Психофармакотерапия
Психофармакотерапия Психоген бузилишларни фармакологик дориларни ишлатиб даволашга психофармакотерапия дейилади. Психотерапия ва гипнотерапиянинг таъсирини кучайтириш учун турли психотроп дорилардан кенг фойдаланилади. Баъзан битта симптомни йўқотиш ёки ун
Психофармакотерапия Психоген бузилишларни фармакологик дориларни ишлатиб даволашга психофармакотерапия дейилади. Психотерапия ва гипнотерапиянинг таъсирини кучайтириш учун турли психотроп дорилардан кенг фойдаланилади. Баъзан битта симптомни йўқотиш ёки унинг белгиларини камайтириш учун бир қанча даволаш усулларини қўллашга тўғри келади. Масалан, оғриқни қолдириш учун ишлатиладиган воситалар 37- расмда келтирилган. Психотроп дориларга нималар киради? Турли касалликларда психоген бузилишларни даволашда ишлатиладиган ва руҳий жараёнларга таъсир қилувчи дори воситаларига психотроп дорилар дейилади. Дастлабки психотроп дорилар ХХ асрнинг 50-йилларида ишлаб чиқарила бошланган. Бу давргача бу тоифадаги дорилар жуда кам бўлиб, уларнинг таъсир кучи паст бўлган. У даврда кофеин, коразол, бром ва валериан воситалари кенг қўлланилган. 1957-йили дастлабки антидепрессант (имипрамин) кашф қилинди ва психоген бузилишларни даволашда кенг қўллана бошланди. Кейинчалик, яъни 70-йилларнинг бошида пирацетам кашф қилинди. Бу дастлабки ноотроп дори психотроп дорилар таркибига киритилди ва унинг руҳий функцияларга ижобий таъсири аниқланди. Шундай қилиб, фармакологиянинг катта бир бўлими яратилди ва унга психофармакология деб ном берилди. 1966-йили Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти психотроп дориларнинг қуйидаги таснифини таклиф қилди: а) антидепрессантлар; б) нейролептиклар; в) транквилизаторлар; г) седатив дорилар; д) ноотроп дорилар; е) психостимуляторлар. Антидепрессантлар Антидепрессантлар тасодифан кашф қилинган. 1957-йили сил касаллигига қарши ишлаб чиқарилган дорилардан бирини қабул қилган беморларда эйфория ҳолати кузатилган. Бу дорини руҳий беморларга бериб синаб кўрилганда, унинг депрессияни камайтириш хусусияти аниқланган. Бу дорининг кимёвий номи 2-Изопропил-1- изонико-тиноилгидразин. Уни қисқартириб, «ипрониазид» деб аталади. Кейинчалик, бошқа бир дорининг антидепрессив хусусияти аниқланади. Бу дори «имипрамин» деб номланади. Бу кашфиётлардан сўнг олимлар янги антидепрессантлар устида иш олиб боришади ва уларнинг янги турларини яратишади. Антидепрессантлар бош миядаги руҳий жараёнларга мураккаб таъсир кўрсатади. Улар бош миядаги норадренергик ва серотонинергик системаларга таъсир қилиб нейронлардаги қўзғалиш ва тормозланиш жараёнларини мувофиқлаштиради. Уларнинг аксарияти МАО ингибитори ва трициклик антидепрессантлардир. Антидепрессантлар марказий асаб тизимининг барча тузилмалари орасидаги функционал боғланишларни тиклайди. Барча антидепрессантлар учун хос бўлган хусусият уларнинг тимолептик таъсиридир, яъни улар бемор кайфиятини ошириб, аффектив бузилишларни камайтиради. Баъзи антидепрессантлар (золофт, ксанакс ва ҳ.к) анксиолитик таъсирга ҳам эга. Дастлаб антидепрессантлар фақат психиатрия амалиётида кенг тавсия қилинган бўлса, ҳозирги даврда антидепрессантлардан психосоматик синдромларни даволашда ҳам кенг фойдаланилади ва бу дориларни махсус рецептлар орқали терапевтлар ҳам тавсия қилишади. Айниқса, кардионеврозлар, кардиофобик синдромлар, психоген абдоминалгиялар ва бошқа соматоген депрессияларни даволашда антидепрессантлар кенг тавсия қилинмоқда. Антидепрессантларни тавсия қилишнинг ўзига хос қоидалари мавжуд. Сурункали психоген бузилишларни даволашда барча антидепрессантлар дастлаб паст дозаларда буюрилади ва ҳар икки-уч