Акушерлик ва гинекологик стационарини тузилиши ва ишини ташкил этиш. Бехатар оналик принциплари. Шифохона ичи инфекцияси тўғрисида замонавий тушунчалар. Аёллар жинсий аъзолари клиник анатомия
Она ва бола мижоз сифатида қабул қилинади Туғруқни турли босқичлари бошқа-бошқа хоналарда ўтказилади Бола парвариши алоҳида хонада ўтказилади Қариндош уруғларини кириши ман этилади Оталарга фақат туғруқни қайси босқичда кетаётганлиги тўғрисида маълумот
ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ
СОҒЛИҚНИ САҚЛАШ ВАЗИРЛИГИ
ТОШКЕНТ ТИББИЕТ АКАДЕМИЯСИ
АКУШЕРЛИК ФАНИ ТАРИХИ
Акушерлик ва гинекологик стационарини тузилиши ва ишини ташкил этиш. Бехатар оналик принциплари. Шифохона ичи инфекцияси тўғрисида замонавий тушунчалар. Аёллар жинсий аъзолари клиник анатомияси. Туғруқ йўллари. Ҳомилани туғруқ объекти сифатида ўрганиш. Антенатал парвариш.
ТОШКЕНТ –2020
Антенатал парвариш асослари
Антенатал парвариш асосларининг иккита модели тафовут қилинади:
Анъанавий:
Она ва бола мижоз сифатида қабул қилинади
Туғруқни турли босқичлари бошқа-бошқа хоналарда ўтказилади
Бола парвариши алоҳида хонада ўтказилади
Қариндош уруғларини кириши ман этилади
Оталарга фақат туғруқни қайси босқичда кетаётганлиги тўғрисида маълумот берилади
Оилага мўлжалланган:
Она, чақалоқ ва тиббиёт ходимлари– бир команда аъзоларидир
Туғруқ бошдан охиригача битта хонада ўтказилади
Она ва бола парвариши битта хонада ўтказилади
Она ва бола парваришига қариндош уруғлари жалб қилинади
Отаси туғруқда иштирок этади
Перинаталь парваришда лозим бўлган технологиялар:
Барча муҳим қарорларни қабул қилишда аёлнинг ўрни
Гравидограмма ҳомиладорликда, партограмма – туғруқда қўлланилади
Шеригига туғуқ хонасида бўлишга рўхсат берилади
Туғруқда ҳолатни эркин тутиши
Кераксиз муоалажаларни қўлламаслик
Эрта ва чегарасиз «терига-тери» контакти
Чақалоқ гипотермияси профилактикаси
Чақалоқни самарали реанимацияси
Кўкрак билан боқиш ва она ва болани бирга бўлиши талабга кўра
Тиббиёт ходимларини қўлларини тўғри ювиши инфекция профилактикасининг энг яхши усулидир
Дори воситаларини рационал қўллаш
Перинаталь парваришнинг самарали принциплари
Ҳомиладорликга касаллик сифатида, туғруқни муаммо деб ҳисобламаслик керак, чақалоқни эса –касал деб қарамаслик керак
85%дан ошиқ ҳомиладорликларга тиббиёт ходимлари томонидан ҳеч қанақа аралашувлар керак эмас, шунингдек , оддий кузатув , эмоциональ ва психологик қўллаб қувватлаш норма деб қаралсин
Она ва ота чақалоқни парваришида иштирок этади
Перинаталь парваришда лозим бўлган технологиялар:
Нафақат янги самарали технологияларни, балки, кераксиз зарарли катетер ва қорин пастига муз қўйиш, сийқаси чиққан антенаталь текширувлар, хўқна қилиш, оралиқни тозалаш, кераксиз эпизиотомия, антибиотикларни норациональ қўллаш каби муолажалардан воз кечиш лозим.
ЖССТ томонидан ишлаб чиқарилган туғруққача парваришнинг янги модели асослари
*Яхши перинаталь якун учун оилавий поликлиникага тўрт маротаба бориш етарли. Оилавий поликлиникага кўпсонли қатновлар парвариш сифатини оширмайди.
*Кўпгина аёллар ўзлари керагидан кўп оилавий поликлиникага қатновни ҳоҳлашмайдилар.
*Оилавий поликлиникага кўпсонли қатновлар самарали ишлатилиши мумкин бўлган чегараланган захираларни сарфланишига олиб келади.
*Аёлда ҳомиладорликни мутахассис эмас кўпинча акушерка ёки терапевт олиб боради бу эса перинаталь якунга таъсир қилмайди
Хомиладорлик муддатини аниқлаш усуллари.
Хомиладор аёлларни текширишнинг ўзига хос хусусияти бор. Суҳбатлашиш (анамнез тўплаш) йўли билан олинадиган маълумотлар ҳомиладорликда, туғишда ёки ҳомила тараққиётида рўй бериши мумкин бўлган касалликларни олдиндан тахмин килишга асос бўлади. Бу эса профилактика ва даволаш чораларини ўз вақтида кўришга ва ҳомиладорни мунтазам кузатиб боришга имкон беради.
Ҳомиладорликни аниқлаш вақтида унинг муддатини, туғишнинг тахминий вақтини ҳам белгилашга тўғри келади. Бундан ташқари, ҳар томонлама клиник текшириш, физик–кимёвий лаборатория ва бошқа текширувлар ўтказиш йўли билан организмнинг умумий ҳолати, ҳомиладорликнинг кечиши кузатилади.
Юқорида кўрсатиб ўтилган маълумотларни олиш ва уларга диагноз қўйиш учун қуйидаги анамнез схемасидан фойдаланиш мумкин:
- Фамилияси, исми, отасининг исми
- Турар жойи, болалик ва ўсмирликда яшаган шароити
- Ёши
Маълумки, агар қиз бола балоғатга етмай (17 ёшгача) ёки ёши анча ўтиб (30-35
ёш) турмушга чиқиб, биринчи маротаба ҳомиладор бўлса, уларда 18-25 ёшгача бўлган аёлларга нисбатан ҳомиладорлик, туғиш ва чилла даври анча оғир, патологик ҳолатда кечиши мумкин.
Ҳомиладор аёлнинг қандай географик шароитда ва қандай иқлим муҳитида яшагани ҳам катта аҳамиятга эга бўлади. Агар иложи бўлса, унинг неча ёшда юра бошлаганини, болалигида қандай ўсганлигини билиш ҳам жуда муҳимдир.
Болаликда ва катта бўлгандан кейин бошидан кечирган касалликлари ҳомиладорлик ва туғиш жараёнининг кечишини аниқлашда ёрдам беради. Масалан, аёл ёшлигида рахит билан оғриган бўлса, унинг организми тузилишида айрим ўзгаришлар – бўйи кичкина, бош суяги тўрт бурчак, кўкрак қафаси ичига ботган ва бошқалар кузатилиши мумкин. Хусусан чаноқ суягидаги рахитга хос ўзгаришлар туғиш вақтида бир қанча оғир ҳолатларни пайдо қилиши мумкин.
Ёшликда бошдан кечирилган тепки (паротит), қизамиқ, сувчечак ва бошқа юқумли касалликлар жинсий органлар тараққиётига таъсир этиши мумкин. Кейинги пайтларда айниқса юқумли касалликлар (бруцеллез, токсоплазмоз, захм, грипп, сўзак ва бошқалар) ҳомиланинг чала ёки ўлик туғилишига сабаб бўлиши мумкинлиги аниқланган. Аввалги ҳомиладорлик ёки туғиш вақтида қилинган операциялар ҳам навбатдаги туғишда турли патологик ҳолатларга сабаб бўлиши мумкин.
Оилавий касалликлар (ҳомиладор оиласидаги ёки унинг эрида бўлган касалликлар – сил, захм, рўхий хасталиклар ва бошқалар ҳамда алкоголизм, наркомания, кашандалик ҳомиланинг чала, ўлик ёки нуқсонли туғилишига сабаб бўлиши мумкин.
Хайз функциясини ҳам аниқлаш муҳим аҳамиятга эга. Хайзни неча ёшдан кўра бошлаган, дастлаб нормал кела бошлаганми ёки тўхтаб – тўхтаб келганми, кейин неча ёшда нормаллашганини билиш керак. Агар қиз хайзни кеч кўрган ва у анчагача нормал ҳолатда бўлмаган бўлса, бу унинг ўз вақтида балоғатга етмаганидан далолат беради.
Хайз циклининг ўзгариши ҳам ҳомиладорлик ва туғиш жараёнининг кечишига таъсир кўрсатиши мумкин.
Хайзнинг ой сари такрорланиши (21-28-35 кун) қандай, хайз кўрганда оғриқ бўлиш-бўлмаслигини ҳам сўраш керак. Маълумки, жинсий органлар касалликларида ёки ички секреция безлари фаолияти бузилиши натижасида хайз жуда кеч (17-18 ёшдан) келиши мумкин, одатда Ўзбекистонда яшайдиган қизларда эса 12-13 ёшдан бошланади.
Ички секреция безлари фаолияти бузилганда туғиш оғирлашади, туғиш даврида бирламчи ва иккиламчи сустликлар пайдо бўлади. Чилла даврида бачадон яхши қисқармайди, қон кетади. Турмушга чиққандан сўнг узоқ вақт давомида бўйида бўлмаслик жинсий органларнинг тўла етилмаганлигидан далолат бериши мумкин. Бу аёлнинг бўйида бўлганда ҳам турли қийинчиликлар вужудга келиши мумкин.
Жинсий ҳаёт бошлангандан, туққандан ва абортдан кейин хайз кўришнинг ўзгарган – ўзгармаганлигини аниқламоқ керак, хайз функциясининг бу даврларда ўзгариши ички жинсий органларда яллиғланиш жараёни борлигини кўрсатиши мумкин.
Аёл билан суҳбатлашганда ҳомиланинг нечанчи эканлигини, олдинги ҳомиладорликлар ва туғиш қандай ўтганлиги, аввалги ҳомиладорликдаги гипертензив ҳолатлар, ички органлар (буйрак, жигар, юрак қон-томир системалари) касалликларини ва илгариги туғишларда юз берган бошқа касалликларни ёки ўзгаришларни аниқлаш керак. Туғруқдаги патологик ҳолатлар (вақтдан олдин сув кетиши, туғруқ дардлари сустлиги, ҳомиланинг нотўғри ётиши, чаноқнинг тор бўлиши), акушерлик қисқичлари қўйиш ёки кесарча кесиш усули билан ҳомилани туғдириш зарурияти борлигини кўрсатади. Ҳомиланинг муддатдан илгари туғилиши ва бола тушиши каби ҳолатлар бу аёлда бирор касаллик (бачадон шиллиқ қаватининг яллиғланганлиги, бачадон шиши ва бошқалар), турли юқумли касалликлар борлигидан ёки инфантилизмдан дарак беради.
Шуни унутмаслик керакки, ўз-ўзидан бола тушиши ёки сунъий йул билан қилинган аборт жинсий органларда яллиғланиш жараёнини пайдо қилиши оқибатида ҳомиладорлик ва туғиш вақтида турли патологик ҳолатларга сабаб бўлиши мумкин.
Аввалги ҳомиладорлик ва туғиш яхши ўтган бўлса, бу аёлнинг соғлом эканлигини кўрсатади ва навбатдаги ҳомиладорликнинг муваффақиятли ўтишини олдиндан билишга имкон беради. Аксинча, илгариги туғишда қилинган операция, туғилган боланинг тезда ўлганлиги ёки ўлик туғилганлиги бу ҳомиладорликда ҳам қўшимча касаллик ва оғир ҳолатлар рўй бериши мумкинлигини ва ҳомиладорни алоҳида аҳамият билан кузатиб бориш лозимлигини кўрсатади.
Ҳомиладорлик ва туғиш вақтидаги касалликлар ёки қўшимча патологик ҳолатлар аввалги туғишдан кейин, чилла даврида рўй берган касалликлар натижасида бўлиши мумкин. Шунга кўра аввалги ҳомиладорликда чилла даврида аёл касаллик билан оғриганми – йўқми буни билиш зарур.
Ҳомиладор аёлдан эрининг соғлиги ҳақида сўралади, чунки унинг илгари ва ҳозир сил, сўзак ва бошқа касалликлар билан оғриган бўлиши ҳомиладор аёл ва ҳомила соғлигига хавф солади.
Анамнезида ҳомиладор аёл яшайдиган уй ва ишхонанинг санитария – гигиена шароитлари, унинг овқати, қанча ухлаши ва дам олиши тўла аниқланади. Ҳомиладор аёлнинг турмуш ва меҳнат шароититнинг ҳомила тараққиётида, туғилишида ва чилла даврининг кечишида аҳамияти катта бўлади.
Анамнез синчиклаб йиғилади ва олинган маълумотлар ҳомиладорлик варақасига тўла ёзиб қўйилади.
Объектив текшириш
Ҳомиладор аёлни объектив текширганда унинг тана тузилишига аҳамият бериш зарур. Дастлаб аёлнинг бўйи ўлчанади, агар бўйи 145 см дан паст бўлса, унда чаноқ тор бўлиши ва туғиш жараёнида оғир ҳолатлар рўй бериши мумкин.
Аёлнинг скелет суякларидаги нуқсонларга: оёғининг қийшиқ ёки биттасининг калталиги, орқа умуртқанинг қийшиқлиги, шакли, кўкрак қафасининг ичига ботгани, бел-думғаза Михаэлс ромби шаклидаги нуқсонларга аҳамият бериш лозим. Шунда ҳомиладорлик ва туғишнинг қандай кечиш ҳақида фикр юритиш мумкин.
Бел-думғаза ромбини аниқлаш учун ҳомиладор аёлни тик турғазиб, чаноқнинг орқа юзаси кўздан кечирилади. Агар ромб тўртбурчак шаклида бўлса, бу нуқсонсиз (мукаммал) чаноқ ҳисобланади.
Аёлнинг тана юзаси (териси) тозами, тошмалар йўқми, юзида, юқори лаби остида, сут бези сўрғичи атрофида, қорин деворининг оқ чизиғи соҳасида қорамтир доғлар бор-йўқлигини текшириш керак. Сут безларининг тўлишган, тўлишмагани ҳам кўрилади. Бу белгилар ҳомиладорликка хос ва аёлнинг бўйида бўлганига тахмин қилса бўлади.
Ҳомиладор аёллар ички органларини текшириш усули ҳамма ерда бир хил қабул қилинган. Бунда ҳарорат ўлчанади, томир уриши саналади, қон босими аниқланади, тери ва кўз оқи ва кўринадиган шиллиқ қаватлари (лаб, оғиз, тил) кўздан кечирилади ва ҳоказо.
Ҳомиладорлик даврида организмда жиддий ўзгаришлар рўй беришини назарда тутиб, ички органларни текшириш жуда ҳам зарурдир. Бу ўзгаришлар юрак, буйрак, ўпка ва бошқа органлар касалликларига ёмон таъсир қилиши мумкин. Ҳомиладор аёлдаги касалликларни ўз вақтида аниқлаш керак, шунда аёлнинг бўйида бўлиш-бўлмаслиги ва ҳомиладор бўлса, уни давом эттириш мумкин ёки мумкин эмаслиги аниқланади. Айниқса, ҳомиладорликнинг иккинчи ярмида қон ва сийдикни, қон босимини мунтазам равишда текшириш тана вазнини ўлчаб туриш зарур.
Қоринни кўздан кечирганда у тик турган овал шаклда бўлса, ҳомиланинг тўғри ётганини, кўндаланг ёки қийшиқ турса, ҳомиланинг кўндаланг ёки қийшиқ ётганини, юмалоқ шар шаклида бўлса, эгизак бола ёки қоғаноқ суви кўплигини, қорин осилган ёки туртиб чиққан (ўткир учли) бўлса, чаноқнинг торлигини кўрсатади.
Агар юзда ва оёқларда шиш бўлса, бунинг сабабини аниқлаш зарур. Бу ҳолат ҳомиладорликдаги гипертензив ҳолатларда, юрак ва буйрак касалликларида кузатилади. агар тери ва кўринадиган шиллиқ қаватлар рангсиз бўлса, қамқонликдан, лаб ва тирноқ кўкарган бўлса, кислород етишмаслиги (юрак касаллигидан) дарак беради. Бундан ташқари, сут безларининг яхши ривожланмаганлиги, жинсий органлар соҳасида, қўлтиқ остида тукларнинг кам бўлиши ички жинсий органларнинг яхши ривожланмаганлигини билдиради.
Қоринни пайпаслаб кўриш ташқи текширишнинг асосий усулидир. Бунинг учун олдин акушер қўлини тозалаб ювиб, бир оз иситади, аёл тизза бўғимини буккан ҳолда чалқанча ётади. Кўришдан олдин қовуқ ва ичаклар бўшатилади. Пайпаслаб кўришдан олдин суяк дўмбоқлари бойламлари топилади. Булар пайпаслаб кўришда мўлжал бўлади.
Қоринни пайпаслаб кўрганда бачадон туби аниқланади, ҳомиланинг бачадонда ётиш ҳолатида унинг кичик чаноққа яқин турган қисми (боши, думбаси ёки кўндаланг ётиши), унинг майда қисмлари аниқланади. Иложи борича йўлдошнинг бачадон деворига ёпишган жойи аниқланади. Аппаратлар (ультратовуш, гистерограф ва бошқалар) ёрдамида эса ҳомила ва йўлдошнинг ётиши аниқроқ билинади.
ҚИН ВА ТЎҒРИ ИЧАК ОРҚАЛИ ТЕКШИРИШ
Одатда ҳомиладор бачадони туби 3- ой охирида қов суяги устидан кўтарилиб туради, аммо ташқи пайпаслаб кўриш билан баъзан буни аниқлаш қийин бўлади. Шунга кўра ҳомиланинг бор-йўқлигини ва унинг муддатини аниқлаш учун кўпинча қин орқали, баъзан тўғри ичак орқали текшириб кўрилади.
Бунинг учун текширишдан олдин қовуқ ва тўғри ичак бўшатилади (тўғри ичакка ҳўқна қилинади). Сўнгра жинсий органларнинг ташқи қисми дезинфекция қиладиган кучсиз эритма билан ювилади.
Қин орқали текширишда асептика ва антисептика қоидалари сал бўлса ҳам бузилса, текширилаётган аёлда оғир касаллик вужудга келиши ва ҳатто у ҳалокатга учраши мумкинлигини унутмаслик керак. Аёл айниқса ҳомиладорлигида турли микроб таъсирларига жуда сезгир бўлади.
Текширишда яхшиси аёлни чалқанча ётқизиб, тизза бўғимларини букиб, оёқлари ораси очилади.
Текширишдан олдин врач қўлини тозалаб ювиб, стерил резина қўлқоп кияди. Текширишда жинсий органларнинг ташқи юзасини, чотни, тўғри ичак тешиги атрофини кўздан кечириб, бирор патологик ўзгариш бор-йўқлиги аниқланади. Сўнгра чап қўлнинг икки бармоғи (бош ва кўрсат- кич бармоқлар) билан кичик жинсий лабларни очиб, қинга кириш олди қизарган-қизармаганлиги, кўкарган-кўкармаганлиги, сийдик чиқариш тешиги қандай аҳволда эканлиги, қин даҳлизи олдидаги катта-кичик безларда яллиғланиш бор-йўқлиги аниқланади. Сўнг- ра ўнг қўлнинг кўрсаткич ва ўрта бармоғи қинга аста-секин кир- гизилади. Бунда катта бармоқ билан жимжилоқ эса кафт томонга букилган ҳолда четга тақалиб туради. Қинга киритилган бармоқ- лар билан қиннинг узунлиги ва кенглиги, қин деворларининг ҳолати (шишганлиги, қатқатлари, ғадир-будирлиги, кенгайиш ху- сусияти), чаноқ ости мускулларининг қандай ҳолатда эканлиги, бачадон бўйнининг қин қисми ва қин гумбазлари, бўйин ташқи
тешигининг шакли (думалоқ, ёриққа ўхшаш очиқ ёки берклиги ва бошқалар) аниқлангач, икки қўл билан текширишга кири- шилади.
Икки қўл билан ҳомиладор аёлни текшириш (бимануал текшириш)нинг ўзига хос хусусияти бўлиб, бунда бачадоннинг катта-кичиклиги, шакли, қўзғалувчанлиги, қаттиқ-юмшоқлиги, туриш ҳолати, оғриқли ёки оғриқсиз эканлигини, ҳомиладорлик белгиларини, бачадон ортиқларининг қандай ҳолатда эканлиги ва чаноқнинг ички юзаси текширилиб, унинг ички ўлчовлари аниқланади.
Бунинг учун ўнг қўл бармоқлари қиннинг олдинги гумбазига юборилган ҳолда, чап қўл бармоқлари билан қорин деворининг қов суяги устидан бачадон танаси текширувчининг икки қўли орасида бўлгунча, аста-секин босилади. Агар бачадон орқага эгилган бўлса, уни бундай текшириш билан топа олмаслик ҳам мумкин. Бундай ҳолларда қин ичидаги ўнг қўл бармоқлари орқа гумбазига ўтказилади ва текшириш юқоридагича қайтарилади.
Бачадон танаси аниқлангач, унинг катта-кичиклиги, ҳаракатчанлиги ва шакли аниқланади. Бачадонни пайпаслаб текшириб бўлгач, қин гумбазлари синчиклаб кўрилади. Бундан ташқари, чаноқ деворини текшириб, ўсиқлар бор-йўқлиги, чаноқ шакли ва думғаза суягининг чаноқ ичига қараган дўнги бармоқ билан текширилади, унга бармоқ етмаса, демак, чаноқ тор эмас, агар етса, у ўлчанади.
Чаноқнинг ички юзаларини текшириб бўлгач, қинга киритилган ўрта бармоқ учини думғаза суягининг туртиб чиққан жойига (promontorium)га етказиб кўришга ҳаракат қилинади (нормада бармоқлар етмайди), ташқаридаги чап қўлнинг кўрсаткич бармоғи билан симфизнинг пастки чети белгиланган ҳолда ўнг қўл бармоқлари қиндан чиқарилади. Ўнг қўлнинг кўрсаткич бармоқ учи билан белгиланган оралиқ чаноқ ўлчагич (тазомер)да ўлчанади. Бу оралиқ диагонал конъюгата (conjugata diagonalis) деб аталиб, нормал чаноқда бунинг узунлиги 12,5-13 см ва ундан юқори бўлиши мумкин. Шундан 2 см олиб ташланса, чин конъюгатанинг ўлчови аниқланади.
ҲОМИЛАДОРЛИКНИНГ ДАСТЛАБКИ ДАВРИНИ АНИҚЛАШ
Ҳомиладорлик бошланишида унинг белгилари жуда аниқ бўлмайди. Бунда ҳомиладорлик фақат тахминий белгиларга кўра аниқланади.
