинг яширинган хотира изларидир. У мифологияда, халқ
достонларида, диний қарашларда акс этган бўлиб, ҳозирги замон
кишиларининг онгида тушлар кўриш орқали намоён бўлиб туради. Юнг
Фрейднинг сексуал назариясини тан олмади ва неврозлар ривожланишининг
бошқа бир қанча сабабларини кўрсатиб, уларни исбот қилиб берди. Уларнинг
ичида ижтимоий келишмовчиликлар, киши ҳаётидаги фожиали даврларни
ҳам асосий омил сифатида кўрсатди.
З. Фрейд назариясини талқин ва танқид қилувчилар сафи яна кенгая
борди. Ўтган асрнинг 30-йиллари охирида неофрейдизм шакллана бошлади.
Бу йўналишнинг энг кўзга кўринган тарафдорлари Э. Фромм ва К.Хорни эди.
Улар психоанализни ўрганишда социологик йўналишдаги таълимотлардан
ҳам фойдаланишди. Улар инстинктив жараёнларни инкор қилмаган ҳолда
инсоннинг яшаш фаолиятида одамлар орасидаги муносабатларни устун
қўйишди. Неофрейдизм тарафдорлари неврознинг келиб чиқиш сабабини
қуйидагича талқин қилишади: одам боласи туғилгандан хавотирда яшайди,
чунки унинг қаршисида адоватли дунё пайдо бўлади ва бу хавотир эътибор
ва меҳрибонликнинг йўқлигидан кучайиб боради. Кейинчалик эса индивид
ижтимоий омилларнинг қақшатқич зарбасига дуч келади ва жамиятда
ёлғизланиб қолади, у ўзининг жамиятга нисбатан бегоналигини англайди.
Демак, уларнинг фикрича, жамият шахснинг синхрон ривожланишига
тўсқинлик қилади. Шунинг учун ҳам, неврознинг асосий сабабчиси
жамиятдир ва айнан индивидни соғломлаштириш орқали жамиятни
соғломлаштириш мумкин.
Э. Фромм шахснинг ривожланишида туғма омилларнинг аҳамиятини,
яъни боланинг сексуал ривожланиши, Эдип комлекси ва жинсий
муносабатларнинг аҳамиятини бўрттириб кўрсатмасликни айтади. У ҳар бир
одамдаги руҳий кечинмаларни ижтимоий муҳитга шўнғиб кетганлигида деб
билади. Демак, сексуал инстинктлар шахсни шакллантирмас экан, балки
шахснинг ўзи уларни белгилаб беради.
К. Хорни таълимотида ҳам ижтимоий омилларнинг аҳамияти юқори
эканлигини кўриш мумкин. У инсоннинг хулқ-атворида уни ўраб турган
жамиятга нисбатан қуйидаги учта йўналишни ажратди: одамларга
интилиш, яъни меҳрибонлик излаш, одамлардан йироқлашиш, яъни
ёлғизликка интилиш, одамларга қарши туриш, яъни ҳукмронликка
интилиш. Ушбу хусусиятларнинг қайси бири устун келишига қараб 3 хил
невротик шахс шаклланади: 1) итоаткор, қандай бўлмасин бошқаларнинг
муҳаббатини ва эътиборини қозонишни истовчи; 2) жамиятга қарши
чиқувчи, ундан йироқлашишга интилувчи; 3) давлатпараст ва одамлар
устидан ҳукмронликка интилувчи. К. Хорни фикрича, бу реакцияларнинг
барчаси инсонни қониқтирмас экан, хавотир ҳеч қачон йўқолмайди, аксинча
кучая бориб, янги ва янги келишмовчиликларни юзага келтираверади.
Шундай қилиб, К. Хорнининг невроз ҳақидаги таълимотини қуйидагича
шарҳлаш мумкин: невроз куртаклари бола туғилгандан сўнгги хавотирдан
бошланади ва унга душман бўлган адоватли дунё билан курашиш
натижасида давом этади. Бунинг натижасида юқорида қайд қилинган учта
ҳимоя стратегияси ишлаб чиқилади.
Одамнинг ички дунёсини тушуниш барча психологик мактабларнинг
қизиқишини уйғотиб келган. Шу ўринда Фрейд назариясидан бироз
олдинроқ пайдо бўлган ва асосан одамнинг ҳис-туйғуларини таҳлил қилишга
қаратилган Жеймс-Ланге назарияси тўғрисида тўхталиб ўтиш лозим. Чунки
ушбу назария ХХ асрнинг 30-чи йилларидан кейин ҳам психологларда
қизиқиш уйғотиб келган. Жеймс-Ланге назарияси психологик катарсисни
юзага келтиришни қуйидагича талқин қилишга чақиради. Масалан, яқин
кишисидан жудо бўлган одам қаттиқ хафа бўлиб йиғлайди, бирор нарсадан
қўрққан одам титрайди, асаби қаттиқ таранглашганидан қўлини мушт қилиб
тиззасига уради ва ҳоказо. У. Жеймс ва Н. Ланге худди шу ҳолатни бошқача
талқин қилишга чақиради: сиз хафа бўлганингиз учун йиғлаётганингиз йўқ,
йиғлаётганингиз учун хафа бўлаяпсиз; сиз қўрққанингиз учун
титраётганингиз йўқ, титраётганингиз учун қўрқаяпсиз; сиз қаттиқ
асабийлашганингиздан қўлингизни мушт қилиб ураётганингиз йўқ,
қўлингизни мушт қилиб ураётганингиз учун асабийлашаяпсиз!
Психоаналитик йўналишдаги таълимотлар ривожлангандан кейин
Жеймс-Ланге ва шунга ўхшаш бошқа таълимотларга эътибор пасайиб қолди.
Айтиш жоизки, бу таълимотларнинг бирортасини ҳам мукаммал деб
бўлмайди. Бу эса бемор билан психотерапевтик муолажаларни
муваффақиятли ўтказишни чегаралаб қўяди.