кунда уларнинг дозаси ошириб борилади. Антидепрессантларнинг терапевтик таъсири 5-7 кунлардан сўнг сезилиб бошлайди. Уларнинг кеч таъсир қила бошлашини нейромедиаторларнинг синапсларда аста-секин тўпланиши ва рецепторлар сезувчанлик даражасининг ўзгариши билан боғлиқдир. Баъзи антидепрессантлар (амитриптилин) каттароқ дозаларда кардио-токсик таъсир кўрсатади. Амитриптилин глаукома, оғир юракқон томир касалликлари, простата аденомаси ва сийдик пуфаги атониясида тавсия қилинмайди. Ҳомиладорлик ва бола эмизиш даврларида баъзи антидепрессантлар буюрилмайди ёки заруратга қараб, кам миқдорда тавсия қилинади. Антидепрессантлар билан даволаш қонун-қоидалари: 1. Депрессия тури, даражаси, клиник манзараси ва беморнинг соматик аҳволидан келиб чиққан ҳолда, аниқ бир антидепрессант танлаб олинади. Унинг кундалик миқдори белгиланади ва даволаш схемаси тузилади. 2. Антидепрессантлар билан даволаганда, депрессия белгилари секин-аста йўқолиб бориши (одатда, 1-2 ҳафтадан сўнг) беморга тушунтирилади. Уни врачдан бемаслаҳат тўхтатиб қўйиш мумкин эмаслиги уқтирилади. Антидепрессантларни бир неча ой ичиш зарурлиги ва депрессия белгилари бутунлай йўқолгандан сўнг врачнинг ўзи даволашни тўхтатиш вақтини белгилаши айтилади. 3. Антидепрессантларни касаллик белгилари йўқолгандан сўнг ҳам яна 4-6 ой мобайнида, баъзан ундан ҳам кўп ичиш зарурлиги тушунтирилади. Бу қоида депрессиянинг яна қайталамаслиги учун қабул қилинган. 4. Фармакологик дорилар билан даволаш жараёнида режали тарзда психотерапия муолажаларининг ўтказилиши беморнинг депрессиядан чиқиш даврини тезлаштиради. Психотерапевтик муолажалар пайтида, бемор билан мулоқотлар олиб борилади, антидепрессантларни қабул қилиш билан боғлиқ бўлган муаммолар ечилади (чунки, аксарият беморлар 1 ойдан сўнг дори ичишни тўхтатиб қўйишади), беморда яхши натижаларга ишонч ҳосил қилинади. 5. Бугунги кунда депрессияни даволашда ишлатиладиган антидепрессантлар сони кўпдир. Бунда антидепрессантларни (тимоаналептикларни) тўғри танлай олиш ўта муҳимдир. Уларни эрта тўхтатиб қўйиш ёки асоссиз тарзда кам миқдорда бериш кутилган ижобий натижани бермайди. Бемор депрессия белгилари тугагунча доимо врач назоратида бўлиши зарур. Дориларни тўсатдан тўхтатиш депрессиянинг яна қўзғашига сабабчи бўлади. 6. Депрессияни даволашда антидепрессантлар билан биргаликда, физиотерапия, иглотерапия, фитотерапия, даволаш гимнастикаларини қўллаш беморнинг тузалишини тезлаштиради. Ўзбекистонда депрессияни даволашда кўп қўланиладиган антидепрессантлар ҳақида қисқача маълумот бериб ўтамиз. Золофт (сертралин) депрессияни ва обсессив-компулсив бузилишларни даволашда кенг қўлланилади. Золофт организмга холинолитик, кардиотокcик ва седатив таъсир кўрсатмайди ва уни барча ёшдаги беморларга тавсия қилиш мумкин, шу жумладан, ўсмирларга ҳам. Дори яққол ифодаланган тимоаналептик ва енгил ифодаланган стимулловчи таъсирга эга. Дорининг таъсири бир ҳафталардан сўнг кўзга ташланиб боради, бироқ, аниқ ифодаланган таъсири 3-4 ҳафталарда, баъзан 6-8 ҳафталарда билинади. Золофт депрессиянинг барча турларини даволашда ишлатилади. Золофт кам миқдорда (кундалик дозаси 50-100 мг) профилактик мақсадда рекуррент депрессияларда қўлланилади. Обсесcив-компулсив бузилишларда кунига 150-200 мг дан 2-4 ой мобайнида буюрилади. Золофт 50 мг таблетка кўринишида ишлаб чиқарилади. Золофт алкогол, карбамазепин, галоперидолнинг таъсирини кучайтирмайди. Юрак қон-томир касалликлари золофтни тавсия қилишга монъелик қилмайди, шунинг учун ҳам уни инфарктдан сўнг кузатиладиган хавотирли-депрессив бузилишларни даволашда қўллаш мумкин. Дорини узоқ вақт қабул қилиш унга