Ҳомиладорликнинг тахминий белгиларига аёлдаги субъектив ҳолат ва объектив текшириш натижасида унинг организмида аниқланган ўзгаришлар киради. Ҳомиладорларнинг субъектив ҳолатига:
- иштаҳасини ўзгариши, нордон ва аччиқ ов-
қатлар егиси келади, баъзан бўр истеъмол қилади, ҳўл тупроқ ва бошқалар ҳидини ёқтиради; - жаҳлдор бўлиб кайфияти тез-тез ўзгариб туради, уйқучан
бўлиб қолиши мумкин; - ҳидни сезиш қобилияти бирмунча ўзгаради (папирос, атир,
ёғ ҳиди ва бошқа ҳидлардан кўнгли айнийди);
4.) терисида бир қатор ўзгаришлар рўй беради: сут бези тугмачаси атрофида, юзида, қорин деворининг оқ чизиғида қорамтир доғлар пайдо бўлади.
5) сут безида оғиз сути (бошланғич сут) пайдо бўлиб кўкраклари катталашади. Агар сут безининг учи сиқилса, оғиз сути чиқади.
Шуни айтиб ўтиш керакки, илгари туққан баъзи аёллар кўкрагида сут сақланиши мумкин.
Ҳомиладорликнинг тахминий белгилари.
Бу хилдаги белгиларга жинсий органларда, сут безида, ҳайз кўришда бўладиган ўзгаришлар киради. Бу белгиларнинг ҳаммаси объектив белгилар ҳисобланади.
Ҳомиладорлик ҳайз кўришнинг тўхташи билан белгиланади. Маълумки, соғлом аёлларда ҳайз даври ўзгармайди. Фақат ҳомиладорлар ҳайз кўрмайдилар, баъзи бола эмизадиган аёллар ҳайз кўрмасликлари мумкин.
Ҳайз даврининг бузилиши умумий касалликларда ҳам учраб туради. Хусусан қандли диабет, сил, сурункали заҳарланиш (кимёвий моддалар ва бошқалар билан), оғир рўҳий изтироб ёки тўсатдан бошга тушган мусибат натижасида ҳам ҳайз тўхташи ёки унинг даври бузилиши кузатилади.
Ҳайз кўришнинг тўхташи ҳомиладорликнинг тахминий белгиларидан бири бўлишига қарамай, турли акушерлик текширишлари ўтказиш лозим бўлади.
Қиннинг кириш қисми ва қин шиллиқ қаватининг бўртиб кўкариши ҳам ҳомиладорликнинг тахминий белгисидир. Одатда ҳомиладорликнинг 5-6-ҳафтасидан бошлаб бачадон катталашади, шакли ва қаттиқ-юмшоқлиги ўзгаради.
Сут безлари ўзгариб катталашади ва қаттиқлашади, юқорида айтганимиздек сут безлари тугмачаси атрофини сиққанда, оғиз сути чиқади.
Ҳомиладорликнинг тахминий белгилари объектив белгилар ҳисобланади, қинни ва қин кириш қисмини гинекологик ойналар ёрдамда кўрилади. Ойналар асосан 2 хил бўлади.
Гинекологик ойна ёрдамида текширганда ҳам асептика ва антисептика қоидаларига тўла риоя қилиниши лозим. Бу мақсадда врач қўлини албатта илиқ сув билан чўткада совунлаб, тозалаб ювиши, сўнгра дезинфекция қиладиган эритмалар билан чайиши керак. Шунингдек, текшириш олдидан аёлнинг жинсий органлари ҳам дезинфекцияловчи эритма билан ювилади, стерилланган пахта билан аста артиб, қуритилади.
Гинекологик ойналар ёрамида қиннинг шиллиқ қавати, бачадон бўйнининг ранги, қинда яллиғланиш жараёни бор-йўқлиги аниқланади. Бундай текширишлар учун 2 тавақали қошиқсимон ойналардан фойдаланилади.
Икки тавақали гинекологик ойнани ишлатганда у қин орқасидаги чуқурчаларга етгунча қин ичига юборилади, сўнгра бачадон бўйнини кўриш учун ойна тавақалари очилади, қин деворларини эса ойнани қиндан чиқариб олиш пайтида кўрилади.
Бачадон бўйни ва қин девори қошиқсимон ойналар ёрдамида яхши кўринади. Бунинг учун ойна қиннинг орқа деворига қўйилиб, чот аста-секин пастга тортилади, иккинчи ойнани эса қиннинг олдинги деворига қўйиб, қин девори юқорига кўтарилади.
Икки қўл ёрдамида ҳомиладорларни текширишда бачадоннинг катта-кичиклигини, шаклини, қаттиқ-юмшоқлигини, қанчалик силжувчан, оғриқли ёки оғриқсиз эканлигини, жойлашиш ҳолатини, қин гумбазининг ҳолатини, қанчалик силжувчанлигини аниқлашда юқорида кўрсатиб ўтилган текшириш усулларининг ўзига хос аҳамияти бор.
Ҳомиладорликни кўрсатувчи белгилар:
- Пискачек белгиси – ҳомиладорликда бачадон шаклининг ўзгаришидан иборат. Аслида ноксимон, бир текис япалоқлашган бачадон нотўғри шаклдаги шарга ўхшаб қолади. Бачадон деворининг ҳомила тухуми жойлашган қисми дўппайиб чиқади.
- Горвиц – Гегар белгиси. Бу бачадон бўйни билан танаси оралиғи, яъни бачадон бўйин олди (istmust) юмшашига асосланган. Икки қўл билан текширганда, қинга киргизилган қўл бармоқлари билан қорин девори орқали қовуқ суяги устидан босаётган ташқаридаги бармоқлар бачадон бўйни олди юмшагани учун бир-бирига тегар даражада яқинлашади.
- Снегирев белгиси – бу белгида ҳам ҳар икки қўл ёрдамида текширилади. Қин орқали бармоқлар билан текшириш вақтида бармоқлар таъсирида бачадон қисқа муддатга қисқариб, қаттиқлашади. Бачадон қаттиқ-юмшоқлигининг бундай ўзгариши унинг нерв системасининг таъсирланиши туфайли вужудга келади ва таъсирланиш тўхтагач, у яна юмшаб қолади.
- Гентер белгиси – бу белгида ҳам ҳар икала қўл ёрдамида текширилади. Қинга киритилган бармоқлар ёрдамида бачадондаги ўзгаришларни аниқлаш билан бирга, ташқи қўл ёрдамида бачадон олдинги юзасининг ўрта чизиғида тароқсимон дўмбоқча бўлади, бу Гентер белгиси деб аталади.
Ҳомиладорликни эрта муддатларида аниқлашнинг гормонал усули.
1928 йилда Ашгейм – Цондеклар аёлнинг ҳомиладор бўлганини аниқлашда гормонал усулини таклиф қилдилар. Бу реакциялар таъсирида ҳомиладор аёл сийдигида гипофиз безининг олдинги бўлагидан ажраладиган гормон аниқланади.
Ҳомиладор аёл организмида гонадотроп гормон – гипофизнинг олдинги бўлагидан ажралган гормонни Ашгейм ва Цондек пролан деб атаганлар. Ҳомиладорликда пролан ва фолликулин аёл сийдиги билан кўп ажралади. Бу гормон ҳомиладорликнинг биринчи ҳафтасидаёқ кўпая боради. Пролан А ва В га бўлинади, А гормон тухумдонда фолликуланинг такомиллашишига, В эса сариқ тананинг ўсишига таъсир қилади.
Цондек – Ашгейм реакциясини ўтказиш учун текширилувчи аёл сийдиги тўла етилмаган (инфантил), оғирлиги 6-8г келадиган 5 та оқ сичқонга юборилади. Биринчи сичқонга ҳомиладор деб гумон қилинган аёл сийдигидан 0,2, иккинчисига 0,25, учинчиси ва тўртинчисига 0,3, бешинчисига 0,4 г дан юборилади (2 кун давомида 6 марта). Натижаси 96 – 100 соатдан кейин (биринчи уколдан ҳисоблаганда) олинади. 3-кун сичқон қинидан суртма олиб эстрол цикли аниқланади.
Ҳомиладорликнинг эрта муддатларида фақат биринчи реакция мусбат бўлиши мумкин, иккинчи ва учинчи реакциялар кечроқ муддатларда мусбат бўлади (Э. М. Каплун). Демак, сичқоннинг ички жинсий органларида 3 хил реакция рўй беради.
Сичқонларни 96 – 100 соатдан кейин қорни ёриб кўрилади. Бунда қуйидаги ҳолатни кўриш мумкин:
I- реакция – сичқонлар тухумдонида тараққий қилаётган фолликулалар, бачадонида эса унинг ҳар икки шохи (уларнинг бачадонлари икки шохли бўлади) кўкимтир бўлиб, секрет билан тўлган бўлади. Қин суртмасида қазғоқ, тангачалар (эструс босқичи), ядроли эпителий (преэструс босқичи) кузатилади.
II- реакция. Тухумдаги фолликула ичига қон қуйилган бўлиб, қора нуқтага ўхшаб кўринади, бачадон шохлари катталашган бўлади, қин секрети суртмасида шиллиқ, лейкоцит ва эпителийлар бўлади. Бу босқични «тинчлик» босқичи, диэструс дейилади.
III- реакция. Фолликулалар ўрнида сариқ тана вужудга келади. Бачадон шохлари катталашган бўлади. Қин суртмаси диэструс босқичини кўрсатади.
Биринчи реакция пролан учун специфик бўлмайди, эстроген гормонлар таъсирида бўлади, II ва III реакциялар пролан учун специфик ҳисобланади.
Тухумдонда битта қон қуйилган нуқта ёки битта сариқ тана бўлиши реакциянинг ижобийлигини кўрсатади.
1947 йилда Галли – Майнини таклиф қилган усул Харьков медицина институти акушер-гинекологик клиникаси ходимлари (Алпатов ва бошқалар) томонидан қайтадан ишланган. Бу реакция қуйидагича ўтказилади.
2 та эркак сув қурбақанинг (rana esculenta) орқасидаги лимфа қопчасига ҳомиладорликка шубҳа қилинган аёл сийдигидан 2,5 мл дан юборилади. Сийдикни юборишдан олдин қурбақа клоакасидан томизгич ёрдамида суюқлик олинади. бу суюқликда сперматозоид йўқлигига ишонч ҳосил қилгач сийдик юборилади. Сийдик юборгандан кейин 2 соат ўтгач, клоакадан яна суюқлик олинади ва унинг 1-2 томчисини ойнага томизиб, уни ёпадиган ойна билан ёпиб, микроскопда кўрилади. Агар бунда ўлик ёки тирик сперматозоидлар топилса, демак, реакция мусбат бўлади. Агар салбий бўлса, бир соатдан кейин клоакадан яна суюқлик олиб кўрилади. Бунда ҳам салбий ёки ноаниқ бўлса, бир суткадан кейин реакцияни шу қурбақада қайтариш мумкин.
Ҳомиладорликни аниқлашда Фридман реакцясидан фойдаланса ҳам бўлади. Бу реакция қуёнларда худди сичқонлардаги каби ўтказилади. Бунда овуляция ва қин суюқлиги цитологик жиҳатдан текширилади. Реакция ўтказиш учун балоғатга етган эркак қуёндан 4-6 ҳафта давомида ажратилиб сақланган она қуёнлардан фойдаланилади. Уларга 2 кеча-кундуз давомида кунига 3 марта 4 мл дан қулоқ тоғай венасига текширилувчи аёлнинг сийдиги юборилади. Охирги уколдан 48 соат ўтгач уларнинг қорнини ёриб, жинсий органларнинг ҳолати кўрилади. Агар реакция мусбат бўлса, бачадон катталашган, кўкимтир, тухумдон ҳам катталашган ва уларда қорамтир – қизил рангдаги қон қуйилмалари пайдо бўлади. Уларнинг қин суюқлигини олиб, цитологик жиҳатдан текшириш ҳам мумкин.
Ҳомиладорликни аниқлашда гравимун тестини қўллаш мумкин. Бу усул билан ҳомиладорликда аёллар сийдигида хориогоник гонадотропин гормони текширилади. Бунинг учун қуёнлардан олинган зардобга қарши модда солинган ампулани арралаб синдириб, унга 0,4 мл фосфат, буфер, натрий хлоридга тезда 2 томчи фильтрланган эрталабки сийдик қуйилади.
Ампуладаги аралашмани чайқатиб, аралаштиргач, штативга қўйиб, уй ҳароратида 2 соат сақланади. Икки соатдан кейин натижаси аниқланади. Агар эритроцитлар ампула тагига халқа ёки тугмача шаклида чўкса, агглюцинация бўлмайди, бунда реакция натижаси ижобий, агар эритроцитлар диффуз равишда сочилган бўлса, салбий бўлади.
Ультратовуш ёрдамида ҳам ҳомиладорликни аниқлаш мумкин 5-6 ҳафталигидаёқ ҳомиланинг юрак уришини билиш ва ҳомиланинг тасвирини кўриш мумкин.
ҲОМИЛАДОРЛИКНИ КЕЧКИ МУДДАТЛАРДА АНИҚЛАШ
Ҳомиладорликнинг аниқ ёки шубҳасиз белгилари қуйидагилардир.
1. Ҳомиладорлик тахминан 15—20 ҳафталик бўлганда ҳомила-
нинг юрак уриши қорин девори орқали, оддий акушерлик сте-
тоскопи билан аниқ эшитилади. Юрак уришини «Малыш» деб аталадиган аппарат ёрдамида ҳам эшитса бўлади. Бунинг учун қорин девори сатҳига вазелин суртиб, унинг эшитадиган қисмини қорин девори бўйича суриб ҳомиланинг юрак ураётган соҳаси топилади, бунда аппарат ёрдамида юрак уриши саналади (минутига 130—140 марта уради).
Она организмидан қорин девори орқали эшитиладиган овозларга қуйидагилар киради.
а) ҳомиланинг юрак уриши билан бир вақтда бўладиган қорин
аортасининг уриши ва бачадон ён деворларидаги катта қон то-
мирларда бўладиган шувиллаган шовқин;
б) ичакларнинг перистальтик (тўлқинсимон) ҳаракати туфай-
ли ҳосил бўладиган ритмсиз шовқин;
в) ҳомиланинг қўлоёқлари қимирлаши натижасида ҳосил бў-
ладиган ва қийинлик билан эшитиладиган бўғиқ овоз.
Ҳомиланинг юрак уриши ҳомиладорликнинг иккинчи ярмидан бошлаб эшитила бошланади. Агар ҳомиланинг боши олдинга эгилган бўлиб, унинг орқаси бачадоннинг бирор деворига яқин турган бўлса, унинг юрак уриши орқа томондан яхши эшитилади. Агар ҳомила юзи билан келиб, боши орқага эгилган бўлса, унинг орқаси бачадон деворидан узоқлашади ва кўкраги бачадон деворига тегиб туради. Бу ҳолда унинг юрак уриши кўкрак томонидан яхшироқ эшитилади. Ҳомила боши билан олдин келганда унинг юрак уриши она киндигидан пастда, чаноғи билан келганда — киндик қаршисида ёки ундан юқорироқда, кўндаланг келганда — киндик тўғрисида, туғиш жараёнида ҳомиланинг боши чаноқ ичига кирганда — қорин ўрта чизиғида (симфиз устида) эшитилади.
Ҳомилада асфиксия (бўғилиб қолиш) рўй берганда унинг юрак уриши асфиксия босқичига қараб минутига 100—110 марта уриши ёки тезлашиб, 150 ва ундан ҳам тез ура бошлайди. Ҳомиладорликнинг биринчи ярмида ҳомиланинг тирик эканлигини, нормал ўсаётганлигини, бачадоннинг ўсишини кузатиш ва ультратовуш ёрдамида аниқлаш мумкин. Одатда соғлом онанинг томир уриши ҳомиланикига қараганда бир ярим баробардан кам бўлади, буни ҳомиланинг юрак уришидан ажратиш учун ҳомиланинг юрак уриши онанинг билак томири уриши билан солиштирилади.
2. Объектив текширилганда ҳомиладорлик 20 ҳафталик бўл-
гандан бошлаб ҳомиланинг қимирлаши аниқ билинади. Ҳомила-
дорнинг ўзи ҳам ҳомиланинг қимирлаганини анча илгари сезиши мумкин. Лекин буни аёл ичаклар перистальтикаси билан алмаштириши ва янглиш маълумот бериши мумкин.
- Ультратовуш ёрдамида ҳомила скелетини ва юрак уриши-
ни, ундаги мавжуд нуқсонларни кўриш мумкин. - Ҳомиладорликнинг бешинчи ойидан бошлаб ҳомиланинг
скелет суякларини рентгенда кўриш мумкин. Бу усулдан ҳозир
деярли фойдаланилмайди. - Пайпаслаб кўриш усулида (Левицкий-Леапольд усули) ҳо-
мила ҳолатини аниқлаш мумкин. Ҳомиладорнинг қорнини пайпаслаб (ушлаб) кўриш усули ҳомила қисмларининг катта-кичиклигини, ҳомиланинг бачадонда жойлашиш ҳолатини, олдин келувчи қисмининг қаерда эканлигини (чаноққа киришдан юқорида, чаноққа кираверишга суқилган ҳолатда ёки кичик ёки катта сегмент билан турганлиги) ни аниқлашдан иборат. Ҳомиладор аёлнинг қорнини пайпаслаб кўриш учун текис каравотга чалқанчасига, оёқларини тизза ва ёнбош бўғимларидан буккан ҳолда ётқизилади, врач унинг ўнг томонига ўтиради.
Ҳомиладор аёл қорнини пайпаслаб текшириш вақтида акушерлик текширувинииг тўртта аниқлаш усулидан фойдаланилади.
Биринчи усул. Бачадон тубининг баландлиги ва унинг тубида қайси қисми борлигини аниқлаш учун қўлланилади. Бунинг учун иккала қўлнинг кафти билан бармоқлари бир-бирига қарагани ҳолда, бачадон тубини ушлаб, у енгилгина пастга босилади. Шунда бачадон тубининг турган баландлиги ва ҳомиланинг ётиш ҳолати аниқ билинади.
Ҳомиланинг ўсиши ва муддати бачадон тубининг қайси баландликда турганлигига қараб аниқланади. Агар бачадон тубида ҳомиланинг катта қисмлари аниқланса, бу унинг тўғри ётганлигини кўрсатади. Агар пайпаслаганда бачадон тубида ҳомиланинг думбаси борлиги аниқланса, бу олдин келувчи қисм бош эканлигини, аксинча, бачадон тубида ҳомиланинг боши борлиги аниқланса, чаноғи билан олдин келишини кўрсатади.
Иккинчи усул билан ҳомиланинг орқаси ва майда қисмлари-
нинг туришига қараб, унинг қандай ҳолатда эканлиги аниқланади. Бунинг учун иккала қўл бачадан тубидан унинг ёнига ўтказилади.
Икки қўл бармоқлари галма-гал босиб кўриш йўли билан бачадон пайпасланади. Ўнг қўл билан пайпаслаганда чап қўл қимирламай, бачадон деворида туриши керак. Бу усул билан бир томонда текис юза — ҳомила орқасини, қарама-қарши томонида эса, унча катта бўлмаган ва ўз туришини тез ўзгартирадиган дўмбоқли юза, ҳомиланинг майда қисмлари (оёқ, қўллари) аниқланади.
Ҳомила орқасининг чапга ёки ўнгга қараган бўлишига қараб унинг I- ёки II- ҳолатда эканлиги аниқланади. Агар ҳомиланинг орқаси онанинг чап биқинига қараган бўлса I- ҳолат, ўнгга қараган бўлса II- ҳолатда ётган бўлади.
Ҳомиланинг олдинда келувчи қисмини ва унинг кичик чаноқ бўшлиғига бўлган нисбатини аниқлашда акушерлик текширувининг учинчи усули қўлланади.
Бунинг учун қўлнинг катта бар-
моғи бачадон пастки сегментининг бир томонидан, қолган 4 та бармоқ эса иккинчи томонида турган ҳолда, ҳомиланинг олдин келувчи қисми ушланади, сўнгра қўлни бир оз пастга босиб, олдинда келувчи қисм бармоқлар билан ушланган ҳолда, жуда эҳтиёткорлик билан аста-секин ўнгга ва чапга қимирлатилади. Бунда ҳомила боши билан турган бўлса, қаттиқ, думалоқ, думба билан турган бўлса, юмшоқроқ ва ҳажми кичкинароқ бўлиб билинади. Агар олдин келувчи қисм (бош ёки думба) ҳаракатчан бўлса, бу унинг чаноқнинг кириш қисмидан юқорида турганини, қимирламайдиган бўлса, чаноқнинг кириш қисмида суқилиб турганини кўрсатади. Ҳомила кўндаланг ёки қийшиқ ётган тақдирда олдинда келувчи қисм бўлмайди.
Акушерлик текширувининг учинчи усулида, одатда аёл оғриқ сезади, шунга кўра, кўпинча бу усул ўрнига тўртинчи усул қўлланилади.
Тўртинчи усул ёрдамида олдинда келувчи қисмнинг турган жойи ҳамда у чаноқнинг қайси юзасида турганлиги аниқланади.
Акушер ҳомиладорнинг оёқ томонида турган ҳолда иккала қўли кафтини бачадон пастки қисмининг ўнг ва чап томонига қўяди ва пастга томон аста босади, бунда текширувчи ўз қўлини ҳомиланинг олдинда келувчи қисми билан чаноқ кириш қисмига юборади, шу йўсинда пайпаслаш ёрдамида олдинда келувчи қисмини ва унинг туриш ҳолатини (кичик чаноққа кириш қисмининг устидалигини ёки чаноқ ичига ўтганлигини) аниқлайди. Шу усул билан яна бошнинг катта-кичиклиги, энса, пешона, энгакнинг турган жойи ва туғиш жараёнида бошнинг чаноққа тушиш ҳолатлари аниқланади.
Ҳомиладорликни аниқлашда яна қуйидаги қўшимча усуллар мавжуд.
Амниоскопия — бу усул ёрдамида қоғаноқ суви ва сув пардаси кўрилади. Бунда сув пардаси ҳали йиртилмаган бўлишига қарамасдан қоганоқ сувининг ранги, тиниқлик даражасига (кўкиш, сариқ рангда ва лойқа эканига) қараб ҳомилада асфиксия бўлган-бўлмагани, ҳомиладаги гемолитик касаллик ва бошқалар аниқланади. Амниоскопия стационар шароитида қўлланади.
Амниоцентез — бу усул ёрдамида ҳомиланинг сув пардаси орқали ундан қоғаноқ суви олинади. Гемолитик касалликнинг оғир турлари, келиб чиқиш сабаблари ва ҳоказолар аниқланади.
Фонокардиографияда ҳомила юраги фаолияти аниқланади. Бу усулда ҳомила юрагинииг уриши (нормада экани, тезлашгани ва секинлашгани), ритми (нормада, аритмия), товуши ва бошқалар аниқланади. Бу ҳомилада асфиксия бошлангани ва бошқа патологик ҳолатларга тахмин қилиш ва уларнинг олдини олишга имкон беради.
Кардиотокограф ва электрокардиография — бу усуллар кенг қўлланилади, ҳомиланинг юрак фаолияти, айниқса ундаги гипоксияни ўз вақтида аниқлашда аҳамияти катта. Бу усулда ҳомила юрак уришини 14—16 ҳафталигидаёқ билиш, шунингдек плацентанинг олдинда жойлашганини аниқлаш мумкин.
Ультратовуш ёрдамида ҳомиладорликни эрта муддатида ҳам аниқлаш мумкин бўлади. Бундан ташқари, ҳомиланинг сўнгги тараққиёт даврида унинг бачадонда ётиш ҳолатини (боши, танаси, оёқ-қўллари, ички аъзолари), оёқ-қўллар ва бошнинг жойлашишини ва кўкрак қафаси ўлчовини аниқлаш мумкин.
Ҳомиладорлик муддатини ҳамда унинг ривожланишидаги нуқсонларни (гипотрофия, гидро ва микроцефалия ва бошқалар) билиш мумкин. Бундан ташқари, бу усул ҳомила йўлдошини, қоғаноқ сувининг кўп ва озлигини, кўп ҳомилалик, айниқса ҳомиладорликнинг кечишини кузатишга имкон беради. Ультратовуш орқали текшириш ҳомиладор учун, ҳомила учун ҳам зарарсиздир. Рентген орқали диагноз қўйиш ҳозирги пайтда кам қўлланади. Аммо бу усулда фақат ультратовуш аппарати бўлмаса ва пайпаслаб, қин орқали текшириб ҳомила ҳолати ва ундаги нуқ-сонларни аниқлаб бўлмагандагина фойдаланилади.
БИРИНЧИ ВА ҚАЙТА ҲОМИЛАДОРЛИКНИ АНИҚЛАШ
Биринчи ва қайта ҳомиладорлик одатда анамнез ёрдамида аниқланади. Буни аниқлашдаги объектив белгилардан бири жинсий органлардаги ўзгаришлардир. Хусусан жинсий тешикнинг йирилиб туриши, қизлик пардасининг қолдиқлари — coruneule murtiformes сўрғичга ўхшаб қолган бўлади. Туғмаган аёлларда қизлик пардаси шакли сақланган, аммо йиртилган, бу coruneule hyminalis дейилади. Туққан аёлларда қин кенг, бачадон бўйни цилиндр шаклида, унинг ташқи тешиги йирик (кўндалангига) бўлади.
Биринчи марта ҳомиладор бўлган аёлларда бачадон бўйни то туққунга қадар берк бўлади, аммо туққан аёлларда туғмасдан 4-5ҳафта илгариёқ бачадон бўйнига битта бармоқни суқиш мумкин.
Қорин деворини кўздан кечирганда ҳам аёлнинг туққан туғмаганлиги ҳақида тахмин қилиш мумкин. Туққан аёлларда қорин девори тўғри мускули бирмунча ажралган, терида эски тиртиқлар — striae gravigarum ни кўрамиз, улар оқ чизиқ шаклида бўлади. Бу тиртиқлар оқ рангда бўлса, бу аввалги ҳомиладорликдан қолганини, пушти-қизил рангда бўлса, ҳозирги ҳомиладорликники деб хулоса чиқариш мумкин. Аммо баъзан бу тиртиқлар ҳомиладор бўлмаган аёллар қорин девори, сонларининг олдинги сатхида учраб турганини назарда тутиб кўпчилик олимлар буни гормонал жараён натижаси деб талқин қиладилар.
Биринчи ҳомиладорликда ҳомила боши туғишдан 4—5 ҳафта илгари чаноқ кириш қисмида бўлади. Қайта туққанларда эса то туғиш жараёни бошланмагунча ҳомила боши чаноқ кириш қисмидан юқорида туради. Туғруқ дарди бошланиши билан аста-секин чаноқ кириш қисмига яқинлашиб, ниҳоят бачадон бўйни тўла очилиши билан жойлашиб олади.
Сут безларида ҳам баъзи ўзгаришлар бўлади. Туққан аёлларда сут безлари бирмунча осилган, сўрғичлари анча яхши билинади. Туғмаган аёлларда эса сут безлари таранг, унинг сўрғичлари кичкина бўлади.
Аёлнинг биринчи ёки қайта ҳомиладорлигини билишнинг суд тиббиётида аҳамияти катта.
ҲОМИЛАНИНГ ТИРИК ЁКИ ЎЛГАНИНИ АНИҚЛАШ
Дастлаб ҳомиланинг қандай ўсаётгани ва ҳаётлигини бачадоннинг ой сари катталашиши билан аниқланади. Бачадоннинг ўсиши календарь ёки акушерлик ойи билан белгиланади ва у маълум ҳажмда бўлади. Агар бачадон ўсмай қолса ёки секин ўсса, унда ҳомила тирик бўлса ҳам ўсишдан орқада қолаётганидан (гипотрофия) хабар беради. Қайта бўйида бўлган аёллар ҳомиладорликнинг иккинчи ярмида ҳомиланинг қимирлашини анча илгарироқ сеза бошлайдилар.
Ҳомиланинг юрак уриши оддий акушерлик стетоскопида ҳомиладорликнинг 2-ярмида эшитилса, фонокардиограф, кардиотокограф ёрдамида эртароқ аниқлаш мумкин. Аммо ҳомиланинг юрак уришини эшитганда албатта, онанинг томир уриши билан солиштириш зарур. Онада иситма, камқонлик ёки юрак касалликлари бўлганда ҳам томири тез уриб, унда ҳомила юрагининг зарби билан алмаштириш мумкин. Ҳомиланинг ўлик ёки тириклигини аниқлашда шуларни ҳам ҳисобга олиш керак.
Ҳомиланинг қимирлашини она сезмай қолса, ҳомила ўлган бўлади. Қоғаноқ суви шимилаётганига кўра бачадон кичиклаша боради. Ҳомиладорлар қорин пастида оғирлик сезадилар, оғизлари бемаза бўлиб, этлари увишади, сут безлари юмшаб қолади. Ҳомиланинг тирик ёки ўлганини ультратовуш ёки рентгенография йўли билан ҳам аниқлаш мумкин.
С. Я. Малиновскийнинг фикрига кўра ҳомиланинг ўлганини зниқлашда 18 та белги бўлади. Ҳомила бош суякларининг бир-бири тагига ботиб кириши, чокларининг очилиб туриши, бош суягининг япалоқлашгани, орқа умуртқада бурчак ҳосил бўлиши ана шу белгилардандир.
Ҳомила тухуми агар она организмидан ажралган, яъни ўлган бўлса, биологик диагностика усули ҳам ёрдам беради. Ҳомиланинг ўлгани қанчалик эрта аниқланса, аёлга шунчалик ўз вақтида ёрдам бериш мумкин бўлади. Акс ҳолда аёлда турли паталогик ҳолатлар юз бериши, хусусан бачадонда ҳомила чириши, қон ивишининг сусайиши, ўлган ҳомилани бачадондан олиб ташлаш жараёнида қон кетиши мумкин. Баъзи ҳолатларда гипо ёки афибриногенимия ҳолати юз бериши ва аёл ҳалок бўлиши мумкин.
ҲОМИЛАДОРЛИКНИНГ ДАВОМ ЭТИШИ, УНИНГ МУДДАТИ ВА ТУҒИШ ВАҚТИНИ АНИҚЛАШ
Ҳомиладорлик сўнгги ҳайзнинг биринчи кунидан ҳисоблаганда ўрта ҳисоб билан 280 кун ёки акушерлар ойи билан 10 ой — 40 ҳафта давом этади, лекин баъзан ҳомиладорлик 280 кундан кам ёки ортиқ давом этиши мумкин. Аёлларда ҳомиладорлик муддатини аниқлашда кўп қийинчиликлар учрайди, чунки унинг қачон бошланганлигини аниқ билиш қийинроқ бўлади.
Ҳомиладорлик муддати охирги ҳайзнинг биринчи кунидан ҳисобланади. Туғиш куни охирги ҳайзнинг 1-кунига, акушерлик ойи — 10 ой ёки 40 ҳафтани, ёхуд 280 кунни қўшиш билан аниқланади. Акушерлик тажрибасида туғиш вақтини аниқлаш учун Негель усулидан фойдаланилади. Бунинг учун охирги ҳайзнинг биринчи кунидан 3 ой орқага санаб, унга 7 кун қўшилади.
Масалан, агар охирги ҳайзнинг биринчи куни 20 август бўлса 3 ой орқага саналиб (20 июль, 20 июнь, 20 май), унга 7 кун қўшилса, демак, туғруқ келаси йилнинг 27 майида бўлади.
Шунингдек туғиш вақтини аёл ҳомиланинг биринчи марта қимирлаганини сезган кундан бошлаб ҳисоблаш ҳам мумкин. Одатда ҳомила биринчи ҳомиладорликда 20 ҳафтадан сўнг, қайта ҳомиладорликда 18 ҳафтадан кейин қимирлайди.
Ҳомиладор ҳомиланинг қимирлашини сезган кунига 140 кун (акушерлар ойидан 5 ой) ва қайта ҳомиладорларда 154 кун (акушерлар ойидан 5,5 ой) қўшилади. Шу йўл билан тахминий туғиш вақти аниқланади. Лекин туғиш вақтини шу йўл билан унчалик тўғри аниқлаб бўлмайди. Чунки аёл ҳомиланинг қачон қимирлаганини унутган бўлиши ёки ичаклар перистальтикасини ҳомиланинг қимирлаши деб янглиш тушуниши мумкин.
Туғиш вақтини охирги ҳайзнинг биринчи куни бўйича аниқ-
лаш муҳимдир.
Ультратовуш билан ҳомила ёшини аниқлаш ҳам мумкин. Бунда ҳомила бошининг катта-кичиклиги, танасининг узунлиги диагноз қўйишда асосий белгилардан ҳисобланади.
Ҳомиладорлик муддатини ва туғиш вақтини аниқлашда бачадон ўлчови ва тубининг баландлигини билиш катта аҳамиятга эгадир.
Ҳомиладорликнинг дастлабки даврларида, ҳали бачадон чаноқ бўшлиғида турганда унинг катта-кичиклиги қин орқали текшириб, аниқланади. Ҳомиладорликнинг (акушерлар ойининг) тўртинчи ойи охирида бачадон туби киндик билан қов суяги оралиғида, симфиздан 4 бармоқ энида юқорида туради. Демак, бачадоннинг кўп қисми катта чаноққа ўтган бўлади. Ҳомиладорликнинг бешинчи акушерлар ойи охирида бачадон катта одам бошидек келади, унинг туби икки бармоқ энида киндикдан пастда туради. Агар тўртинчи ой охирида қорин деворининг кўтарилганлиги зўрға аниқланса, бешинчи ой охирида анча кўп кўтарилган бўлади.
Ҳомиладорликнинг олтинчи акушерлик ойида бачадон туби киндикда, еттинчи ой охирида эса киндикдан 3 бармоқ энида юқорида бўлади. Ҳомиладорликнинг саккизинчи акушерлар ойида бачадон туби киндик билан ханжарсимон ўсимта ўртасида, симфиздан 30—32 см юқорида туради, айланаси 80—85 см бўлади.
Ҳомиладорликнинг тўққизинчи ойида бачадон туби ўзининг энг юқори нуқтасига, яъни ханжарсимон ўсимтага тақалади. Киндик бирмунча дўппайиб чиқади. Ҳомиладорликнинг ўнинчи акушерлар ойида бачадон туби ҳомиладорликнинг саккизинчи ойи охирида эгаллаган жойида, яъни киндик билан ханжарсимон ўсимта орасида туради. Бироқ, бачадон туби саккизинчи ва ўнинчи ой охирида бир хил баландликда бўлишига қарамай, улар бир-биридан қорин айланасининг ўлчови билан фарқ қилади: саккизинчи ойда қорин айланаси 80—85 см бўлса, ўнинчи ойда 95—98 см ва ундан кўп бўлади.
Бундан ташқари, ўнинчи ойда қорин осилган бўлиб, ҳомиладорнинг нафас олиши осонлашади.
Биринчи марта туғувчиларда ҳомиладорликнинг саккизинчи ойида ҳомиланинг боши чаноқнинг кириш қисмидан юқорида ва қимирлайдиган бўлиб, ўнинчи ойда чаноқнинг кириш қисмига суқилган ҳолатда, қимирламай туради. Қайта туғувчиларда эса ҳомиланинг боши ҳомиладорликнинг охиригача чаноқнинг кириш қисмидан юқорида ва қимирлайдиган бўлади. Бачадон тубининг баландлигига қараб ҳомиладорлик муддатини ҳамма вақт ҳам тўғри аниқлаш мумкин бўлавермайди.
Бачадоннинг катталиги фақат ҳомиладорлик муддатигагина эмас, балки қоғаноқ сувининг миқдорига, ҳомиланинг катта-кичиклигига ҳам боғлиқдир (унинг оғирлиги одатда 2500 дан 5000 г гача бўлади). Шунингдек бачадоннинг катталиги бачадон деворининг қалинлиги, ҳомиланинг миқдори унинг жойлашишига қоғаноқ олди суви ҳажмига ҳам боғлиқдир. Қорин айланаси киндик устидан сантиметр тизимчаси билан ўлчанади.
Ҳомиладорликнинг охирида қорин айланаси 96—100 см бўлади, қов суяги (симфиз) устидан бачадон тубининг баландлиги ҳам сантиметр тизимчаси билан ўлчанади.
Ҳомила узунлигини ўлчаш ҳам ҳомиланинг ёши ва ҳомиладорлик муддатини аниқлашда қўшимча усул бўлиб ҳисобланади. Бунинг учун ҳомиладорни чалқанча ётқизиб, одатдаги чаноқ ўлчагич (тазомер) билан ўлчанади (ўлчаш олдидан ҳомиладор қовуғини бўшатади).
Чаноқ ўлчагич бир учи одатда ҳомиланинг чаноқ қисми турадиган бачадон тубига, иккинчи учи эса ҳомила бошининг пастки юзасига қўйилади (ҳомила қисмларининг жойлашиши қорин девори орқали пайпаслаб кўриб аниқланади). Бу оралиқ, В. В. Сутугиннинг айтишича, ҳомила узунлигининг ярмисини ташкил килади. Шу усулда аниқланган ҳомила узунлигидан 2—3 см қорин девори қалинлигига чиқариб ташланади. Шу йўл билан ҳомила узунлигини аниқлаб, уни 5 га тақсимласак, бизга бачадондаги ҳомиланинг (ҳомиладорликнинг) муддати маълум бўлади. Масалан: чаноқ ўлчагичнинг кўрсатишича, бачадон туби билан ҳомила боши пастки қисмининг оралиғи 16 см бўлса, ҳомила узунлиги 32 см га тенг келади. Шундан 2 см қорин девори қалинлигига чиқарилса, 30 см қолади. Бу узунликни 5 га тақсимлаб, ҳомиладорлик муддати олтинчи ойининг охири (30:5) ҳисобланади. Шундай қилиб, ҳомиланинг узунлигига қараб, унинг муддати аниқланади.Бу формула Скульский формуласи деб айтилади.
Ҳомиладорлик муддатига қараб, ҳомиланинг неча ойлиги ва бўйини аниқлаш учун китобнинг олдинги бобларида Гаазе схемаси келтирилган эди.
Ҳомила бошининг энсаси билан пешонасидаги маълум нуқталар ораси унинг катталиги ҳисобланади. Бу нуқталар оралиғи одатда ҳомиладорликнинг тўққизинчи ойи охирида 11 см га тенг бўлади. Бу оралиқни ўлчаш учун ҳомиладор чалқанча ётқизиб текширилади.
Фигурнов схемаси. Ҳомила 32 ҳафталик бўлганида мавжуд ҳомиладорлик белгиларига қараб ҳамма ҳомиладор аёллар 3 турга бўлинади.
Биринчи турда — унча катта бўлмаган (9 см атрофида) ҳомила боши (кичик сегменти) чаноқнинг кириш қисмига зич суқилиб туради, қорин катта бўлмайди (айланаси 50 см атрофида бўлади), бачадон туби симфиздан 23—25 см юқорида, яъни ханжарсимон ўсимта билан киндик оралиғида туради. Бачадон бўйни катталашган бўлади.
Иккинчи турда — ҳомиланинг боши ўрта ўлчовда (10 см атрофида) бўлиб, чаноқнинг кириш қисмига суқилиб кирган бўлади, қорин айланаси 100 см га етади, бачадон унча катта бўлмайди. Унинг туби симфиздан 28 см юқорида, симфиз билан ханжарсимон ўсимта орасида туради, бачадон бўйни бирмунча катталашган бўлади.
Учинчи турда — ҳомиланинг боши чаноқнинг кириш қисмида, катта ёки ўрта ўлчовда (10-11 см), қўзғалувчан бўлади. Қорин айланаси 95—100 см бўлиб, бачадон туби киндик билан ханжарсимон ўсимта оралиғидан юқорида туради ва 30/32 см келади. Бачадон бўйнининг узунлиги 3 см бўлади.
Фигурнов ҳомила туғилиш йўлида чаноғи билан келганда бачадон тубининг бирмунча юқорида туришини ҳисобга олиб, баъзи ўзгаришлар киритишни, ҳомила кўндаланг келганда эса боши катталигини ҳисобга олиб Альфелд усулидан фойдаланишни (ҳомила узунлигини ўлчашни ва бошқаларни) тавсия этади. Бундан ташқари, ҳозирги пайтда ҳомила катта туғилиш ҳолатлари кўп учрамоқда (акселеризация), шуни ҳам ҳисобга олиш зарур бўлади. Аёлларга қулай шароит яратиш, оналик ва болаликни ҳимоя қилиш, оилани мустаҳкамлаш мақсадида ҳомиладорларга туғруқдан илгари бериладиган таътил календарь кунлари бўйича 1990 йил, 1 декабрдан бошлаб 70 кунга етказилди.
30 ҳафталик ҳомиладорликни аниқлаш мезони
30 ҳафталик ҳомиладорликни аниқлаш учун анамнезда қуйидаги саволлар билан аёлдан маълумот олинади:
-охирги ҳайз қачон бўлган?
-ҳомиладор бўлган вақтни аёл тахмин қила оладими?
-биринчи марта ҳомила қачон қимирлаган?
-акушер-гинекологга аёл биринчи марта келганда ҳомиладорлик неча ҳафталик деб белгиланган?
-олдинги маълумот (ҳомиладорлик муддати қанча давом этган, туғилган ҳомилаларнинг оғирлиги);
Объектив маълумотлар:
-бачадон тубининг қов суяги устидан қанча баланд турганини аниқлаш;
-қорин айланасини аниқлаш;
-аёлнинг бўйи ва вазнини ўлчаш.
Бачадон тубининг қов суяги устидан қанча юқорида турганлиги ҳомиладорлик муддатини аниқлашда асосий белгилардан биридир, бунда аёлнинг тана тузилиши, бўйи, тана оғирлиги, озғин ёки семизлиги ҳисобга олинади.
Мезон
|
Бўйи 160см гача |
Бўйи 165см гача
|
Бўйи 170см гача |
Бўйи 170см дан ортиқ |
||
Вазни 55кг |
Вазни 65кг |
Вазни 80кг |
Вазни 55кг |
Вазни 75 кг |
Вазни 90кг |
|
Бачадон тубининг баландалиги (см) ўртача Интервал (оралиқ)
|
28
27-29
|
29
28-30 |
30
29-31 |
29
28-30 |
29
28-31 |
30
29-32 |
Қорин айланаси (см) ўртача интервал
|
87
83-90 |
91
88-94 |
99
95-103 |
88
85-91 |
98
94-102 |
102
98-106 |
Бачадон тубининг баландлиги кўп аёлларда 30 ҳафталик ҳомиладорликда 29-31 см бўлади. Бўйи 160 см бўлган тери ости ёғ қатлами тана оғирлигига мос бўлган (тана оғирлиги 58 кг гача) ҳомиладор аёлларда бачадон туби 30 ҳафталик ҳомиладорликда қов суягидан 27-30 см юқорида бўлади. Тери ости ёғ қавати анча кўп (семиз) ҳомиладор аёлларда бачадон туби қов суягидан 30-32 см баланд бўлади.
Бачадон туби баландлигини ўлчашдан олдин қовуқ сийдикдан бўшатилади, иложи бўлса, ичаклар ҳам бўшатилади. Қорин айланаси киндик соҳасидан ўлчанади.
Ҳомиланинг пешана-энса ўлчови чаноқ ўлчагич (тазомер) билан ўлчанади, бу 30 ҳафталик ҳомиладорликда 10-11 см га тенг келади.
Одатда 30 ҳафталик ҳомиладорликда ҳомиланинг олдинда келувчи қисми чаноқ кириш қисмининг юқорисида бўлади ва уни осон қўзғатиш мумкин. Агар анамнез ва объектив текширишлар ёрдамида зарур маълумотлар олиш мумкин бўлмаса, хомиланинг гестацион ёши (она қорнидаги ёшидан) фойдаланиш керак.
30 ҳафталик ҳомиладорликни аниқлашда қуйидаги кўрсаткичлардан фойдаланиш мумкин: сон ва оёқ суяклари узунлиги, ҳомила бошининг ўртача ўлчови, ҳомила ривожланишдан орқада қолган-қолмаганлигини аниқлашда аёлнинг қорин айланасини ҳам ўлчаш лозим бўлади.
30 ҳафталик ҳомилани белгилаш (фетометрия бўйича маълумот)
Ультратовуш билан текширишда фетометрия кўрсаткичи
Ҳомиладорлик муддати
|
Бошнинг бипариетал ўлчови (см) |
Пешана-энса ўлчови (см)
|
Бошнинг ўрта ўлчови. чакка оралиғи+пешана-энса ўлчови(см)
|
||
2 |
|||||
30 ҳафталик ўртача интервал
|
7.5 8.3-6.7 |
9.8 10.8-8.8 |
8.6 9.5 |
||
|
|
||||
Ҳомиладорлик муддати
|
Қорин айланаси ўлчови (см)
|
Сон суяги узунлиги (см)
|
Оёқ катталиги (узунлиги, см)
|
||
30 ҳафталик ўртача интервал
|
8 9.1-6.8
|
5.6 6.3-4.7
|
5.6 6.4-4.8
|
||
Юқорида 30 ҳафталик ҳомиланинг фетометрия кўрсаткичлари келтирилган.
Агар 30 ҳафталик ҳомиладорликни аниқлашда қийинчилик туғилса, бу 3 кишидан иборат врачлар комиссияси иштирокида ҳал қилинади.