боғланиб қолишни чақирмайди, седатив таъсирининг йўқлиги эса беморнинг жисмоний ва руҳий фаоллигига салбий таъсир кўрсатмайди. Феварин (флувоксамин) 50 мг, 100 мг ли таблеткаларда ишлаб чиқарилади. Депрессия профилактикаси ва даволаш учун ишлатилади, айниқса обсессив-компулсив бузилишларни даволашда феварин кўп қўлланилади. Феварин дастлаб 50 мг ёки 100 мг миқдорда кечқурунлари кунига 1 маҳалдан ичиш тавсия қилинади. Беморнинг дорига бўлган реакциясига қараб дозаси секин-аста оширилади. Аксарият ҳолларда 100 мг дан кунига 1 маҳал қабул қилиш депрессия белгиларини йўқотиш учун етарлидир. Заруратга қараб дорининг кундалик миқдорини 300 мг гача етказиш мумкин. Февариннинг тавсия қилинадиган кундалик дозаси 150 мг дан ошса уни 2 ёки 3 маҳалга бўлиб бериш тавсия қилинади. Масалан, эрталаб 50 мг ва кечқурун 100 мг бериш, ёки 50 мг дан 3 маҳал буюрилади. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг кўрсатмасига кўра антидепрессантлар билан даволашни депрессия симптомлари тўла йўқолгандан сўнг яна камида 4-6 ой давом эттирилади. Депрессия қайталанишининг олдини олиш учун феварин кунига 100 мг дан кечқурун тавсия этилади. Обсессив-компулсив бузилишларни даволаш учун дорининг дастлабки дозаси кунига 50 мг дан 3-4 кун берилади. Ҳар 3-5 кундан дорининг дозаси ошириб борилади ва 100-300 мг гача етказилиши мумкин. Катталар учун дорининг кундалик юқори дозаси 300 мг дан ошмаслиги керак. Феваринни 8 ёшдан сўнг тавсия этиш мумкин ва унинг дастлабки кундалик дозаси 25 мг бўлиб, аста-секин ошириб борилади. Заруратга қараб, дорининг кундалик терапевтик дозаси ўсмирлар учун 50-150 мг га етказилади. Дорининг кундалик дозаси 100 мг дан ошса, у 2-3 маҳалга бўлиб берилади. Феварин таблеткаси чайнамасдан сув билан ичиш лозим. Дорининг терапевтик дозаси врач томонидан индивидуал тарзда аниқланади ва уни асоссиз юқори миқдорда бериш мумкин эмас. Шунинг учун бемор доимо врач назоратида туриши зарур. Февариннинг таъсири 7 кунлардан сўнг кўзга ташлана бошлайди, агар 10 ҳафта мобайнида кўзланган ижобий мақсадга эришилмаса, феварин қабул қилишни тўхтатиш зарур. Албатта, психофармакотерапия психотерапия билан биргаликда олиб борилса, натижага эрта эришиш мумкин. Ножўя таъсирлари: кўнгил айниш, баъзан қайд қилиш (одатда, даволашнинг дастлабки ҳафтасида кузатилади), қабзият, анорексия, диспепсия, диарея, эпигастрал соҳада нохуш сезгилар, оғиз қуриши, жигар ферментлари фаоллашуви. Кам ҳолларда уйқучанлик, бош айланиши, бош оғриғи, ухлай олмаслик, хавотирга тушиш, психомотор қўзғалишлар, ваҳима келиши, тремор, тахикардия, терлаш. Бироқ, бу белгиларнинг аксарияти депрессия учун хос бўлганлиги сабабли уларнинг мавжудлиги феваринни тавсия қилишга монъелик қилмайди. Феваринни тўсатдан тўхтатганда, бош оғриғи, бош айланиши, кўнгил айниш, ваҳимага тушиш пайдо бўлади. Феварин қарияларга тавсия қилинганда, оз миқдордан бошланиб, дозаси секин-аста ошириб борилади. Монъелик қилувчи ҳолатлар ва алоҳида кўрсатмалар: • МАО ингибиторларини қабул қилаётганда, тавсия этилмайди. Уларни тўхтатгандан 2 ҳафта ўтгач феваринни бошлаш мумкин. • 8 ёшгача бўлган болалар; • эпилепсия ва тутқаноқ хуружлари (заруратга қараб тавсия этилади, агар тутқаноқ хуружлари кузатилса, дорини қабул қилиш тўхтатилади); • жигар ва буйрак етишмовчилиги (заруратга қараб тавсия этилади, агар жигар ферментлари фаоллиги ошса, дорини қабул қилиш тўхтатилади); • ҳомилага зарарли таъсири аниқланмаган бўлса-да, феварин ҳомиладор аёлларга эҳтиёткорлик билан тавсия қилинади. Флувоксамин кўкрак сути орқали оз миқдорда ажралиб чиқиши мумкин, шунинг учун ҳам лактация даврида буюрилмайди; • феварин қабул қилаётганда спиртли ичимликлар ичиш ман этилади; • яллиғланишга қарши ностероид дорилар ва аспирин қабул қилиб юрган ҳамда анамнезида қон кетишга мойиллиги бор беморларга ҳам феварин эҳтиёткорлик билан тавсия этилади. Феварин кунига 150 мг гача бўлган миқдорда қабул қилиш беморнинг автомобил ҳайдаши ва заводларда турли машиналар билан ишлашида хавфли вазият келтириб чиқармайди. Рексетин (пароксетин) 20 мг.