ҲОМИЛАДОРЛИКДА АЁЛЛАР ОРГАНИЗМИДА РЎЙ БЕРАДИГАН ЎЗГАРИШЛАР
Уруғланган тухум бачадоннинг кўчиб тушувчи пардасига жойлашган пайтдан бошлаб ва айниқса аллантоис орқали озиқланиш даврида (эмбрион ҳаётининг иккинчи ҳафтасидан) эмбрион ўзининг ривожланиши учун зарур бўлган ҳамма моддаларни она қонидан олади. Сўнгра (ҳомила туғилгунга қадар) она билан ҳомила ўртасида моддалар алмашинуви қон орқали давом этади.
Ҳомила тўғри ривожланиши учун зарур бўлган витаминлар ҳомилага она организмидан ўтади, ҳомила кислородни она қонидан олади. Ҳомилага кислород етарлича ўтмаса, унда кислород танқислиги рўй беради ва ҳомила нобуд бўлиши мумкин.
Ҳомиладорликнинг иккинчи ярмидан бошлаб она организмига тушган оқсил асосан ҳомила тўқималарининг ташкил топишига сарфланади, она тўқималарида ва плацентада йиғилган кальций тузлари эса ҳомила скелетининг ташкил топиши учун сарфланади. Агар бу тузлар етишмаса, ҳомиладорлик вақтидан илгари тўхташи ва ҳомила нобуд бўлиши мумкин.
Она организмида ҳомиланинг нотўғри ўсиши, соғлом бўлмаган (яллиғланган) туғиш йўлидан ўтиши, аввалги туғруқларда бўлган операциялар ва бошқалар ҳомила учун оғир ҳолларнинг рўй беришига сабаб бўлиши мумкин. Она соғлом бўлса, туғиш йўлларида нуқсон бўлмаса, ҳомила нормал ривожланади ва нормал етилиб, ўз вақтида туғилади.
Ҳомиладор аёл оиласида баъзи ирсий касалликлар, ҳомиладорнинг ўзи бошидан кечирган хасталиклар (рахит, тепки, қизилча ва бошқа юқумли касалликлар) ҳомиладорлик ва туғиш жараёнини мураккаблаштириши мумкин. Бу касалликлар таъсирида ҳомиланинг айрим аъзолари ўсмай қолиши ва баъзан у ўсишдан тўхтаб, чала туғилиши мумкин.
Шундай қилиб, она организми ҳомила учун озиқланиш манбаидир, у ҳомиланинг ўсиши, ривожланиши учун барча зарур моддалар билан таъминлайди.
Ҳомиладорликда кўкрак қафаси (унинг пастки қисми) кенгаяди, қовурға айланаси кўтарилади. Бу хилдаги ўзгариш ҳомиладорликнинг эрта муддатларидаёқ кузатилиши мумкин.
Ҳомиладорликда симфизда ва қов суягида, думғаза-ёнбош бўғимида янги тоғай тўқимаси вужудга келади ва ҳомиладорликдаги остеофитлар деб аталган ҳолат, пешона ва чакка суяги ички юзасида сарғимтир-қизил қатлам кузатилади.
Чаноқдаги бўғимлар соҳасида сероз суюқлиги кўпайиши натижасида юмшайди. Чаноқ бўғимларининг юмшаши уларнииг ҳаракатланиш хусусиятини оширади. Бу ҳол туғруқ жараёнида симфиз бўғимининг бир оз очилишига, чаноқ кириш қисми ўлчовининг кенгайишига имкон беради, натижада ҳомила бошининг осон туғилишини таъминлайди.
Баъзи ҳолларда ҳомиладорликда акромегалия белгилари кузатилади: оёқ, қўл ва пастки жағ суяклари катталашади. Ҳомила ўсган сари аёл қорин деворининг териси чўзилади. Бу ҳолат айниқса қоғаноқ суви кўп, ҳомила катта ёки эгизак бўлганда кузатилади.
Ҳомиладор қорин деворининг териси кўп чўзилиши натижасида унда ҳомиладорлик чизиқлари (striae gravidarum) ҳосил бўлади (баъзан олимлар бу фикрни рад қиладилар). Чизиқлар пайдо бўлишига терининг эластиклиги ва бириктирувчи тўқималарнинг бир-биридан ажралиши сабаб бўлади деб тахмин қилинади.
Агар чизиқлар ушбу ҳомиладорликда вужудга келган бўлса, юпқалашган тери остидан унинг бириктирувчи тўқимасидаги томирлар пушти рангда кўринади.Агар чизиқлар олдинги ҳомиладорликда пайдо бўлган бўлса, улар оқиш йўл-йўл бўлиб қолади,чунки унинг юзаси бириктирувчи тўқима билан қопланади.
Шунингдек, чизиқлар осон ва сут безлари териси юзасида ҳам юзага келиши мумкин. Баъзан ҳомиладор бўлмаган аёлларда ҳам ҳомиладорлик давридагига ўхшаш чизиқларни кўриш мумкин. Шунга кўра бу ҳолатни баъзи олимлар эндокрин безлар фаолиятига боғлиқ дейдилар. Баъзи аёлларда ҳомиладорликнинг охирги муддатларида юзда, қорин деворининг оқ чизиғида туклар ўсади, чилла даврининг 2—3 ҳафтасида эса бу туклар йўқолади. Бу ҳолат эндокрин безлар ва такомиллашаётган плацента фаолиятига боғлиқдир.
Ҳомиладорликда қорин девори ўртасидаги оқ чизиқда, сут безлари сўрғичи атрофидаги ҳалқада, ташқи жинсий аъзоларда, киндик атрофида, баъзан юзда (пешона, юз, юқори лаб устида) қорамтир доғлар кўпаяди, бу ҳам терида рўй берадиган ўзига хос ўзгаришлардандир (choalasma gravidarum). Бу ҳолат буйрак усти безлари фаолиятига боғлиқ бўлади.
Маълумки, ҳомила ўсиши туфайли аёл оғирлиги ортади, чунки ҳомила ўсган сари қоғаноқ суви кўпаяди, бачадон мускуллари гипертрофияси рўй беради ва қўшимча қон айланиш тизими такомиллашади. Натижада ҳомиладор аёлнинг оғирлиги ҳар ҳафтада 400-450 граммга ошади. Бундан ташқари, баъзи аёллар ҳомиладорликда семириб кетадилар.
Ҳомиладорнинг киндигида ҳам ўзгариш рўй беради. Ҳомиладорликнинг иккинчи ярмида киндик текислашади, охирги ойида эса бўртиб чиқади. Бу белги ҳомиладорлик муддатининг (10- ойи) бошланганини билдиради.
Ҳомиладорлик даврида моддалар алмашинуви
Бy даврда аёллар организмида аъзо ва тизимлар функцияси ўзгариши билан бирга моддалар алмашинуви ҳам ўзгаради.
Ҳаво алмашинуви. Хорион киприклари оралиғида, киприк капиллярлари деворининг жуда юпқа пардаси ва уларни қоплаб турган эпителийлар ёрдамида она билан ҳомила қони ўртасида яқин алоқа боғланади.Аммо она қони билан ҳомила қони аралашмайди, чунки ҳар бирининг ўзига хос қон айланиш тизими мавжуд.Ҳаво алмашинуви асосан кислород алмашувидан иборат. Она организмидаги кислороднинг бир қисмини ҳомила ўзлаштиради, шу туфайли ҳомиладор аёл организмининг кислородга бўлган эҳтиёжи жуда ортади.
Оқси л алмашинуви. Ҳомиладор аёл организмидаги оқсил моддалар ҳомиладорлик даврида (айниқса биринчи ярмида ) бачадоннинг ўсиши ва сут безларининг ривожланиши учун зарур бўлган махсус оқсил моддаларни ишлаб чиқаришга, кейинчалик эса ҳомиладор организмида ҳомила тўқимаси ва аъзоларнинг шаклланишига сарфланади.
Бундан ташқари, туғиш ва чақалоқни эмизиш вақтида (туққандан кейинги 1—1,5 йил давомида) она организмидан сарф бўладиган оқсилни тиклаш учун оқсил моддаларнинг бир қисми сарфланади. Одатда ҳомиладорлик даврида оқсил алмашинуви сусаяди, шунга кўра у оқсилга бой ҳайвонот маҳсулотларини кўп тановул қилиши ярамайди, чунки ҳомиладор организмида оқсил кўпайса зарарли таъсир кўрсатадиган оралиқ маҳсулотлар (тўла парчаланмаган оқсиллар) тўпланиши мумкин. Шунга кўра бошқа турдаги оқсиллардан фойдаланиш керак.
Минера тузлар алмашнуви.Ҳомиладор аёл организмидаги тўқималарда, айниқса ҳомиладорликнинг иккинчи ярмида сув ва хлоридлар кўпаяди. Бy иккала омил тўқималарнинг қайишқоқлик хусусиятини оширади ва туғруқ вақтида ҳомиланинг туғиш йўлларидан ўтиши осонлашади.
Ҳомиладор ва ҳомила учун кальций, натрий, кальций, фосфор, магний ва темир тузлари керак бўлади. Кальций тузлари ҳомила скелетининг суякланишига сарфланади. Агар она организмига калций тузи етарли миқдорда тушмаса, ҳомила скелети турли ўзгаришларга учрайди. Организмда кальций тузининг етишмаслиги ҳомиладор тишларининг емирилишига, чириб бузилишига, тирноқларининг мўрт бўлиб қолишига олиб келади. Оғир ҳолатларда суяклар юмшаб мўрт бўлиб қолади. Ҳомиладор организмидаги фосфор асосан кальций тузи билан бирга ҳомила суяк тизимининг ривожланишида иштирок этади. Бундан ташқари, фосфор нерв тизимининг тузилиши учун ҳам сарфланади. Агар шу ҳар хил тузлар организмда етарли бўлмаса, тетания, остеомаляция вужудга келиши мумкин. Фосфор ва кальций тузлари етишмаса, чаноқ суяги юмшаб шакли ўзгариши мумкин. Аммо бу патологик ҳолат ҳозирги вақтда деярли учрамайди, чунки ҳамма аёллар оилавий поликлиникада аёллар шифокор текширувидан ўтадилар ва уларга вақтида керакли маслаҳатлар берилади.
Teмир тузлари ҳомила организмида қон элементлари ташкил топиши учун зарурдир. Бу тузлар асосан ҳомиланинг жигари ва талоғида йиғилади. Она сутида темир тузлари кам бўлганлиги сабабли чақалоқ туғилгандан сўнг дастлабки биринчи ой мобайнида ўз организмида йиғилган шу тузларни сарфлайди. Кўп муаллифларнинг фикрича, ҳомиланинг тараққиёти учун ўрта ҳисобда 450 мг темир тузлари сарфланади. Ҳомиладор аёл таркибида темир тузлари бўладиган овқатлардан еб турмаса, организмида темир моддаси камайиб кетади. Бу ҳолат кўпинча ҳомиладорликнниг 20-28- ҳафталарида намоён бўла бошлайди. Агар аёл организмида темир моддаси жуда ҳам камайиб кетса, ҳомила чала туғилиб, нобуд бўлиши мумкин.
Темир моддасииинг етишмаслиги кўпинча камқонлик касаллиги (гипохром анемия)га олиб келади. Бундай анемия Ўзбекистонда 60%—80% ҳолларда учрайди. Шунга кўра бу борада аёллар ўртасида санитария-профилактика ишларини олиб бориш зарур.
Карбонсув (углевод) алмашинуви. Ҳомиладорлик даврида аёл организмида карбонсув алмашинуви бирмунча кўпаяди. Бунда организм карбонсувни гликоген сифатида ўзлаштиради ва у жигарда тўпланади. Вақт-вақти билан аёлда физиологик глюкозурия кузатилади, бу ҳолатга буйрак эпителийларининг қанд ўтказиш хусусияти ошиши сабаб бўлади, деб ҳисобланади. Қонда эса қанд миқдори ошмайди, ҳомиладорлик даврининг охирроғида бир оз ошиши мумкин, аммо нормал чегарадан чиқмайди. Бу ҳолат вегетатив нерв системаси фаолиятига боғлиқдир.
Карбонсув организмга қувват берувчи модда ҳисобланади.
С у в а л м а ш и н у в и. Ҳомиладорлик давомида аёл организмида, айниқса тўқималар ичида сув йиғилади, бу баъзан ҳомиладор танаси шишиб кетишига сабаб бўлади.
Ҳомиладорлик даврида она организми ва ўсаётган ҳомиланинг сувга бўлган талаби ортади, шунга кўра аёл илгаридан кўра кўпроқ сув ичишга мажбур бўлади. Аммо агар аёлда шиш пайдо бўла бошлаган бўлса, сув ичишни камайтириш мумкин. Шиш ҳомиладорликнинг иккинчи ярмида кузатиладиган гипертензия ҳолатларида учрайдиган симптомлардан бири бўлиб ҳисобланади.
Витаминлар а л м а ш и н у в и. Ҳомиладор аёл организмида витаминлар етишмаса гиповитаминоз, оғир ҳолатларда авитаминоз касаллиги вужудга келади. Бу ҳолат ҳомиланинг муддатидан олдин туғилишига, яхши ўсмай қолишига сабаб бўлади.
Ҳомиладор аёл организмида витаминлар камайиб кетса, токсикозларнинг авж олишига қулай шароит яратилади. Аёл организмининг айниқса витамин A, D, В, Е, С витаминларига бўлган талаби катта бўлади.
С витамини сперматозоид билан тухум ҳужайранинг қўшилиш жараёнининг тўғри кечиши, шунингдек фолликуллаларнинг ўсиши, бачадон децидуал пардасининг ривожланиши учун ҳам зарур. Организмнинг С витаминига талаби ҳомила ўсган сари орта боради. Агар организмнинг С витаминига бўлган талаби 50 мг бўлса, ҳомиладор организми 120—125 мг, ҳатто 224 мг ни талаб қилади (Г. А. Бакшт). Йўлдош С витамини учун депо ҳисобланиб, ҳомиланииг талабини вақти-вақти билан қондириб туради. Баъзи олимларнинг кўрсатишича, ҳомила организмида тўпланган С витамини она организмидаги миқдордан кўп.
Ҳомиладор аёл организмининг D витаминига бўлган эҳтиёжи ҳам катта. Маълумки, D витамини кальций ва фосфор алмашинувини бошқариб, тартибга солиб туради. Агар организмда D витамини етишмаса, онада остеомаляция, ҳомилада эса рахит касаллиги вужудга келиши мумкин.
Ҳомиладорликнинг нормал кечиши учун Е ва А витаминлари ҳам зарур. Агар Е, А витамини етишмаса, ҳомила чала туғилиши мумкин.
Ёғ алмашинуви. Ҳомиладорлик даврида аёл қонида липоид каби нейтрал ёғлар ва холестерин ҳам кўпаяди. Булар ҳомила танасининг тузилиши, тери ости ёғ қатламининг ташкил топиши, айниқса ҳомиланинг тараққиёти, бундан ташқари, сут безларида сут ишланиб чиқиши учун зарур бўлади.
Ёғларнинг парчаланиши организмда ацетон вужудга келишига сабаб бўлади. Ҳомиладорликнинг биринчи ярмида учрайдиган токсикозларда тўхтовсиз қусганда сийдикдан ацетон таналари топилади, агар бу ҳолат давом этаверса ҳомиладорликни тўхтатиш лозим бўлади.
Ҳомиладорлик даврида аёл ўтида холестерин кам бўлади, аммо чилла даврида кўпайиб, баъзан ўт пуфагида тош йиғилишига мойиллик пайдо бўлади. Ёғ ҳомиладор аёлнинг юрак мускуллари орасида, сут безларида, йўлдошда ҳам кўп тўпланади.
Ҳомиладор аёл ёғли овқатларни кўп истеъмол қилса, организмида ёғнинг парчаланиши издан чиқади ва натижада унда тўла ёнмаган ёғнинг зарарли маҳсулотлари тўпланади ва улар сийдикка ўтади. Оқсил ва карбонсувларнинг тўла ёнмаган маҳсулотлари физиологик ацидозга ва сув алмашинувининг бузилишига сабаб бўлади.
Бачадон бойламларидаги ўгзаришлар. Ҳомиладорликда бачадон бойламлари ҳам ҳомила ўсган сари катталашиб (гипертрофия), узунлашади. Бачадоннинг думалоқ бойлами (leg. rotundum) 4 баробар узунлашади. Думғаза - бачадон бойлами (leg. sacrouterinae) қўл жимжилоғи йўғонлигида бўлиб қолади. Бойламларнинг бундай ўзгариши ҳомиланинг ўсишига ва туғруқда анча қулайлик келтиради. Хусусан, думалоқ бойлам туғиш жараёнида гўё от юганига ўхшаб бачадон тубини тутиб туради. Бу бойламни ҳомиладорликда пайпаслаб кўриш мумкин.
Баъзи акушерлар думалоқ бойламнинг туриш ҳолатига қараб, йўлдошнинг қаерга ёпишганини тахмин қилса бўлади, дейдилар. Масалан, агар йўлдош бачадоннинг орқа деворига жойлашган бўлса, думалоқ бойлам анча олдинда ва бир-бирига яқинроқ жойда бўлади. Агар йўлдош бачадоннинг олдинги деворига жойлашган бўлса, унда думалоқ бойламлар анча орқароқда бўлади.
Ҳомиладорликда эндокрин системанинг ҳолати. Ҳомиладорликда эндокрин система анатомик ва физиологик жиҳатдан бир қатор қаршиликларга учрайди. Бу даврда эндокрин системага яна иккита без-йўлдош ва сариқ тана қўшилади. Айниқса,гипофиз безида анатомик ва гистологик ўзгаришлар кузатилади. Гипофиз жинсий аъзолар билан функционал жиҳатдан боғлиқ бўлади, бунинг аҳамияти каттадир.
Ҳомиладорликда гипофизнинг олдинги бўлаги анчагина катталашади. Гипофизнинг олдинги бўлагида бўялиш жадаллигига қараб 2 хил хромофилли бўлади. Хромофилли ҳужайралар доналарининг бўялишига қараб ацидофил ва базофил ҳужайраларга бўлинади .
Гипофиз олдинги бўлагининг катталашишида баъзан ҳомиладор аёлда акромегалия белгиларини учратиш мумкин. Аммо ҳoмиладорлик тўхташи билан бу белгилар ўз-ўзидан йўқолиб кетади. Гипофизнинг орқа бўлаги (нейрогипофиз) ҳомиладорликда катталашмайди. Гипофизнинг олдинги бўлаги кўп миқдорда гонадотроп гормонлар ажратади. Гипофиз орқа бўлагининг фаолияти олдинги бўлаги каби марказий нерв системаси назоратида бўлади.
Қалқонсимон безлардаги ўзгаришлар. Ҳомиладорликда қалқон-
симон без бирмунча катталашади. Турли муаллифларнинг фик-
рига кўра, бу ҳолат 35—40% ҳолларда учрайди. Безнинг катталашиши на-
тижасида моддалар алмашинуви ортади, қонда йод миқдори кўпаяди, яъни
гипертиреоз пайдо бўлиши мумкин. Бу ҳолат ҳомиладорликнинг иккинчи ярмида кузатилади. Кўпинча без функцияси сустлашиши (гипофункция) мумкин. Бунда йод камайиб кетади, қоннинг қуюлиш хусусияти сусайиб қолади.
Қалқонсимон без олдидаги без кальций алмашинувини бошқаради, ҳомиладорликда унинг фаолияти ошади. Баъзан ҳомиладорликда тиришиш ҳолатларини кўриш мумкин, бу организмда кальций тузининг камайиши туфайли вужудга келади. Бу ҳолат қалқонсимон без олдидаги без фаолияти сусайганда юз беради.
Буйрак усти безидаги ўзгаришлар. Буйрак усти бези пўстлоқ қавати қалинлашиши натижасида катталашади. Буйрак усти безидан оқсил, кўмир ва минерал моддалар алмашинувини бошқарувчи гормонлар (кортизон, гидрокортизон) ҳомиладорликда кўпроқ ажралади. Бу безнинг фаолияти ҳомиладорлик даврида муҳимдир.
Асаб системасидаги ўзгаришлар. Ҳомиладорликда мия пўстлоғининг вазифаси ҳақида бир қатор текширишлар ўтказилган. Хусусан М. Л. Гармашова ҳамкасблари билан ҳомиладорликнинг эрта муддатларида ҳам мия пўстлоғида ўзгаришлар бўлишини электроэнцефалограмма ёрдамида аниқлаган. Ҳомиладорликда мия пўстлоғи билан бош мия орасидаги алоқадорлик ўзгаради. Мия пўстлоғида тормозланиш жараёни ошиши, пўстлоқ остида эса тормозланиш жараёнининг сусайиши кузатилади. Шунга кўра вегетатив нерв системасининг тонуси ўзгаради.
Кўпинча вегетатив белгилар юзага келади: ҳомиладор аёлнинг сўлаги оқади, кўнгли айнийди, қайт қилади (ошқозон пилорус қисмининг спазмаси) ҳамда вегетатив нерв системасининг фаолияти бузилади. Қабзият, веналарнинг кенгайиши, сийдик йўлининг қовуққа уланган қисми кенгайганлиги, дермографизмнинг ўзгариши ва бошқалар кузатилади.
Ҳомиладорлик муддатининг охирларида бош мия пўстлоғининг қўзғалувчанлиги анча сусаяди, орқа миянинг рефлектор равишда қўзғалиши зўраяди, бу ҳолат туғруқ дарди бошланиши сабабларидан биридир. Шундай қилиб, ҳомиладор организмининг туғишга тайёрланиши асосан асаб системасининг мураккаб рефлектор реакциясига боғлиқдир. Бачадон рецепторлари сезувчанлигининг аста-секин ошиши туғруққа тайёрланишга имкон беради.
Ҳомиладорлик бошланишида вужудга келган шартли рефлекслар ҳомиланинг биринчи қимирлашидан то охиригача анчагина ўзгаради, аммо туғруқ дарди бошланиши билан бутунлай йўқолади. Ҳомиладорликда анализаторларнинг фаолияти ўзгариб, бу ҳолат кўриш ва эшитиш қобилиятига таъсир қилади. Парестезия (бармоқларнинг жонсизланиши, чумоли юрганига ўхшаш жимирлаш) ҳолати кузатилади.
Периферик нерв системасидаги ўзгаришлар. Невралгик оғриқлар, айниқса ишиалгия хусусиятидаги, думғаза ва бел соҳасидаги оғриқлар билан намоён бўлади. Кўпинча аёлнинг болдири ва ахилл пайи соҳасида томир тортишади. Баъзан периферик нервларнинг қўзғалувчанлиги ортади (тетанияга ўхшаш ҳолат), тизза рефлекслари зўраяди.
Ҳомиладор аёлнинг салга жаҳли чиқадиган бўлиб қолади, кайфияти ўзгариб туради, уйқучанлик кузатилади, жинсий майл сусаяди. Юқорида қайд қилинган ҳолатлар мия пўстлоғи ва пўстлоқ ости фаолияти ўзаро мувозанатининг ўзгаришига боғлиқдир.
Юрак ва қон томирлар системасидаги ўзгаришлар. Ҳомиладорликда диафрагманинг юқори туриши юракнинг ҳам юқорига жойлашишига сабаб бўлади. Ҳомиладорликнинг охирида юрак бир оз кўндаланг ва кўкрак қафасига яқин ётади. Бунда юрак чегараси кенгаяди, юрак зарби анча четроқда бўлади. Катта қон томирлар кўпроқ эгилганига кўра нозик юрак шовқини, кўпинча систолик шовқин эшитилади. Сут безлари катталашиб, тўлишгани туфайли юрак чегарасини аниқлаш қийинроқ бўлади, буни ультратовуш ва рентген ёрдамида аниқласа бўлади. Агар юрак нормал бўлса, ҳомиладорликда деярли ўзгармайди.
Ҳомиладор юраги ҳомила ўсиши билан аста-секин унга мослаша боради: мускуллари гипертрофиялашиб бир оз кенгаяди, функционал хусусияти ортади. Чунки аёл организмида учинчи қон айланиш системаси (бачадондаги қон айланиш) вужудга келганига кўра, периферик қон томирларнинг қаршилиги ортади. Бачадон катталашган сари бу ҳолат оша боради.
Ҳомиладорликда умумий қон миқдори кўпаяди. Агар қон миқдори ҳомиладор бўлмаган аёлларда умумий тана оғирлигига нисбатан 1/16—1/20 ни ташкил қилса, ҳомиладорликда 1/12—1/14 га етади. Қоннинг солиштирма оғирлиги ҳомиладор бўлмаган аёлларда 1054—1063 бўлса, ҳомиладорларда камайиб, 1040— 1051 бўлиб қолади. Бу ҳолат тўқималарнинг умумий сув ўтказувчанлик хусусиятига таъсир қилади.
Ҳомиладорликда қоннинг ивиш хусусияти ошади, фибрин ва фибриноген миқдори кўпаяди, қон пластинкалари кўпаяди, шунга кўра ҳомиладор аёлларда тромбоз хавфи бўлади. Ҳомиладорлик охирида қоннинг ёпишқоқлиги ошади, қон зардобида липидлар (холестерин) кўпаяди.
Қон ишлаб чиқариш системаси, айниқса суяк кўмиги бир қатор ўзгаришларга учрайди. Физиологик кечаётган ҳомиладорликда суяк илигининг гемопоэтик (қон ишлаб чиқариш) фаолияти ортади. Бунда эритробласт тўқимасида деярли ўзгариш бўлмайди, аммо лейкобласт тўқимасида ҳомиладорликнинг охирида, айниқса биринчи туғувчиларда онда-сонда дегенератив ўзгаришлар кўрилади.
Суяк кўмигининг қон ишлаб чиқариш фаолияти айниқса ҳомиладорликнинг 7—8 ойларида жадаллашади, кейинроқ бир оз сустлашади. Эритробластик реакция, ҳомиладорликнинг биринчи ойларидан мегалобластлар кузатилади.
Нормобластлар орасида митоз базофиллари ва бошқа регенератив шаклларининг кўпайгани, моноцит ва лимфоцитларнинг камайгани кузатилади.
Периферик қонда нейтрофилли лейкоцитоз ва лимфопения бўлади. Қизил қонда кўпинча анемия ҳолати кузатилиб, гемоглобин фоизи ва эритроцит миқдори камаяди. Ранг кўрсаткичи 0,9 атрофида бўлади. Бу ҳолат ўсаётган ҳомила талабини қондириш учун темир моддасининг сарфланаётгани ва бу ҳол камқонликка олиб келганидан далолат беради.
А. А. Қодирова, Ю. Қ. Жабборова ва бошқалар ҳомиладорликнинг иккинчи ярмида камқонлик (анемия) вужудга келишини, шу муддатда темир моддаси организмда камайиб кетишини, овқатланишга аҳамият бериш, темир моддасига бой таомлар истеъмол қилиш зарурлигини таъкидлайдилар.
Сут безларидаги ўзгаришлар. Ҳомиладорликда сут безлари сут ишлаб чиқаришга тайёрланади. Без бўлаклари катталашади, пайпаслаб кўрилганда қаттиқ тугунчага ўхшайди. Сут бези сўрғичлари катталашиб, атрофи билан бирмунча қорамтир бўлиб қолади. Без тугмачаси атрофида майда-майда безчалар бўртиб чиқади (мангомер безлари — glandula mangomeri).
Сут бези таранглашиб, бир оз осилиб қолади, веналари кенгаяди. Без бўлакларидаги эпителиал ҳужайралар катталашиб, уларнинг протоплазмасида мой томчилари пайдо бўлади. Агар кўкрак сўрғичи атрофи сиқилса, ҳомиладорликнинг биринчи ҳафталаридаёқ оғиз сути (Colostrum) чиқади. Ҳатто ҳомиладорликнинг иккинчи ярмида оғиз сути сиқмаса ҳам ўз-ўзидан чиқиши мумкин. Сутнинг етарли миқдорда бўлишини кўкракнинг катта-кичиклигига ва без бўлакларининг, теридаги веналарнинг кўплигига ва сўрғич атрофидаги доиранинг катта-кичиклигига қараб билиш мумкин.
Сут безларидаги бу ўзгаришлар гормонлар таъсирига боғлиқ. Кўпгина муаллифларнинг фикрича, тухумдондан ажраладиган эстроген гормон сут безлари тараққиётига таъсир қилса, гипофиз безининг олдинги бўлагидан ажраладиган пролактин сут ишланиб чиқишига таъсир қилади. Оз миқдордаги пролактин сут ажралишини кўпайтирса, кўп миқдордагиси, аксинча, сутни камайтиради.
Нафас аъзолари системасидаги ўзаришлар. Ҳомиладорлик даврида ўпка, жигар, диафрагма воситасида юқорига сиқилишига қарамай, унда деярли функционал ўзгаришлар бўлмайди. Бу ҳолат кўкрак қафаси юқори ва пастки қисмининг кенгайиши билан ифодаланиб, ҳомиладор организмида сезиларли ўзгаришларни вужудга келтирмайди. Бунинг натижасида ҳомиладорликда ўпканинг ҳажми кенглигича қолади ва ҳаво алмашинуви бирмунча ортади. Ҳомила катта, қоғаноқ суви кўп ёки ҳомила биттадан ортиқ бўлган ҳоллардагина ҳомиладорликнинг охирги даврида нафас тезлашади ва ҳатто нафас қисиши каби ҳолатлар юз беради.
Овқат ҳазм қилиш аъзоларидаги ўзгаришлар. Ҳомиладорликнинг биринчи ойларида овқат ҳазм қилиш аъзолари фаолияти бузилади. Бундай ҳол юқорида айтиб ўтилганидек, вегетатив нерв системаси фаолияти бузилишидан келиб чиқади.
Ҳомиладор аёлнинг баъзан кўнгли айнийди, қайт қилади, сўлаги оқади, ичаклар атонияси, қабзият кузатилади, аёл баъзи овқатларни хуш кўрмайдиган бўлиб қолади. Бўр, кесак ва шунга ўхшаш истеъмол қилиб бўлмайдиган нарсаларни кўнгли тусайди. Бундай ҳолат ҳамма ҳомиладорларда ҳам бўлавермайди. Бош қоронғилик деб аталадиган бундай ҳолатлар 3—4 ой мобайнида йўқолади.
Сийдик чиқариш аъзоларидаги ўзгаришлар. Ҳомиладорликда бошқа аъзолар каби буйракнинг вазифаси ҳам ортади. Буйрак организмда сув алмашинувини тартибга солувчи, она ва ҳомила организмидан ажралган алмашинув маҳсулотларини ташқарига чиқарувчи аъзодир. Ҳомиладорликда буйракнинг фильтрлаш хусусияти сусаяди, шу сабабли ҳомиладор аёл сийдигида кўпинча оз миқдорда қанд ва оқсил топилади, лекин бу патологик ҳолат ҳисобланмайди.
Сийдикда қанд пайдо бўлиши физиологик глюкозурия деб аталади. Агар сийдикда оқсил пайдо бўлса, бу ҳомиладорликда гипертензия ҳолати бошланишидан дарак беради.
Ҳомиладор организмида сув алмашинуви жараёни ортиши сабабли сийдик миқдори кўпаяди ва ҳомила қовуқни босиб, аёлни тез-тез сийишга мажбур қилади.Бундай ҳол сийдик йўллари касалликларида ва сийдик-тош касалликларида ҳам учраши мумкин.
Туғруққача парвариш мақсади:
-болани соғлиги
-ота-оналик вазифасини бажариш кўникмаларини эгаллашда ҳомиладор аёл унинг шериги ёки оиласини қўллаб қувватлаш
-Бу шуни билдирадики тиббиёт ходимлари нафақат туғруққача парваришни ташкил этишни балки уларни ўқитишни ҳам билишлари керак
Оилавий поликлиника ва ҚВПларидаги тиббиёт ходимларининг ўрни.
Саломатликни тиклаш ва касалликларни профилактикасига қаратилган чора-тадбирларни ўтказиш
Керакли даволашни таминлаш
Махсус парвариш ва туғруққача ўқитишда бошқа тиббиёт ходимлари билан ҳамкорликда ҳаракат қилиш зарур
Аёлга ўз соғлиги устида қайғуришни ўргатиш
Ҳомиладорлик туғруқ ва чилла даврини кечиши билан боғлиқ чўчишларни бартараф этиш ва тушунтириш ишларини олиб боришда иштирок этиши зарур
Режали кўрик учун тавсия этиладиган муоалажалар:
Қон босимини ўлчаш
Сийдик анализи
Бачадон туби баландлигини динамикада ўлчаб бориш
Шиш ва вена томирларининг варкоз кенгайиши бор йуқлигини аниқлаш учун оёқларни кўздан кечириш
Резус-факторни аниқлаш
Қон анализи (қон гурухи, гемоглобин миқдори)
Бир маротаба ҳомилада патологик ҳолатлар бор йўқлигини аниқлаш мақсадида (18-20 хафталикда) УТТ ўтказиш
Биринчи маротаба келганида тана вазни индексини (ТВИ)аниқлаш
Ҳомила ўсишини мониторинги
Ҳомиладор аёлларга ҳар бир келганида ҳомила ўлчамлари ҳомиладорлик муддатига мос ривожланаётганлигини аниқлаш мақсадида ҳомила ўсишини аниқлаш ўтказилади. Бунинг учун бачадон туби баландлиги ўлчаниб гравидограммага ёзиб борилади ҳомиладор ҳар сафар оилавий поликлиникага келганида
Тавсия этиладиган текширувлар
- эр-хотинни Rh –мослиги
-ОИТС, захм, токсоплазмоз, В ва С гепатитлари, қизилча ва сил инфекцияларига текширув
- Экстрагенитал патология аниқланса – керакли мутахассисга йулланма берилади
- Генетик патология хавфи мавжуд бўлганда эр-хотинга генетик маслахатхонага йўлланма берилади.
Туғруққача бўлган даврда кузатувнинг мақсади – аёлнинг соғлом бўлишига, шу билан бирга, туғилмаган чақалоқнинг соғлиғини сақлаб қолишга ёрдам беришдан иборат. Бундан ташқари, туғруқдан олдинги кузатув ҳомиладор аёл ва унинг турмуш ўртоғи ёки оиласини қўллаб- қувватлашга, оналик ва оталикка ўтишга ёрдам беради.
Она ва болага ҳомиладорлик ва туғруқ пайтида малакали ёрдам кўрсатиш учун самарали тартиб ўрнатилиши муҳим, чунки ҳомиладорлик даврида, туғруқда ва туғруқдан кейинги асоратларни олдиндан билиб бўлмайди. Бундай асоратлар қўққисдан пайдо бўлиб, уларнинг кейинги таъсирлари ҳатто она ва бола ҳаётига таҳдид солиши мумкин. Кўпинча бундай асоратлар кўзга кўринарли белгиларсиз пайдо бўлиб,тез орада ривожланиши мумкин. Шу муносабат билан эҳтимол тутилган асоратларни илк даврида аниқлаш ва чора-тадбир кўриш учун малакали тиббиёт ходимларига тезкорлик билан юбориш зарур.
Туғруқдаги аралашувлар фақат тиббий кўрсатмалар бўлгандагина амалга оширилади. Тиббий аралашув фақатгина она ва чақалоқнинг аҳволи талаб қилсагина ўтказилади. Туғруқ вақтида аёл жуда сезгир бўлиб қолади, атрофдаги кишиларнинг хатти- ҳаракатлари, ўзларини тутишлари унга ўз таъсирини ўтказади. Туғруқ вақтида аёлга ҳамроҳ танлаш имконини бериб, биз туғруқнинг натижаларини яхшилаймиз. Ҳамроҳ аёлга жисмоний ёрдам бериши мумкин (масалан, орқасини силаш, ёки терини артиш), лекин унинг асосий вазифаси руҳан ёрдам бериш ва аёлни қўллаб-қувватлаш, кайфиятини кўтаришдир. Онага ўзи учун энг қулай бўлган ҳолатни эгаллашига рухсат бериш керак. Стерил эмас, балки покиза туғруқ тавсия этилади. Иложи борича қалпоқ ва ниқобдан воз кечиш керак, махсус кийимни эса фақат тиббий ходимлар кийимини ҳимоя қилиш учун кийилади. Шуни ёдда тутиш керакки, она ва янги туғилган чақалоқ орасидаги биринчи дақиқалар ва соатлардаги контакт улар ҳаётидаги энг муҳим лаҳзалар бўлади. Бу аёлнинг бутун умри давомида эсидан чиқмайдиган таъссурот қолдириши мумкин. Бу вақтда пайдо бўлган ҳис-туйғулар узоқ йиллар давомида она билан бола орасидаги муносабатларга таъсир этиши мумкин. Шунинг учун тиббий ҳодимлар бу лаҳзага диққат билан ёндошиб оилани қўллаб-қувватлаб, руҳлантириб ва рағбатлантириб туришлари керак. Бундай пайтларда қаттиқ гапиришлар ва танқид қилишлар ноўрин.
Кўкрак билан боқиш – янги туғилган чақалоқ ва боланинг соғлиғи ва ривожланиши учун энг муҳим омил. Туғруқдан кейин биринчи соатда эмизиш бошланса, бунинг фойдаси янада ошади. Булар боланинг озиқланишга тайёр эканлигининг биринчи белгилари (сўлак ажралиши, она кўкрагини олиш рефлекси, оғиз ҳаракатлари, қўлини сўриши ва бошқалар) пайдо бўлганда амалга оширилиши керак. Ҳозирги пайтда туғруқ ва ундан кейин кечадиган жараёнга иложи борича кам аралашиш, аёл ҳаётидаги бу муҳим даврни унинг ўзи бошқаришига имкон бериш кераклиги таъкидланмоқда. Туғдиришнинг кўп ҳолларида идеал ёндошиш – бу кузатиш ва кутиш (фақат зарурат бўлгандагина аралашиш) ҳисобланади.
Тахлилий қисми
Вазиятли масала:
- Ҳомиладорни ташқи акушерлик текширувида, бачадон туби баландлиги киндик билан ханжарсимон ўсимта оралиғида жойлашган. ҚА-92см. БТБ-31см. Ҳомила ҳолати бўйлама I позиция чаноқ кириш қисми устида ҳомила боши турибди. Ҳомила юрак уриши аниқ, ритмик, 140марта киндик пастида чапда аниқланади.
Ҳомиладорлик муддатини аниқланг?
Ҳомиланинг тахминий вазнини аниқланг?
Жавоб: Ҳомиладорлик 32 хафта, ҳомиланинг тахминий вазни 2800+200.
- 30 ёшли биринчисига ҳомиладор аёл. Ҳомила юрак уриши аниқ 136 марта. Дард тутиши 3 соат олдин бошланган. Қоғаноқ сувлари вақтидан олдин кетиб қолган (сувсизлик даври 12соат) Тана ҳарорати 37.
Қиндан йирингли ажралмалар келмоқда.
Аёл туғруқхонани қайси бўлимига ётқизилади?
Жавоб: Туғруқ бўлимига ётқизилади.
- Оилавий поликлиникага ҳомиладорлик 37 хафталик муддатида мурожаат қилиб келди. Ҳомиладорлик сабабли ҳисобда турмаган. Эпигастрал сохада оғриқ бир марталик қусиш бош оғришига .ҚБ 150/100 мм.сим.уст.
Оилавий поликлиника шифокорининг тактикаси?
Жавоб:Магнезиал терапия ва зудлик билан туғруқхонага ётқизилади.
- Биринчисига ҳомиладор. Ҳомиладорлик муддати 12 хафта. Қорин пастидаги ва бел сохасидаги оғриқларга жинсий йуллардан қон келиш симптоми қўшилиб мурожаат қилиб келди.
Беморни қайси бўлимга ётқизилади?
Жавоб: Гинекология бўлимига ётқизилади.
- Ҳомиладор 16 ёшда туғруқхонага туғдириш усулини ҳал қилиш учун келиб тушди. Ҳомиладорлик биринчи асоратсиз кечди. Ҳомиладорлик муддати 41-42 ҳафта. Объектив текширувда: ҳомиланнг тахминий вазни 4200г чаноқ ўлчамлари 23-26-29-18см олдинда ётган қисми боши. Қин орқали кўрилганда: бачадон бўйни узунлиги 2.5см қаттиқ орқага қайрилган бачадон ташқи бўғизи ёпиқ.
Диагноз?
№ |
Тадбир |
Бажармади (0 балл) |
Тўлиқ тўғри бажарди (20 балл) |
1. |
Сантиметрли тасма ёрдамида қорин айланаси билан бачадон туби баландлиги ўлчанади |
0 |
20 |
2. |
Сантиметрли тасма билан аёлни олдиндан киндик соҳасида, орқадан бел соҳасини ўртасидан айлантириб қорин айланаси ўлчанади. Ҳомиладорлик охирида бу ўлчам 100 см.га тенг |
0 |
20 |
3. |
Бачадон туби баландлигини ўлчаш учун, тасма бир учини қов равоғи юқори қиррасини ўртасига қўл билан қўйиб, бачадон туби юқори чегарасигача аниқланади, бачадон туби иккинчи қўлни кафт қирраси билан аниқланади. Ҳомиладорлик охирида бу ўлчам 32 см.га тенг |
0 |
20 |
4. |
Одатда бачадон туби баландлигига қараб ҳомиладорлик муддатини ҳам аниқлаш мумкин |
0 |
20 |
5. |
Қорин айланаси ўлчамини бачадон туби баландлигига кўпайтириб ҳомиланинг тахминий вазнини аниқлаймиз. Масалан : ҚА -100 см, БТБ – 32 см .100 х 32 =3200 гр ХТВ=3200 . |
0 |
20 |
|
Жами |
0 |
100 |
Жавоб: Ҳомиладорлик I 41-42 хафта 16 ёшда 1-туғруқ. Катта ҳомила.Умумийторайган тор чаноқ
II даражаси.
Туғруқ бўлимига ётқизиб туғруқ кесар кесиш жаррохлиги билан олиб борилади.
Амалий қисми
Ҳомиланинг тахминий вазнини аниқлаш
Мақсад: ҳомиланинг тахминий вазнини аниқлаш
Бажариладиган босқичлар:
Леопольд – Левицкий бўйича ташқи акушерлик текширув усули
Мақсад: ҳомила ҳолати позицияси олдинда ётган қисмини аниқлаш
Бажариладиган босқичлар:
№ |
Тадбир |
Бажармади (0 балл) |
Тўлиқ тўғри бажарди (20 балл) |
1. |
Аёлни чалқанчасига оёғини узатган ҳолатда ётқизилади. Шифокор аёлни ўнг томонида туради |
0 |
20 |
2. |
1- усул иккала қўлни кафт юзаларини бачадон тубига қўйилади. Бу усул ёрдамида бачадон туби баландлиги ва ҳомилани қайси қисми бачадон тубида борлиги аниқланади |
0 |
20 |
3. |
2-усул қўллар бачадон тубидан киндик соҳасига, бачадонни ўнг ва чап томонларига қўйилади. Қўл кафти ва бармоқлари билан бачадон ён деворарига босиб, пайпаслаб ҳомилани орқаси ва майда қисмлари қаёққа қараган, яъни ҳомила позицияси аниқланади. 1-позиция яъни ҳомила орқаси бачадон чап деворига, 2 -позицияда ўнг деворига қараган бўлади |
0 |
20 |
4. |
3-усул қўлнинг катта бармоғи бачадон пастки сегментининг бир томонидан, қолган 4 та бармоқ эса иккинчи томонидан ушлаб, ҳомила олдинда келган қисми ушланади ва секин ўнга ва чапга қимирлатилади. Бу усул ёрдамида ҳомила қайси қисми билан олдинда ётганлиги аниқланади |
0 |
20 |
5. |
4-усул текширувчи аёлнинг оёқ томонида турган ҳолда иккала қўли кафтини бачадон пастки қисмининг ўнг ва чап томонига қўяди ва пастга томон аста босади, бунда текширувчи ўз қўлини ҳомиланинг олдинда келувчи қисми билан чаноқ кириш қисмига юборади. Бу усул ёрдамида ҳомила олдинда ётган қисмининг чаноқ суягига нисбатан туриши аниқланади |
0 |
20 |
|
Жами |
0 |
100 |
Ҳомила аускультацияси
Мақсад: ҳомила аҳволини баҳолаш
Бажариладиган босқичлар:
№ |
Тадбир |
Бажармади (0 балл) |
Тўлиқ тўғри бажарди (20 балл) |
1. |
Ҳомила аускультацияси аёл қорнига стетоскоп қўйиб эшитиш орқали ўтказилади |
0 |
20 |
2. |
Ҳомила энса билан ётганда юрак уриши киндикдан пастда, чаноғи билан ётганда киндикдан юқорида, кўндаланг ётганда киндик соҳасида бошига яқин жойда эшитилади |
0 |
20 |
3. |
Ҳомила I- позициясида юрак уриши чапда, II- позициясида ўнгда, кучаниқ вақтида- қов устида эшитилади |
0 |
20 |
4. |
Аускультация пайтида стетоскоп перпендикуляр яъни тахминий ҳомила орқасига қараган тўғри бурчак бўйлаб бир учи аёл қорнига, иккинчи томони шифокор қулоғига қўйиб эшитилади. Эшитаётганда қўлни стетоскоп билан ушлаб турмаслик керак, чунки бу овоз эшитилишини қийинлаштиради |
0 |
20 |
5 |
Одатда ҳомила юрак уриши 1 дақиқада 140 марта, ритмик аниқ эшитилади |
0 |
20 |
|
Жами |
0 |
100 |
Акушерлик комплексини тузилиши ва уларни ишлаши ЎзРес ССВ томонидан чиқарилган ҳамда жаҳон стандартларига мос келадиган 500 буйруғига асосан ишлайди.