ли таблеткаларда ишлаб чиқарилади. Рексетин депрессиянинг барча турларида тавсия қилинади, шу жумладан, хавотир-депрессив ва обсессив-компулсив бузилишлар, фобик синдромлар, турли жароҳатлардан сўнгги стресс ҳолатлари ва ҳ.к. Рексетиннинг дастлабки кундалик дозаси 20 мг. Дорининг таъсири секин-аста намоён бўлиб бошлайди. Дорининг дозаси ҳар ҳафтада 10 мг га ошириб борилади, тавсия қилиш мумкин бўлган энг юқори доза кунига 60 мг. Депрессия белгилари йўқолгандан сўнг ҳам рексетинни кунига 20 мг дан 4-6 ой мобайнида қабул қилиш тавсия этилади. Дори қабул қилишни тўсатдан тўхтатиб қўйиш мумкин эмас, бунинг учун унинг дозасини аста-секин камайтира бориш лозим. Рексетин кунига 1 маҳал, одатда, эрталаб овқат пайтида қабул қилинади ва чайнамай ютилади. Ожиз беморлар ва қариялар учун дорининг дастлабки дозаси кунига 10 мг бўлиши керак. Беморнинг аҳволига қараб, дорининг дозаси ҳар ҳафтада 10 мг га ошириб борилади. Масалан, дорининг кундалик дозасини 40 мг га етказиш учун 4 ҳафта зарур бўлади. Рексетиннинг кундалик дозаси асоссиз оширилмаслиги керак ва кутилган натижага эришилса, кам миқдорда бериб борилади. Ножўя таъсирлари: кўнгил айниш, баъзан қайд қилиш (одатда, даволашнинг дастлабки ҳафтасида кузатилади), қабзият, анорексия, диспепсия, диарея, эпигастрал соҳада нохуш сезгилар, оғиз қуриши, жигар ферментлари фаоллашуви. Кам ҳолларда, уйқучанлик, бош айланиши, бош оғриғи, ухлай олмаслик, хавотир бўлиш, психомотор қўзғалишлар, тутқаноқ хуружлари, тремор, тахикардия, артериал қон босимнинг ўзгариб туриши, синкопе, сомнамбулия, либидонинг ўзгариши, кам ҳолларда, сийишга қийналиш, терлаш, кўриш қобилиятининг бузилиши, ўткир глаукома хуружлари, бронхоспазм, ангионевротик шиш, қичима. Монъелик қилувчи ҳолатлар ва алоҳида кўрсатмалар: • МАО ингибиторларини қабул қилаётганда тавсия этилмайди. Уларни тўхтатгандан 2 ҳафта ўтгач, рексетинни қабул қилиш тавсия этилади; • ҳомиладорлик ва лактация даври; • 18 ёшгача бўлган давр; • эпилепсия, глаукома, жигар ва буйрак функциялари етишмовчилигида эҳтиёткорлик билан тавсия қилинади; • юрак қон-томир фаолиятининг бузилишлари; • перорал антикоагулянтлар ва нейролептиклар билан биргаликда қабул қилинмайди; • даволанишнинг дастлабки ҳафтасида суицидал фикрларни кучайтириб юбориши мумкин; • спиртли ичимликлар ичиш тавсия этилмайди; • даволанишнинг дастлабки даврида автомобил ҳайдаш тавсия этилмайди. Флуоксетин (синонимлари: прозак, портал, флувал, продел) 20 мг ли таблеткаларда ишлаб чиқарилади. Депрессиянинг барча турларида тавсия қилинади, шу жумладан, обсессив-компулсив бузилишлар, булимиялар, фобияларда самарали антидепрессантдир. Седатив таъсирга эга эмас. Ўртача терапевтик дозаси юрак қон-томир системаси фаолиятига ножўя таъсир кўрсатмайди. Дастлабки дозаси кунига 20 мг дан бўлиб, куннинг биринчи ярмида бир маҳал ичиш тавсия қилинади. Дорининг сўнгги дозаси 3-4 ҳафтадан сўнг ошириб борилади ва кунига 2-3 маҳал қабул қилиш буюрилади. Флуоксетиннинг энг юқори кундалик дозаси 80 мг гача. Ножўя таъсирлари: енгил хавотир бўлиш ва уйқучанлик, тремор, бош оғриғи, уйқу бузилиши, кўнгил айниши, диарея, терлаш, гипогликемия, либидонинг пасайиши, тошмалар тошиши, қичима, артралгиялар