Туғруқ комплекси қуйидаги бўлинмаларидан: стационар, даволаш – диагностик тузилма ва маъмурий-хўжалик қисмларидан ташкил топган.
Туғруқ стационари ўз таркибига қуйидагиларни олади:
- қабул– кўрик бўлими;
- ҳомиладорлар касалликлари бўлими (30-35% умумий акушерлик койкасидан);
- I акушерлик бўлими (25-30% умумий акушерлик койкасидан);
- II акушерлик бўлими (25-30% умумий акушерлик койкасидан);
- ҳомиладорлар тугувчи ва туққан аёллар реанимация ва интенсив терапия бўлими;
- чақалоқлар реанимация ва интенсив терапия бўлими;
- гинекология бўлими (15-20% умумий акушерлик койкасидан);
- стерилизация ва лаборатория бўлими.
Қабул– кўрик бўлими қабул қилиш қисми, кўриик ва санитар ўтказгичдан ташкил топган.Бу булимда акушер-гинеколог ёки акушерка анамнез йиғади, объектив кўрикдан ўтказадаи. Ҳомиладор аёл аҳволини баҳолайди, тана ҳароратини ўлчайди, терисини, танглай бўғизи, пульсни санаб кўради, қон босимини иккала қўлда ўлчайди ва алмашинув варақаси билан танишади.
Ҳомиладорлар касалликлари бўлими акушерлик ва экстрагенитал паталогияли ҳомиладорларга малакали тиббий ёрдам кўрсатиш учун мўлжалланган.
I ва II акушерлик бўлимлари бир-бирига ўхшаш бўлиб туғруқни қабул қилиш ва чилла даврини олиб бориш учун мўлжаллланган.
Ҳомиладорлар туғувчи ва туққан аёллар реанимация ва интенсив терапия бўлими ва чақалоқлар реанимация ва интенсив терапия бўлимларида шошилинч ёрдам ва интенсив терапия ўтказилади.
Гинекология бўлими ҳомиладорлик муддати 20 ҳафталик муддатгача бўлган ҳомиладорлар ва жинсий аъзолар яллиғланиш касалликлари ва бепуштлик билан беморларга малакали ёрдам кўрсатиш ва турли хил гинекологик операцияларни ўтказиш учун мўлжалланган.
Акушерлик амалиётида асептика ва антисептикага риоя қилишни талаб қилади.
«Бехатар оналик » дастури
Бехатар оналик дастурига 1987 йили асос солинди. Бу халқаро дастур аёлларга ҳомиладорлик туғруқ ва чилла даврида тиббий ёрдам кўрсатувчи тиббиёт ходимларига мўлжалланган.
Бехатар оналик нафақат касаллик ва ўлимни олдини олишни балки она ва болага ғамхўрликни ўз ичига олади. Бу тушунчага аёлни туғруққача туғруқда ва чилла давригача бўлган жисмоний ақлий ва ижтимоий ҳолати киради.
«Бехатар оналик » принциплари
Аёл ҳоиладорлик туғруқ чилла ва лактация даврларида оила аъзоларини қўллаб қувватлашига муҳтож бўлади. Бундай парваришни амалга ошириш учун оила аъзоларига маълумот маҳорат билим керак бўлади.Бундан ташқари у жамоанинг ижтимоий ва молиявий кўмагига ҳам муҳтож бўлади. Шунингдек соғлиқни сақлаш тизимидан ҳам оналик ва болаликни парваришлашда керакли бўлган барча хизматларни ва дўстона муносабат талаб қилинади. Улар томонидан аёлнинг дўстона муносабат эмоционал ва психосоциал талаблари қондирилиши шарт.
Тиббиёт ходимлари кузатилиши мумкин бўлган барча хавфли асоратларни олдиндан кўра билиши ва унинг олдини олишлари ва шунинг билан оналар ўлимини камайишини таъминлаши шарт. Барча аёллар бирламчи звенони парваришига муҳтож бўладилар лозим топилса махсус ёрдам кўрсатилиши учун юқори звеноларга йўлланма бериб жўнатилади. Бу иккала ёрдам аёлларга бараварига кўрсатилиши шарт.
Бехатар оналик дастури
Агар сиз фарзандли бўлишни ҳоҳласангиз , хомииладорлик бошиданоқ яхши кечиши учун бунга олдиндан тайёрланиш лозим. Мутахассисларнинг фикрича , оилада фарзанд дунёга келишига бўлган тайёргарлик ҳомила пайдо бўлишидан уч ой олдин бошланиши керак.
Ҳомиладор бўлиш қобилиятига бир нечта факторлар ўз таъсирини ўтказади. Энди буларни батафсил кўриб чиқамиз.
Аёлниинг ёши . Шифокорларнинг фикрича , фарзандли бўлишга энг қулай вақт бу ёшликдир, чунки бу пайтда организм максимал куч ва турғун иммунитетга эга бўлади. Мутахассисларнинг фикрича, аёллар учун оптимал репродуктив давр 20-35ёш ҳисобланади. Бундан ёш даврда эса, ҳали етарлича ривожланмаган организм ҳомиладорлик билан боғлиқ гормонал ва физиологик ўзгаришларни кўтара олмайди. Бундан ташқари психологларнинг фикрича , аёл ўзини шахс сифатида англай билиши, ўз фарзандига нисбатан чуқур оналик меҳрини ҳис қила олиши керак. Фарзандли бўлишга энг қулай давр 22 дан 30ёшгачадир. 35 ёшдан кейин аёлларда репродуктив функциянинг сусайиши кузатилади. Бу даврда табий ҳомиладор бўлиш қобилияти пасаяди , чунки тухум ҳужайраларининг яшаш фаолияти пасайиб , эмбрионнинг имплантацияси қийинлашади. Бундан ташқари 35-40 ёшдаги ҳомиладорликда генетик нуқсонли болаларнинг туғилиши кўпроқ учрайди.Буннг сабаблари хали аниқланмади, лекин ҳозирги замонавий перинатал асбоб-ускуналар ёрдамида репродуктив ёшидан ўтган аёллар ҳам соғлом фарзанд кўришмоқда. Генитик нуқсонли болалар туғилиш ҳавфини олдини олиш мақсадида, 35 ёшдан юқори аёлларга фарзандли бўлишдан олдин шифокор кўригидан ўтиш тавсия этилади.
Эркакларнинг ёши ҳомиланинг ривожланишига аёлларнинг ёшига қараганда кам аҳамиятли,бунга қарамай эркакларда ҳам ёш ўтган сайин аёллардаги каби жинсий гормонлар синтези сусаяди(биринчи навбатда тестостерон).Тесостероннинг синтезининг табий йиллик пасайиши 1% ни ташкил этади.80 ёшга бориб тестостероннинг синтези нормага нисбатан ўртача 20-50%га камаяди.
Кўп оилаларни бир савол қийнайди: ҳомиладор бўлишга ота-оналарнинг ўзаро ёшлари катта фарқ қилиши таъсир қилмайдими.
Шифокорларнинг фикрича, ота-оналар орасидаги ёшдаги фарқ ҳеч қандай аҳамиятга эга эмас.
Контрацептивларнинг қўлланиши. Гормонал контрацептив лар, ҳатто улар узоқ вақт қўлланилганда ҳам аёлларнинг фарзанд кўриш қобилиятига таъсир қилмаслиги тасдиқланган.Кўпчилик аёлларда орал контрацептив воситаларини қабул қилишни тўхтатгач, ҳомиладор бўлиш қобилияти тез тикланган.
Давомли таъсир этувчи контрацептивларни-- инеъкцион препаратлар , тери ости имплантантлари ва б қўлланганда ҳомиладор бўлиш қобилияти бир неча ойдан кейин тикланган(1.5 йилгача). Ҳомиладор бўлишдан 2-3 ой олдин контрацептивларни ичишни тўхтатиш керак ,чунки у витамин С, магний,фолий кислотасининг сўрилишини камайтириб, витамин А нинг сўрилишини кўпайтиради, шунингдек контрацептивларни ичишни тўхтатган биринчи ойларда эгизак туғилиш имконияти катта ,чунки тухумдондан бу пайтда бирданига 2та тухум ҳужайра ҳосил бўлиши мумкин.
Агар аёл сақланиш мақсадида бачадон ичи воситалари(БИВ)дан фойдаланаётган бўлса , ҳомиладорлик қобилияти уларни олиб ташлагандан кейин тез тикланади. Бироқ ўз-ўзидан бола ташлаш ва бачадондан ташқари ҳомиладорликни олдини олиш мақсадида, 2-3 цикл,яъни бачадон ва найлар функциясининг тикланиши давомида алоқадан сақланиб туриш лозим . Таркиби спермициддан иборат, бир марталик контрацептивлар( крем,таблетка ,гель) қисқа вақт таъсир қилади ва аёлнинг кейинги ҳомиладорлигига ҳеч қандай зиён қилмайди.
Антибиотиклар қабул қилиш. Агар аёл қандайдир сабаб билан антибиотиклар қабул қилаётган ёки қабул қилган бўлса, бу қиндаги бактериал флорани бузиб ҳомиладор бўлишга қаршилик қилиши мумкин. Ҳомиладорликни антибиотиклар курси тугагач 1-2 циклдан кейин режалаштириш мумкин.
Стресс. Овуляциянинг кечикиши ёки бўлмаслигининг сабабларидан бири физиологик ёки эмоционал стресс.Мутахассислар бепуштликнинг руҳий шаклига алоҳида урғу беришяпти.
Бизга маълумки асаб тизими организмдаги гормонал бошқарув билан узвий боғлиқ ,демак ҳар қандай асабий зўриқиш гормонал тизимдаги дисбалансга олиб келади , натижада аёлларда репродуктив тизим иши бузилади.Гипофиз овуляцияни стимулловчи гормон ишлаб чиқаради , стресс эса гипофизнинг функциясини сусайтиради ,натижада овуляция бузилади.
Ички аъзолар касалликлари. Бошқача қилиб айтганда ,экстрагенитал ( яъни жинсий системага тегишли бўлмаган)касалликлар ҳам аёлларнинг ва эркакларнинг фарзанд кўра олиш қобилиятига сезиларли таъсир қилади.Бундай касалликларга мисол қилиб қуйидагиларни келтириш мумкин: қандли диабет, буйрак усти бези касалликлари, қалқонсимон без ва гипофиз касалликлари, бронхиал астма, жигар ва юрак қон-томир касалликлари.
Иш жойи. Ҳомиланинг ривожланишига сизнинг иш жойингиз ва иш вақтида қўллайдиган моддалар таъсир қилиши мумкин .Мисол учун ,алдрин,диелдрин,диоксин,фуран бирикмалари организмга салбий таъсир қилади.Улар эстерогенга ўхшаш таъсирга эга бўлиб, организмда худди эстерогенлар каби овуляция жараёнига тўсқинлик қилади. Бундан ташқари эркакларда сперматозоидлар етилишига салбий таъсир қилувчи токсик моддалар ҳам бор . Буларга бензин,гербицидлар,пестицидлар,қўрғошин,симоб,кадмий ва б. мисол бўлади. Агар иш жойида сиз доим ионланувчи нурланиш таъсирида ишласангиз , бу ҳужайра аппаратининг бузилишига ,тухум ҳужайрасининг нобуд бўлишига , шунингдек боланинг ривожланишига салбий таъсир қилади. Ионланувчи нурланишнинг асосий манбалари – радиоактив изотоплар , уларнинг парчаланишидан ҳосил бўлган моддалар .
Жинсий йўл билан юқувчи инфекциялар(ЖЙБЮИ).Ҳозирда ЖЙБЮИ нинг 40 га яқин турлари аниқланган.Улар орасида қуйидагилари жуда хавфли : хламидиоз, папиллома,генитал герпес,сифилис,сўзак, ва албатта ВИЧ. Бу касалликларнинг сурункали давом этиш ,аёлларда бачадон найларининг чандиқланишига , эркакларда простата, уруғдон ортиғи ва уруғ пуфакчасининг яллиғланишига олиб келади , натижада икки жинс вакилларда ҳам бепуштлик ривожланади .Шунинг учун агар сиз фарзанд кўрмоқчи бўлсангиз ЖЙБЮИ га анализ топширишингиз керак, чунки бу касалликлар вақтида ривожланган ҳомиладорлик асоратлар билан кечиб, кейинчалик болага катта зарар етказиши мумкин.
Чекиш. Текширувлар натижасида аниқландики.никотин эркакларда сперматогенез жараёнини сусайтиради. Статистика маълумотларига кўра ,чекувчи эркаклардан ҳомиладор бўлиш чекмайдиганларга қараганда қийинроқ, бу унинг қанча кўп чекиши билан ҳам боғлиқ. Бундан ташқари , чекиш аёлларда тухум ҳужайрасининг уруғланиш ва имплантациясини қийинлаштиради .
Умумий қилиб айтганда, чекиш ҳомиладорликка бевосита таъсир қилмайди , лекин бошқа сабаблар билан ҳомиладор бўла олмаяпган( масалан , ёши ўтган , бепуштлик билан даволанаётган ) оилаларга бу одатдан ҳам воз кечиш тафсия этилади.
Спиртли ичимликлар (СИ) . Агар (СИ) ларнинг ҳомилага бевосита таъсирини ўрганадиган бўлсак , бу фақат уруғланишдан кейин онанинг кўп миқдорда СИ ичиши билан кузатилиши мумкин.Ота томонидан СИ нинг ичилиши уруғланиш жараёнига таъсир қилиши мумкин, лекин бевосита эмас.Тахминларга кўра,эркаклар организмига тушган ҳар қандай токсик модда сперматозоидлар сифатини бузиб, хромосомада четланишлари бўлган сперматозоидлар фоизини ошишига олиб келади. СИ фақат уруғланиш жараёнидагина эмас , балки ундан уч ой олдин ҳам салбий таъсир кўрсатади ,чунки сперматозоидлар 72 кун давомида ривожланади.
Гиёҳванд моддалар (ГМ). ГМ эркак ва аёлларнинг репродуктив тизимининг ҳолатига салбий таъсир қилиб, аёлларда асаб ва гуморал тизимлар ишини сусайтиради, гипофиз ва гипоталамус ўртасидаги ўзаро боғланишларни бузади, натижада жинсий майилнинг сусайишига сабаб бўлади. Нерв тизимининг айнан мана шу қисмлари организмнинг жинсий системасига жавобгар ҳисобланади.ГМ таъсирида қон плазмасида жинсий гормонлар миқдори пасайиб кетади ,айниқса тери ва шиллиқ қаватларидаги нерв охирларини сезувчанлигини оширувчи тестостероннинг миқдори . Сурункали равишда ГМ қабул қилган одамларда ногирон фарзандлар туғилиш ҳавфи катта.Уруғланиш жараёнига наша гурухига кирувчи енгил ГМ ҳам таъсир қиладил. Олимларнинг аниқлашича ,ҳар доим марихуана чекиб юрувчи эркакларнинг сперматозоидлари уруғлантириш вақтида бошқаларникига қараганда эртароқ “куйиб” кетар экан. Бундан ташқари соғлом эркакларникига қараганда ГМ истеъмол қилувчиларда сперматозоидлар сони анча кам бўлиб , уларнинг кўпини патологтк шаклдаги сперматозоидлар ташкил этади.
Вазн . Ҳомиладорликдан олдин аёллар ўз вазнларини нормага келтиришлари лозим.Маълумки , аёлларда вазн етишмовчилиги (50кг дан кам) овуляцияга сусайтиради. Вазннинг юқори бўлиши эса эстерогенлар миқдорининг ошишига , бу эса ҳаз циклининг ва овуляциянинг бузилишига олиб келади.Агар аёлнинг вазни нормадан кам бўлса ,вазннини калорияси юқори (унли маҳсулотлардан ташқари) маҳсулотлар: гўшт, дуккаклилар, ёнғоқлар, қуруқ мевалар билан кўпайтириши , вазни юқори бўлса ,паст калорияли маҳсулотлар билан жисмоний машқларни ўзаро бирга қўллаш орқали камайтириши мумкин.
ШИФОХОНАИЧИ ИНФЕКЦИЯСИ ТЎҒРИСИДА ЗАМОНАВИЙ ТУШУНЧАЛАР
Шифохонаичи инфекциясини қуйидагича таснифлаш мумкин – эндемик ёки эпидемик. Кўпроқ эндемик инфекциялар тарқалган бўлади. Эпидемик инфекция учун тўсатдан инфекцияни пайдо бўлиб кўпайиб кетиши хосдир.
Шифохонаичи инфекцияси бутун дунё бўйлаб тарқалган бўлиб нафақат ривожланмаган давлатларда балки ўта ривожланган мамлакатларда ҳам учрайди. Шифохонаичида инфицирланиш ўлимни асосий сабабчиси бўлиб шифохонада ётган беморлар орасида касалликлар учрашни ҳам оширади. Бу фақатгина бемор учун эмас балки соғлиқни сақлаш тизими учун ҳам катта муаммо бўлиб ҳисобланади.
Шифохонаичи инфекцияси: манба ва юқиши
Шифохонаичи инфекцияси чақирадиган бактериялар турли йуллар орқали юқиши мумкин:
- Беморларни доимий ёки транзит флораси (эндогенн инфекция). Ёки табиий бўлиши мумкин бўлган бактериялар доимий истиқомат жойидан баъзи бир сабабларга кўра чиқиб (м-н: антибиотикларни норационал қўллаш) улар сонини ошишига ва турли-хил касалликларни чақирилишига олиб келадади., Тиббиёт ходими ёки бошқа беморлардан ўтадиган флоалар: (экзоген инфекция). Бактериялар бир касалдан иккинчисига ўтади:
- Тғридан тўғри контакт орқали (қўллар, туфуклар ёки бошқа биологик суюқлклар сачрашираши),
- Ҳаво-томчи йўли орқали ( касалдан бактеряларни ўтказувчи нам томчиси ёки чанг),
- Беморларни парваришида касаллик юқтирган тиббиёт ходимларидан (қўллари, бурун, томоқ,кийимлар), орқали юқтирадилар,
- ЧБемордан зарарланган турли буюмлар (аппаратуралар) орқали юқиши мумкин.
- Даволаш муоассасаси атроф муҳитидан (эндемик ёки эпидемик экзоген инфекциялар ).
Бир неча микроорганизмлар даволаш муассасаси атроф муҳитида яхши яшаб қолган бўлади:
- Сувда, нам жойларда (Pseudomonas, Acinetobacter, Mycobacterium)
- Кийимлар ва кўрпаларда.
- Овқатларда.
Шифохонаичи инфекцияси: профилактикаси
Шифохонаичи инфекцияси профилактика қуйидагиларнрни ўз ичига олади:
- қўлларни ювиш қўлқопларни ишлатиш;
- асептика қоидаларига риоя қилиш;
- касалларни изоляция қилиш;
- Стерилизация ва дезинфекция;
- Атроф муҳит инфекцияи назорати
- Беморларни ҳимоялаш: антибактериал препаратларни рациональ қўллаш.
Микроблар организмга кўпинча шифокор ва акушерканинг қўли, турли асбоблар, боғлов материаллари, кийим-кечак ва бошқалар орқали тушади. Туғруқхона ходимлари юқумли ва йирингли касалликлардан ўзларини эҳтиёт қилишлари керак. Туғруқ бўлимида ишловчи шифокор, акушеркаларнинг туғруқдан сўнг аёллар ётқизиладиган палатада ва айниқса септик палаталарда бир вақтнинг ўзида ишлашлари сира мумкин эмас. Уларда бирор йирингли яра бўлса, туғруқхонада ишлашларига асло йўл қўйилмайди.
Туғруқ бўлими ходимлари навбатчиликка келганда ип-газламадан тикилган халат ёки ювиб дазмолланган кўйлак кийиб олишлари шарт. Кийимни кийгач, енгини тирсаккача шимариш, қўлни тез-тез совунлаб ювиб туриш лозим. Туғруқхона ходимлари учун албатта махсус чўмилиш хоналари бўлиши лозим.
Навбатчиликка келган ҳар бир ходим аввал душда чўмилади. Ҳаво-томчи йўли билан юқадиган инфекциянинг олдини олиш учун туғруқ бўлимининг ҳамма ходимлари 2 қаватли дока-ниқоб билан оғиз ва бурунларини ёпиб ишлашлари керак. Бундай ниқоб ҳар куни алмаштириб турилади. Бундан ташқари, туғруқхона ва операция хоналарига кирганда бахила (оқ матодан тикилган этикча) кийилади.
Туғруқхонада ишловчи врач, акушерка, санитарка ва талабаларни (барча ходимларни) бир йилда 1 марта қўли, оғзи, бурни ва томоғидан суртма олиб, патоген стафилококк борлигини текшириб туриш керак. Акушерлик ва хирургик бўлимларида режа бўйича ҳар 3 ойда бактериал экмалар олиниб текширилади.
Антисептика ва асептика қоидаларига риоя қилиш омилларидан бири туғруқхона биносининг намунали даражада озода бўлиши ва ҳар йилда бир марта таъмирланишидир.
Туққандан кейин аёл кенг ва ёруғ палаталарга ётқизилади. Эски усулда қурилган туғруқхоналарда айниқса тозаликка риоя қилиш зарур. Чунки уларда палаталар катта ва ҳожатхона умумий бўлади. Бунда ҳамма палаталар ва ҳожатхоналарни хлорли сувга ҳўлланган латта билан артиб туриш ва кунига 2 марта шамоллатиш лозим.
Айниқса чақалоқлар ётадиган интенсив даволаш хонаси ниҳоятда тоза ва ёруғ бўлиши, хона ҳарорати 25—26° дан ошмаслиги керак. Туғруқ бўлими ва чақалоқлар ётадиган палаталарда ҳар ойда бир марта бактериологик текшириш ўтказиш мақсадга мувофиқдир. Туғруқхоналарда палаталар галма-гал бўшатилади, бир кеча-кундуз давомида бу палатага аёллар ётқизилмай, тўшак ва адёллар ҳам шамоллатилади, мойли бўёқ билан бўялган деворлари, хонанинг поли, ундаги каравотлар, тумбочкаларни совунлаб ювиб, кейин хлорамин, хлорли сувга ҳўлланган латта билан артилади.
Ҳар бир каравотга тоза тўшак солиниб, чойшаблар ёзилади. Аёллар тагига солинадиган клеёнкалар ҳам дезинфекциядан ўтказилади. Ҳамма палаталар симобли кварц лампа ёрдамида нурлантирилади. Бу туғруқдан тураётган аёл ва чақалок учун ишлатиладиган буюмларни микробдан тозалаб, уларни касалланишдан сақлайди.
Аёл уйига кетгандан кейин каравотлар яхшилаб ювилади, тўшак, ёстиқ ва кўрпа ёки адёл 24 соат давомида шамоллатилади. Қуёшли кунларда уларни ташқарига чиқариб ёйиш керак. Агар шароит бўлса, автоклавдан ўтказиш яхши бўлади. Кир кийимлар ва чойшаблар бошқа хонада махсус идишларда сақланади ва ҳар куни кирхонага юбориб турилади.
Чақалоқнинг кийим-кечаклари ва тагликлари онаникидан алоҳида ювилади ва қайнатиб, дазмолланади. Тоза тагликлар махсус шкафлар, дазмолланганлари махсус барабанларда (қутиларда) сақланади. Туққан аёлнинг тагига солинадиган газлама бир кунда камида 3—4 марта, агар зарур бўлса, ундан тезроқ алмаштирилади.
Туғиб бўлган аёл дезинфекция қилинган махсус тувакдан (судно) фойдаланса, уни ишлатгандан кейин оқизиб қўйилган сувда ювиб, дезинфекцияловчи эритма билан чайилади. Туққан аёлнинг жинсий аъзолари туғруқнинг биринчи кунлари эрталаб ва кечқурун ювилади, агар чоти тикилган бўлса, уни спирт билан тозалаб, йод эритмаси суртиб қўйилади.
Туғруқхонага аёлнинг қариндошлари ва таниш-билишларига кириш рухсат берилади. Бунда кийимлари тоза ва оёқларида бахилалари (ёки целофанли қопчалар) бўлиши шарт.
Туққан аёллар билан ҳар куни суҳбатлашиб туриш ва аёлга уйига кетаётганида ўзини қандай тутишни ётиғи билан айтиш, уларга асептика ва антисептика қоидаларини тушунтириш ҳар бир шифокорнинг вазифасидир.
АЁЛЛАР ЖИНСИЙ АЪЗОЛАРИ АНАТОМИЯСИ
Аёллар жинсий аъзоларини ташқи ва ички аъзоларга ажратилади. Ташқи жинсий аъзоларга қов, катта ва кичик жинсий лаблар, клитор, қин даҳлизи, қизлик пардаси, ички жинсий аъзоларга эса қин, бачадон, бачадон найлари ва тухумдонлар киради.
ТАШҚИ ЖИНСИЙ АЪЗОЛАР АНАТОМИЯСИ
Қов тери ости клетчаткасига бой, вояга етган даврда жун билан қопланиб, асосан юқори томонда жойлашган учбурчак шаклидаги соҳадир.
Катта жинсий лаблар иккита тери бурмасидан ҳосил бўлган, буларда ёғ клетчаткаси, ёғ ва тер безлари бўлади .
Олдинги ва орқа томонда улар олдинги ва орка битишмалар билан бир-бирига қўшилган. Катта жинсий лаблар жинсий ёриқ билан бир-биридан ажралиб туради. Катта жинсий лаблар пастки учдан бир қисмининг бағрида қин даҳлизининг катта-катта безлари жойлашган, улар вестибуляр безлар деб аталади, бу безлардан ишланиб чиқадиган ишқорий секрет қинга кириш йўлини намлаб туради ва уруғ суюқлигини суюлтириб беради. Бу безларнинг чиқариш йўллари кичик жинсий лаблар билан қизлик пардаси ўртасидаги эгатчада очилади.
Кичик жинсий лаблар ҳам иккита тери бурмачаларидан иборат, булар шиллиқ парда кўринишида бўлиб, катта жинсий лаблардан ички томонда жойлашган. Нормада жинсий ёриқ ёпилиб туради ва қинга инфекция ўтиши ва қуруқ бўлиб қолишдан сақлайди.
Клитор жинсий ёриқнинг олдинги бурчагида жойлашган, қон томирлари ва нерв чигаллари билан мўл-кўл таъминланган, иккита ғорсимон танадан тузилган.
Қин даҳлизи кичик жинсий лаблар билан чекланган бўшлиқдир. Сийдик чиқариш каналининг ташқи тешиги, даҳлиз катта безларининг чиқариш йўллари, қинга кириш йўли шунга очилади.
Қизлик пардаси ташқи ва ички жинсий аъзоларни бир-биридан ажратиб турадиган бириктирувчи тўқимадан иборат юпқа тўсиқдир.Бу парда ҳалқасимон, яримойсимон, тишсимон, кураксимон шаклда бўлади. Биринчи жинсий алоқа пайтида қизлик пардаси йиртилиб, ҳар хил даражада қон кетади. Бу парданинг қолдиқлари гименал сўрғичлар деб аталади, туғруқ маҳалида яна йиртилганидан кейинги қолдиқлари миртасимон сўрғичлар дейилади.
ИЧКИ ЖИНСИЙ АЪЗОЛАР АНАТОМИЯСИ
Қин вояга етган аёлда узунлиги 8-10 см келадиган мускул ва фиброз тўқимадан иборат найдир. Қиннинг олдинги, орқа, ён томондаги ўнг ва чап гумбазлари тафовут қилинади. Ҳаммасидан чуқурроқ бўладиган орқа гумбазида қин суюқлиги, жинсий алоқа вақтида эса уруғ суюқлиги тўпланади.
Қин деворлари шиллиқ парда, мускул қатлами ва ўраб турувчи клетчаткадан ташкил топган. Қиннинг шиллиқ пардаси кўп қаватли ясси эпителий билан қопланган, пушти рангда бўлади ва туғруқ маҳалида қиннинг чўзилишини таъминлаб берадиган бир талай кўндаланг бурмалардан иборат. Қин бўшлиғининг кислота реакцияли бўлиши қин бациллалари ёки Дедерлейн таёқчалари ҳаёт фаолияти давомида ҳосил бўладиган сут кислотага боғлиқдир. Улар қин шиллиқ пардасидаги эпителий ҳужайраларининг гликогенини сут кислотага қадар парчалайди.
Бачадон силлиқ мускуллардан тузилган ноксимон шаклдаги ичи бўш аъзо бўлиб, олдинги-орқа йўналишда бир оз яссиланган.
Унинг танаси, бўйинчаси ва бўйи тафовут этилади. Танасининг қавариқ бўладиган устки қисми бачадон туби деб аталади. Бачадон бўшлиғи учбурчак шаклида бўлиб, устки бурчакларига бачадон найларининг тешиклари очилади. Пастки томонда бачадон бўшлиғи торайиб, бачадон бўйинчасига (бачадон танаси билан бўйни ўртасида қисми, узунлиги 1 см атрофида бўлади) айланади ва бачадоннинг ички тешиги (бўғизи) билан тугалланади.
Бачадон бўйни бачадоннинг пастки, тор қисми бўлиб, унда қин гумбазларидан пастроққа туртиб чиқиб турадиган қин қисми ва қин гумбазларидан юқорироқда турадиган қин усти қисми тафовут қилинади. Бачадон бўйни цилиндрсимон шаклга эга. Болалик даврида ва жинсий аъзолари ривожланмай қолган аёлларда бачадон бўйни конуссимон шаклда бўлади. Бачадон бўйнининг ичидан узунлиги 1-1,5см келадиган бўйин канали (цервикал канал) ўтади, унинг устки бўлими бачадоннинг ички тешиги, пастки бўлими эса ташқи тешиги билан тугалланади.
Бачадоннинг узунлиги 7-9 см ни ташкил қилади. Кенглиги туби соҳасида 4,5-5 см ни, деворларининг қалинлиги 1-2 см ни ташкил қилади. Бачадон массаси 50г дан 100 г гача боради.
Бачадон деворлари уч қаватдан тузилган. Ички қавати цилиндрсимон бир қаватли ҳилпилловчи эпителий билан қопланган, бир талай найсимон безлари бўладиган шиллиқ парда (эндометрий) дир. Бачадон шиллиқ пардасининг икки қавати: мускулли қаватига тақалиб турадиган базал қават ва ҳайз цикли маҳалида ритмик ўзгаришларга учраб турадиган юза – функционал қават тафовут қилинади. Базал қават ўсувчи қават бўлиб, функционал қавати шундай тикланиб, ўрни тўлиб туради. Бачадон деворининг каттагина қисмини ўрта мускулли (миометрий) қават ташкил қилади. Мускулли қавати силлиқ мускул толаларидан тузилган бўлиб, узунасига кетган ташқи ва ички доирасимон жойлашган ўрта қаватларни ташкил қилади. Бачадоннинг ташқи-сероз қавати (периметрий) уни қоплаб турадиган қорин пардасидан иборат.
Бачадон кичик чаноқ бўшлиғида қовуқ билан тўғри ичак орасида, чаноқ деворларидан тенг масофада жойлашган. Бачадон танаси олдинга, симфизга бироз эгилган (бачадон антеверзияси), бўйнига нисбатан (бачадон антефлексияси) бу бурчак олдинга очилган. Бачадон бўйни орқага қараган, ташқи тешиги қиннинг орқа гумбазига тақалиб туради.
Бачадон найлари бачадоннинг ўнг ва чап бурчакларидан бошланиб, ён тарафга чаноқнинг ён деворлари томонига қараб боради. Уларнинг узунлиги ўртача 10-12 см, йўғонлиги 0,5 см. Бачадон найларининг деворлари уч қаватдан: бир қаватли цилиндсимон ҳилпилловчи эпителий билан қопланган шиллиқ пардаси, ўрта-мускул ва ташқи-сероз қаватдан ташкил топган. Бачадон найларнинг бачадон девори бағрига ўтувчи интерстициал қисми, ҳаммадан кўра кўпроқ торайган ўрта қисми ва воронка ҳолида тугалланадиган кенг ампуляр қисми тафовут қилинади.
Тухумдонлар аёлларнинг жуфт жинсий безларидир. Улар бодомсимон шаклда ва оқиш-пушти рангда бўлади. Вояга етган аёлда тухумдон узунлиги ўртача 3,5 см ни, эни 2-2,5см ни, қалинлиги 1,1-5 см ни, массаси 6-8 г ни ташкил қилади. Тухумдонлар бачадоннинг иккала томонида, сербар бойламлар орқасида жойлашган бўлиб, буларнинг орқа варақларига бириккан. Тухумдон муртак эпителийси қавати билан қопланган, бунинг остида бириктирувчи тўқимадан иборат оқсил пардаси жойлашган бўлади. Янада чуқуррокда мия моддаси жойлашган, унда бир талай бирламчи фолликулалар ривожланишнинг ҳар хил босқичларида турган фолликулалар, сариқ таналар топилади. Тухумдоннинг ички қавати асосан бириктирувчи тўқималардан ташкил топган мия қавати бўлиб, ундан бир талай томирлар ва нервлар ўтади. Жинсий жиҳатдан етуклик даврида тухумдонларда ой сайин тухум ҳужайралар ритмик равишда етилиб бориб, уруғланишга яроқли бўлиб қолади ва қорин бўшлиғига чиқиб туради. Тухумдонлар ички секреция безлари бўлиб, жинсий гормонлар ишлаб чиқариб туради.
Бачадон найлари, тухумдонлар ва бачадон бойламлари бачадон ортиқлари деб аталади.
ЖИНСИЙ АЪЗОЛАРНИНГ БОЙЛАМ АППАРАТИ ВА КИЧИК ЧАНОҚ КЛЕТЧАТКАСИ
Аёллар жинсий аъзоларининг одатдагича, типик равишда жойланишига қуйидаги омиллар ёрдам беради: жинсий аъзоларнинг тонуси, жинсий аъзолар орасидаги ўзаро муносабат, диафрагма, қорин девори ва чаноқ тубининг келишиб ишлаши, бачадонни кўтариб турадиган, мустаҳкамлайдиган ва ушлаб турадиган аппаратлари.
Бачадоннинг кўтариб турадиган аппарати бойламлардан иборат, булар қаторига думалоқ, сербар жуфт бойламлар, воронка-чаноқ бойламлари ва тухумдонларнинг ўз бойламлари киради. Думалоқ бойламлар бачадон бурчакларидан, бачадон найларининг олдинги томонидан чиқиб, чов канали орқали ўтади ва қов бирлашмаси соҳасида бирикиб, бачадон тубини олдинга тортиб туради (бачадон антеверзияси). Сербар бойламлар бачадонни кичик чаноқда маълум ҳолатда ушлаб турадиган асосий бойламлар бўлиб, қорин пардасининг қўшқават варақлари кўринишида бачадон қовурғаларидан чиқиб, чаноқнинг ён деворларига боради. Бойламлар варақлари орасида бачадон ёни клетчаткаси бор. Сербар бойламларнинг давоми бўлмиш воронка-чаноқ бойламлари най воронкасидан чаноқ деворларига боради. Тухумдонларнинг ўз бойламлари орқа томонда ва бачадон найларининг чиқиш жойидан сал пастроқда бачадон тубидан тухумдонларга бирикади.
Мустаҳкамловчи аппаратига думғаза-бачадон бойламлари, асосий бойламлар, бачадон-қовуқ ва қовуқ-қов бойламлари киради. Думғаза-бачадон бойламлари бачадон танасининг бўйнига ўтиш соҳасида орқа юзасидан бошланиб, иккала томондан тўғри ичакни ўраб ўтади ва думғазанинг олдинги юзасига бирикади. Бу бойламлар бачадонни бўйинига орқага тортиб туради. Асосий бойламлар бачадоннинг пастки бўлимидан чаноқнинг ён деворларига қараб боради, бачадон-қовуқ бойламлари ҳам бачадоннинг пастки бўлимидан бошланиб, олдинги томонга, қовуққа қараб боради, сўнгра қовуқ-қов бойламлари тарзида симфизга қадар давом этади.
Бачадоннинг тутиб турувчи ёки таянч аппаратига чаноқ тубининг уч қават мускуллари ва фасциялари киради .
Бачадон ён бўлимларидан тортиб, чаноқ деворларигача бўлган камгакни бачадон ёни – параметрал клетчатка (параметрий) эгаллаб туради, бундан томир ва нервлар ўтади Параметрал клетчаткадан ташқари паравезикал (қовуқ ёни), паравагинал (қин ёни) ва параректал (тўғри ичак ёни) клетчаткаси ҳам чаноқ клетчаткаси таркибига киради.
ЖИНСИЙ АЪЗОЛАРНИНГ ҚОН, ЛИМФА ТОМИРЛАРИ ВА НЕРВ ТИЗИМИ
Жинсий аъзолар қон ва лимфа томирлари тармоғи билан мўл-кўл таъминланган. Ички жинсий аъзоларни қон билан таъминлаб турадиган асосий манбалар бачадон ва тухумдон артерияларидир, буларнинг охирги бўлимлари бир-бири билан анастомозлар ҳосил килади. Жинсий аъзоларнинг ҳамма артериялари бир номдаги веналар билан бирга давом этиб боради.
Жинсий аъзоларнинг лимфа йиғиб оладиган лимфа томирлари чов, ёнбош, бел-думғаза, аорта лимфа тугунларига ва бошқа тугунларга боради.
Жинсий аъзолар иннервацияси жуда мураккаб. Унда симпатик ва парасимпатик нерв тизими, шунингдек орқа мия нервлари иштирок этади. Жинсий аъзолар фаолиятини олий нерв марказлари идора этиб туради.
КИЧИК ЧАНОҚДАГИ ЮМШОҚ ТЎҚИМАЛАР
Чаноқ тубидаги мускуллар кичик чаноқ ичидаги аъзоларнинг нормал жойлашиши ва топографик ҳолатининг нормал ҳолатда бўлишида катта аҳамиятга эга.Чаноқ тубидаги мускуллар туғиш вақтида чўзилиб,ҳомила туғилишини осонлаштиради.
Чаноқ туби мускул ва фасциялардан ташкил топган, энига чўзилган бўлади, мускуллар бир-бирига мингашиб жойлашган ҳолатда кичик чаноқ чиқиш йўлини беркитиб туради. Агар ташқи жинсий аъзодан ва чот оралиғидан тери ҳамда тери ости ёғлари олиб ташланган деб фараз қилсак, у ҳолда без чаноқ тубининг пастки биринчи қават мускулларини кўрамиз. Бу мускуллар тўрт томонидан ўртага (марказга) қараб келади ва пайлари билан ўзаро бирлашади. Бу жой пайлар маркази (centrum tendineum) деб аталади.
Чаноқ туби қуйидаги уч қават мускулдан иборат.
а) пастки қават учта мускулдан, яъни m. constictor cuni, m. sphincter ani eхternus ва бир жуфт m. transverses perinea superfacialis дан иборат. Бу учала мускулнинг жойлашиш тартиби кишига “саккиз” (8) рақамини эслатади. Бундай жойлашиш чаноқ тубига катта мустаҳкамлик беради.
Чаноқ тубининг пастки қаватида, юқорида айтиб ўтилган мускуллардан ташқари, жуфт m. ischio cаvernosus ҳам бўлади. Бу мускул қуймич дўмбоғидан клиторнинг ғовак танаси томон йўналган бўлади.
б) чаноқ тубининг ўрта қавати учбурчак фасциаль-мускул пластинкадан иборат бўлиб, қов равоғига ўрнатиб қўйилганга ўхшайди. Бу мускул пластинкани сийдик-таносил диафрагмаси (diaphragma urfgenitale) деб аталади,
Сийдик-таносил диафрагмаси иккита мускулдан, яъни чот оралиғидаги чуқур кўндаланг мускул (m. transverses perinei profundus) ва сийдик чиқариш канали билан қинни қисувчи (m.sfincter urethro vaginolis) мускуллар тўпламидан иборат. Булар бир томондан сийдик чиқариш йўлини ва иккинчи томондан қинга кириш тешигини ўраб олади.
в) чаноқ тубининг устки (чаноққа нисбатан ички) қаватини орқа тешикни кўтарувчи мускул (m. levator ani) ёки чаноқ тўсиғи (diaphragma pelvis) деб аталган мускул ташкил килади.Бу мускул ўзининг икки оёғи билан қинни ва сийдик чиқариш йўлини икки томондан ҳамда тўғри ичакни орқа томондан ушлаб туради. Бу чаноқ тубиниг асосий мускули ҳисобланади унинг учта шохи бўлиб,булар pubococsigio, iliococsigio, ishiococsigio деб аталади. Ҳар учала шохи дум суягига ёпишади.Туғруқда бутнинг иккинчи даражадаги йиртилишида шу мускул йиртилади, албатта буни тикиш керак бўлади, акс ҳолда ички жинсий аъзолар топографиясига путур етади. Жинсий аъзолар пастга жойлашиб, ҳатто бачадон пастга тушиши мумкин.
ЕТИЛГАН ҲОМИЛА БОШИНИНГ ЎЛЧАМЛАРИ
Етилган ҳомиланинг боши унинг энг катта қисми хисобланади. Одатда она қорнидалигида ҳомиланинг боши ва жигари тоза қон билан таъминланади, шунга кўра бошининг ҳажми бирмунча катта, шунинг учун туғиш йўлларида қаршиликларга кўпроқ учрайди. Демак, етилган ҳомила боши, ўлчови ҳамда унинг чаноққа кириш қисмида туриши ва тузилишини билиш муҳим.
Чақалоқ бош суякларининг қирғоқлари (четлари) бир-бирига тегиб турса ҳам, улар четида чоклари яхши тараққий этмаган ва бир-бирининг орасига маҳкам кирмаган бўлади. Чокларнинг бундай мустаҳкам эмаслиги туғиш вақтида суякларнинг бир-бири устига мингашиб, бошнинг бирмунча кичрайиб, чаноқ ўлчовига мослашишига имкон беради. Мия қисми суяклари чақалоқ туғилишига қадар тўла суякланиб бўлмайди, бир-бири билан қўшилувчи суяклар бурчагида 2 та оралиқ қолади. Бу лиқилдоқ – Fontiulus деб аталади. Кичик ва катта лиқилдоқ бўлади.
Акушерлик тажрибасида қуйидаги чоклар амалий аҳамиятга эгадир:
- Иккита пешона суягини бириктирувчи пешона чоки (sutura frontalis).
- Иккита бош тепа суягини кушиб олдиндан катта лиқилдоққача, орқадан кичкина лиқилдоққача етадиган ўқсимон чок (sutura sagitallis).
- Бошнинг ҳар икки томонида пешона ва тепа суякларни бириктирувчи чок (sutura cornalis).
- Энса ва тепа суякларни бириктирувчи энса чоки (sutura lаmboidea).
- Бошнинг ҳар икки томонида чакка ва тепа суякларини бирлаштирувчи чок, чакка чоки (sutura temporalis).
Катта лиқилдоқ пешона чоки билан ўқсимон чокнинг бирлашган жойида ҳосил бўлади. Бу лиқилдоқлар фақат фиброз пардадан иборат. Катта лиқилдоқ (fonticulus magnus) ўткир бурчаги билан пешонага, тўмтоқ бурчаги энсага қараган ромб шаклида бўлади. Катта лиқилдоқ томон келадиган 4 та чокнинг ҳар бири лиқилдоқнинг шу чок томонидаги бурчагининг давоми бўлади.
Етилган ҳомила боши қуйидаги тўғри, кўндаланг ва айланма ўлчовлар билан ўлчанади .
- Пешона суягидаги икки қош оралиғидан энса дўмбоғигача бўлган оралиқ тўғри масофа (diametr fronto occipitalis) дейилади. Бу 12 см га тенг. Шу икки ўлчов нуқталари бўйича бош айланаси 34 см келади.
- Энгакдан энса суягининг энг узоқ нуқтасигача бўлган оралиқни катта қийшиқ масофа (diametr mento occipitalis) дейилади. 13-13,5 га тенг. Шу нуқталар бўйича ўлчанган бош айланаси 39-42 см келади.
- Энса чуқурчасидан (энса дўмбоғидан) пастда катта лиқилдоқ ўртасигача бўлган оралиқ кичик қийшиқ масофа (diametr subocsirpita bragmaticus) дейилади. Бунинг узунлиги 9,5 см бўлиб, шу ўлчов нуқталари бўйича бош айланаси 32 см келади.
- Тепа суяклар думбоғининг энг узоқ оралиғи катта кўндаланг масофа (diametr bipatietalis) дейилиб, бу 9,5 см га тенг келади.
- Чакка суяклари энг узоқ нуқталарининг ораси кичик кўндаланг масофа (diametr bitemporalis) бўлиб, 8 см га тенг бўлади.
- Тил ости суяги соҳасидан катта лиқилдоққача бўлган тик оралиқ (sublingva bragmaticus) 9,5 см га тенг бўлиб, шу ўлчов нуқталари бўйича бош айланаси 32 см келади.
Ҳомила бошининг ўлчовларидан ташқари, туғиш жараёнида тана ўлчовлари ҳам аҳамиятга эга. Икки елканинг кўндаланг оралиғи (diametr biacromialis) 12 см га тенг бўлиб, елканинг шу ўлчов бўйича айланаси 35 см келади. Думбаларнинг кўндаланг оралиғи (diameter biliacus) 9-9,5 см га тенг бўлиб, шу ўлчов бўйича думбаларнинг айланаси 27-28 см келади.
Туғруқ йулларини юмшоқ ва қаттиқ тўқималар ҳосил қилади. Юмшоқ туғруқ йулларига қин, оралиқ туби мушаклари ва бачадон бўйни кирса, қаттиқ туғруқ йулларига чаноқ суяги киради.
АЁЛЛАР ЧАНОҒИ
Чаноқ тана ҳолатини нормал сақлабгина қолмай, балки туғруқ вақтида бола ўтадиган йўл сифатида ҳам аҳамияти каттадир.
Аёллар чаноғи тўртта суякдан, яъни иккита номсиз, битта думғаза ва битта дум суягидан иборат бўлиб, улар ўзаро тоғайлар ва бойламлар ёрдамида бириккан бўлади.
Номсиз суяк ёки чаноқ суяги (os innominata seu coxae) учта суякдан, яъни ёнбош, қуймич ва қов суяги бирикишидан ҳосил бўлади. Бу учта суяк тепасининг қўшилган ерида, ташқи томонида катта чуқур бўлиб, у қуймич думғазаси (acetabulum) деб аталади.
Ёнбош суяк билан қов суяги таналари қўшилган жойда кўтарма жой пайдо бўлиб, у эгилиб ёнбош суякни кўндалангига кесиб ўтади. У linea arcuata деб аталади, бу чизиқ катта ва кичик чаноқ бўшлиқларини чегараловчи умумий чизиқни (linea terminalis seu linea innomita) ҳосил қилишда иштирок этади. Ёнбош суяк қанотининг устки чети қалинлашган бўлиб, у ёнбош суяк қирраси (crista iliaca) деб аталади. Бу қирра ички ва ташқи қисмдан ва учта чизиқдан иборат бўлиб, улар мускулларнинг пайлари ёпишуви учун хизмат қилади.
Қирра — олд томонидан олдинги устки ёнбош ўсиғи (spina iliaca anterior superior) ва орқа томондан худди шундай ўсиқ (spina iliaca posterior superior) билан тугайди.
Олдинги ва орқадаги бу устки ўсиқлар остида шу номдаги остки ўсиқлар бор. Орқадаги пастки ўсиқ тагидан катта қуймич кемтиги (incisura oishadica major) бошланиб, у қуймич ўсиғи (spina ischiadica) билан тугайди. Бу ўсиқ остида эса кичик қуймич кемтиги (incisura ishiadica minor) туради. Бу кемтик қуймич дўмбоғи (tuber ischiadicum) билан тугайди.
Ёнбош суяк қанотининг ички томондаги катта чуқури орқасида қулоқ супраси шаклидаги бўғим юзаси бўлиб, бу юза ёрдамида ёнбош суяги думғаза суяги билан бирикади. Қуймич дўнги олдинга томон ингичкалаша бориб, қуймич суягининг шохи (ramus ossis ischii) га айланади ва қов суягининг пастки шохи (ramus inferior ossis pubis) билан қўшилади. Қуймич суяги билан қов суягининг пастки ва устки шохлари ўртасида катта ёпилувчи тешик (foramen obturatum) ҳосил бўлади.
Ўнг ва чап қов суяклари ўрта чизиқда бир-бири билан қўшилиб, қов бирлашмасини (symphysis) ҳосил қилади.
Думғаза суяги (os sacrum) ўзаро битишиб кетган бешта умуртқадан иборат бўлиб, улар турли катталикда бўлади, умуртқалар пастга томон кичрайиб ва энсизланиб боради, шунинг учун думғаза суяги пастга томон торайган узунчоқ учбурчак шаклида бўлади. Биринчи думғаза умуртқасининг усти (думғазанинг асоси) кенг текисликдан иборат бўлиб, бу текислик ёрдамида думғаза бешинчи бел умуртқаси билан қўшилади.Бу иккита умуртқа туташган жойда чаноқ ичига қараган дўнг (promontorium) пайдо бўлади. Думғаза суягининг энсиз жойи (чўққиси) пастга қараган бўлади ва дум суяги билан қўшилади.
Думғаза суягининг олдинги юзаси чуқурлашган, орқа юзаси эса узунасига ва кўндалангига дўппайган, эгри, ғадир-будур бўлади: унинг орқа юзасида умуртқаларнинг орқа кўндаланг ва бўғим ўсимталарининг қўшилуви туфайли бешта бир-бирига параллел турган бўйлама қирралар ҳосил бўлади. Думғаза суягининг икки ён томонида қулоқ супраси шаклидаги бўғим юзаси бор. Бу юзалар ёрдамида думғаза суяги чаноқ суяги билан бўғим ҳосил қилади. Думғаза суягининг олд ва орқа томонидан тўрт жуфтдан тешиклар (foramina sacralia) бўлиб, бу тешиклар думғаза канали билан туташгандир.
Дум суяги (os coccygium) бешта кичик умуртқадан иборатдир. Дум суягининг биринчи умуртқаси бошқаларига нисбатан бирмунча ривожланган бўлади. Дум суяги учини ташкил этадиган охирги умуртқа энг кам ривожланган.
Чаноқ суяклари турли бўғимлар орқали бир-бири билан бирикади.
- Қов бирикмаси (symphysis pubica) иккита қов суягининг бўғим юзаси ёрдамида ҳосил бўлади. Бу юзалар орасида тоғай пластинка бўлиб, унинг ичида торгина бўшлиқ бор. Шунинг учун бу бирикма ярим бўғим деб аталади. Унинг ҳаракати жуда чегараланган бўлади.
- Думғаза билан ёнбош суяк бўғими (articulatio sacriliaca) ярим бўғим (аморпартроз) — бу думғаза суяги ва ёнбош суякдаги қулоқсимон юзаларнинг қўшилишидан ҳосил бўлади. Унда ҳаракат деярли бўлмайди.
3. Думғаза билан дум бирикмаси (synchondrosis sacrgcoccygea) қимирламайдиган бирикмалар қаторига кирса-да, лекин икки суякни қўшиб турувчи фиброз тоғайнинг чўзилувчанлиги ҳисобига дум суяги ҳомила бошини туғилиш жараёнида орқага силжитади. Бундай силжиш туғиш вақтида жуда муҳимдир.
Чаноқ икки қисмдан — катта ва кичик чаноқлардан иборат бўлиб, уларни бир-биридан чегара чизиғи деб аталадиган чизиқ (lin. terminalis) ажратиб туради.
ЧАНОҚ СУЯГИНИНГ ЎЛЧОВЛАРИ
Аёллар чаноғи асосан икки қисмдан ташкил топган — катта чаноқ ва кичик чаноқ. Буларнинг ҳар иккаласини ажратувчи чегараси номсиз ёки чегара чизиғи (linea innominata seu terminalis) ҳисобланади, деб айтиб ўтган эдик. Катта чаноқ акушерлик нуқтаи назаридан кичик чаноққа нисбатан унчалик аҳамиятга эга эмас.
Баъзи акушерлар катта чаноқни «кичик» чаноқнинг «ойнаси» деб ҳисоблайдилар, чунки катта чаноқнинг баъзи ўлчовларига қараб кичик чаноқ ўлчовларини тахмин қилса бўлади.
Катта чаноқ (pelvis major). Орқадан охирги бел умуртқаси, ёндан ёнбош суяклар билан чегараланиб, олд томонида суяклар бўлмайди, шунга кўра ҳомиладорликда бачадон ва қорин девори ҳеч қандай тўсиқсиз ўсаверади.
Кичик чаноқ (pelvis minor). Шакли қирқилган учбурчакка ўхшайди, гўё асоси билан юқорига айланган. Кичик чаноқнинг олдинги девори қов суяги ва симфиз, орқаси думғаза ва дум суяги, ёндан қуймич суяклари билан чегараланган.
Кичик чаноқнинг олдинги девори орқа деворидан уч баравар калта (олдинги девори 4—4,5 см, орқа девори 12,5—13 см).
Кичик чаноқнинг ён томонлари қорин парда ва иккита бойлам lig. sacro spinosum ва lig.sacrotuberosum билан қопланиб, чегараланган тешик (қуймич ўймаси) (incisurae ischiadicae) ни ҳосил қилади.
Шундай қилиб, кичик чаноқ ҳамма томондан суякдан ташкил топган.
Катта чаноқ ўлчовлари. Нормал чаноқнинг ташқи масофаларини ўлчаб аниқлаш билан кичик чаноқ ўлчовларини ҳам тасаввур қилиш мумкин бўлади.
Чаноқнинг ташқи масофалари одатда аёлнинг ётган ҳолатида ўлчанади. Бунинг учун циркул (чаноқ ўлчагич — тазомер) дан фойдаланилади. Аёл кушетка ёки каравотга чалқанча ётади, акушер эса аёлнинг ўнг томонига қараган ҳолда ўтиради, чаноқ ўлчагичнинг икки оёғини икки қўлига олади-да, кўрсаткич ва катта бармоқлар билан унинг учидаги тугмачалардан ушлайди ва ўлчашга киришади.
Нормада:
- Икки ёнбош суякларининг олдинги устки ўсиқлари ораси (distantia spinarum) – 25-26 см.
- Икки ёнбош суяклари устки қирраларининг энг узоқ нуқталари ораси (distantia cristarum) – 28-29 см.
- Сон суякларининг катта трахантерлари (катта боши кўстлари) орасидаги масофа (distantia trochanterica) –30 -31 см.
Тери ости ёғ қавати қалин бўлган аёлларнинг туртиб чиққан катта нуқталарини ушлаб кўриш жуда қийин бўлади. Бундай ҳолларда аёлдан аввал бир оёғини, кейин иккинчи оёғини суриш талаб қилинади ва шу ҳаракат вақтидa сон суякларининг катта боши кўстни бармоқ билан пайпаслаб топишга ҳаракат қилинади.
Ташқи конъюгаталарни (cоnjugata externa) ёки Боделак диаметрини ўлчаш учун аёл ёнбошга ётқизилади. Аёл пастдаги оёғини чаноқ - сон ва тизза бўғимларидан букади, юқори оёғини узатган ҳолда чаноқ ўлчагич бир учи тугмаси симфизнинг юқори қисмига, иккинчиси эса думғаза ромби (Михаэлис ромби)нинг юқори бурчагига қўйилади. Агар ромб унча билинмаса, кўрсаткич бармоқни бел умуртқаси бўйлаб сурилганда бармоқ чуқурчага тушади, шу ер бел умуртқасининг думғаза билан бирлашган еридир. Бу ўлчов 20—21 см га тенг бўлиб, бунинг ёрдамида кичик чаноқнинг тўғри ўлчовини билиш мумкин. Бундан 9 см олиб ташланса (суяк ва юмшоқ тўқима қалинлигига), кичик чаноқнинг тўғри ўлчови чиқади.
Кичик чаноқ ўлчовлари. Кичик чаноқ акушерлик нуқтаи назаридан туғиш йўли ҳисобланади. Кичик чаноқ юзаси қов суяги ва симфиз четлари билан, орқадан думғаза дўнги (promоntorium), ёнидан номсиз чизиқ билан чегараланади.
Кичик чаноқнинг кириш юзаси геометрик тузилишдадир. Кичик чаноқ йўлида 4 та сатҳ мавжуддир.
- чаноқ кириш қисмининг сатҳи;
- чаноқ кенг қисмининг сатҳи;
- чаноқ тор қисмининг сатҳи;
- чаноқдан чиқиш қисмининг сатҳи.
Чаноққа кириш қисмининг сатҳи 3 та: тўғри, кўндаланг ва жуфт қийшиқ ўлчовлар (ўнг ва чап) дир .
Чаноққа кириш қисмининг тўғри ўлчови — чин конъюгата (conjugate vera), чаноқнинг чиқиб турган четлари: олдидан симфиз ва думғаза дўмбоғи (promоntorium) оралиғи, бу ўлчов 11 см га тенг. Чаноқнинг анатомик тўғри ўлчови (conjugata anatomica) чин конъюгатадан 0,5 см камдир.
Агар аёл оёқлари каравот четидан осилтирилса (Валхер ётиши) ёки узатилса, чин коньюгатага 0,5—0,75 см қўшилади. Аксинча, сонни қоринга букканда шунча камаяди.
Кичик чаноқ кириш сатҳи тўғри ўлчовини 2 та усул билан аниқлаш мумкин. 1)
ташқи конъюгата (conjugata externa) дан 9 см олиб ташланса, тўғри ўлчов чиқади;
2) диагонал коньюгата (conjugata diaganalis). Бунинг учун ўнг қўлнинг кўрсаткич
ва ўрта бармоғини асептик шароитда қинга киритиб думғаза бурни (promоntorium)
томон йўналтирилади. Одатда бармоқлар думғаза бурнига етмайди, бу чаноқнинг
тор эмаслигини билдиради. Агар бармоқлар думғаза бурнига етса, унда қиннинг
бош бармоқ билан кўрсаткич бармоқ оралиғи қов суяги остига тақалади, шу тақалган
ерни чап қўл билан белгилаб олиб, кейин ўнг қўл қиндан чиқарилади. Кейин чаноқ
ўлчагич ёки сантиметр тасмаси билан ўлчанади. Агар 13 см бўлса (бу ўлчовдан ками
тор чаноқ бўлади), ундан 2 см олиб ташланса, чин конъюгата (conjugata vera) чиқади
Кичик чаноқ кириш қисмининг кўндаланг ўлчови номсиз чизиқ энг узоқ нуқталарининг орасидаги 13—13,5 см масофага тенг, бу чин конъюгатани перпендикуляр равишда кесиб ўтиб, чаноқ кириш қисми овал шаклида бўлганига кўра думғаза дўмбоғи (promоntorium) яқинроғига жойлашган.
Кичик чаноқнинг қийшиқ ўлчовлари — бу ўлчов орқадан думғаза ва ёнбош қўшилган бўғимлар билан ёнбош ва қов суяклари бириккан дўмбоқ оралиқларидир. Бунинг 9 та ўлчови бор, биринчиси ўнг қийшиқ ўлчов-бу ўнг томондаги думғаза ва ёнбош бўғимидаги ёнбош ва қов дўмбоғи ораси, чап қийшиқ ўлчов - чап томондаги думғаза ва ёнбош бўғимидан ўнг томондаги ёнбош ва қов дўмбоғи ораси (eminentio ilio pubica), ҳар бир қийшиқ ўлчов 12 см га тенг.
Кичик чаноқнинг кенг сатҳи олдиндан симфизнинг ўрта қисми билан, орқадан II ва III думғаза бўғимлари оралиғи тўғри ўлчови бўлиб, бу 12,5 см га тенг. Кўндаланг қуймич косаси оралиғи ҳам 12,5 см. Чаноқнинг кенг қисми думалоқ шаклда бўлади. Чаноқ бўшлиғининг тор текислиги олдиндан симфизнинг пастки чети, орқадан думғаза суягининг пастки қисми оралиғи ҳисобланади. Бунинг тўғри ўлчови симфизнинг ва думғаза суякларининг (articulatio sacro cocsegea) пастки қисми оралиғи 11,5 см бўлади. Кўндаланг ўлчови — иккита қуймич қирраси оралиғи 10,5 см бўлиб, тор сатҳи овал шаклда (тўғри ўлчов, кўндаланг ўлчовдан кўп) бўлади .
Чаноқ чиқиш қисмининг (тубининг) юзаси симфизнинг пастки чети билан қуймич дўмбоғи ва дум суяги учининг оралиғидир.
Чаноқнинг чиқиш қисмида ҳам 2 та — тўғри ва кўндаланг ўлчовлар бор. Бу юзада қийшиқ ўлчов йўқ: тўғри ўлчов симфизнинг пастки четидан дум суягининг учи оралиғи бўлиб, 9— 9,5 см.
Туғиш жараёнида ҳомила боши ва елкаси туғилишида думғаза ва дум суягини бириктирувчи бўғим қўзғалувчан бўлганига кўра дум суяги орқага қайрилиб, бу ўлчов 11—12 см га етади. Чаноқ чиқиш қисмининг кўндаланг ўлчови қуймич суягининг ички юзаси оралиғи бўлиб, 11 см га тенг.
Агар кичик чаноқнинг ҳамма 4 та тўғри ўлчовлари қўшилса, букилган чизиқ ёки чаноқ ўқи ҳосил бўлади. Чаноқ ўқи думғаза букилмасига мослашган бўлганига кўра букилган ҳолда бўлади.
Тахлилий қисми
Вазиятли масала:
1. Оилавий поликлиникага 23 ёшли аёл кўнгил айнаш шикояти билан мурожаат қилиб келди.Охирги хайз 5 хафта олдин бўлган.
Диагноз? Қўшимча текшириш усуллари?
Жавоб: ҳомиладорлик3-4 ҳафта. ХГга текширув , УТТда текшириш лозим.
№ |
Тадбир |
Бажармади (0 балл) |
Тўлиқ тўғри бажарди (20 балл) |
1. |
Сантиметрли тасма ёрдамида қорин айланаси билан бачадон туби ва баландлиги ўлчанади |
0 |
20 |
2. |
Сантиметрли тасма билан аёлни олдиндан киндик соҳасида, орқадан бел соҳасини ўртасидан айлантириб қорин айланаси ўлчанади. Ҳомиладорлик охирида бу ўлчам 100 см.га тенг |
0 |
20 |
3. |
Бачадон туби баландлигини ўлчаш учун, тасма бир учини қов равоғи юқори қиррасини ўртасига қўл билан қўйиб, бачадон туби юқори чегарасигача аниқланади, бачадон туби иккинчи қўлни кафт қирраси билан аниқланади. Ҳомиладорлик оҳирида бу ўлчам 32 см.га тенг |
0 |
20 |
4. |
Одатда бачадон туби баландлигига қараб ҳомиладорлик муддатини ҳам аниқлаш мумкин |
0 |
20 |
5. |
Қорин айланаси ўлчамини бачадон туби баландлигига кўпайтириб ҳомиланинг тахминий вазнини аниқлаймиз. Масалан : КА -100 см, БТБ – 32 см .ХТВ=3200 . 100 х 32 =3200 гр |
0 |
20 |
|
Жами |
0 |
100 |
2.Оилавий поликлиникага биринчисига ҳомиладор ҳомиласини секин қимирлаётганлигига шикоят қилиб келди.Бачадон тубининг баландлиги киндик билан ханжарсимон ўсимтани ўртасида турибди.Ҳомила юрак уриши ритмик суст эшитилади, оёқларда шиш бор. Ҳомиладорлик муддати 35-36хафта. Вазни ортиши 10кг.
Ушбу ҳолатда энг яхши текширув усули қайси?
Жавоб: Ултратовушли текширув.
- Ҳомиладорни ташқи акушерлик текширувида бачадон туби киндик билан ханжарсимон ўсимтани ўртасида турибди. ҚА-95см, БТБ-34см, Ҳомила бўйлама жойлашган, II позицияда, олдинда ётган қисми думбаси кичик чаноқ устида турибди.
Ҳомила юрак уриши қаерда эшитилади?
Жавоб:Киндикдан юқорда ўнг томонда эшитилади.
- Ҳомиладорни ташқи акушерлик текширувида бачадон туби киндик билан ханжарсимон ўсимтани ўртасида турибди. ҚА-92см, БТБ-31см, Ҳомила бўйлама жойлашган, I позицияда, олдинда ётган қисми боши чаноқ устида турибди. Ҳомила юрак уриши аниқ ритмик 140 марта дақиқада киндикдан пастда чапда эшитилади.
Ҳомиладорлик тахминий муддати? Ҳомиланинг тахминий вазни?
Жавоб:Ҳомиладорлик 32 хафта ХТВ- 2800-200г.
.Амалий қисми
1. ҲОМИЛАНИНГ ТАХМИНИЙ ВАЗНИНИ АНИҚЛАШ
Мақсад: ҳомиланинг тахминий вазнини аниқлаш
Бажариладиган босқичлар:
2. ЛЕОПОЛЬД – ЛЕВИЦКИЙ БЎЙИЧА ТАШҚИ АКУШЕРЛИК ТЕКШИРУВ УСУЛИ
Мақсад: ҳомила ҳолати позицияси олдинда ётган қисмини аниқлаш
Бажариладиган босқичлар:
№ |
Тадбир |
Бажармади (0 балл) |
Тўлиқ тўғри бажарди (20 балл) |
1. |
Аёлни чалқанчасига оёғини узатган ҳолатда ётқизилади. Шифокор аёлни ўнг томонида туради |
0 |
20 |
2. |
1- усул иккала қўлни кафт юзаларини бачадон тубига қўйилади. Бу усул ёрдамида бачадон туби баландлиги ва ҳомилани қайси қисми бачадон тубида борлиги аниқланади |
0 |
20 |
3. |
2-усул қўллар бачадон тубидан киндик соҳасига, бачадонни ўнг ва чап томонларига қўйилади. Қўл кафти ва бармоқлари билан бачадон ён деворарига босиб, пайпаслаб ҳомилани орқаси ва майда қисмлари қаёққа қараган, яъни ҳомила позицияси аниқланади. 1-позиция яъни ҳомила орқаси бачадон чап деворига, 2 -позицияда ўнг деворига қараган бўлади |
0 |
20 |
4. |
3-усул қўлнинг катта бармоғи бачадон пастки сегментининг бир томонидан, қолган 4 та бармоқ эса иккинчи томонидан ушлаб, ҳомила олдинда келган қисми ушланади ва секин ўнга ва чапга қимирлатилади. Бу усул ёрдамида ҳомила қайси қисми билан олдинда ётганлиги аниқланади |
0 |
20 |
5. |
4-усул текширувчи аёлнинг оёқ томонида турган ҳолда иккала қўли кафтини бачадон пастки қисмининг ўнг ва чап томонига қўяди ва пастга томон аста босади, бунда текширувчи ўз қўлини ҳомиланинг олдинда келувчи қисми билан чаноқ кириш қисмига юборади. Бу усул ёрдамида ҳомила олдинда ётган қисмининг чаноқ суягига нисбатан туриши аниқланади |
0 |
20 |
|
Жами |
0 |
100 |
3. .ҲОМИЛА АУСКУЛЬТАЦИЯСИ
Мақсад:ҳомила аҳволини баҳолаш
Бажариладиган босқичлар:
№ |
Тадбир |
Бажармади (0 балл) |
Тўлиқ тўғри бажарди (20 балл) |
1. |
Ҳомила аускультацияси аёл қорнига стетоскоп қўйиб эшитиш орқали ўтказилади |
0 |
20 |
2. |
Ҳомила энса билан ётганда юрак уриши киндикдан пастда, чаноғи билан ётганда киндикдан юқорида, кўндаланг ётганда киндик соҳасида бошига яқин жойда эшитилади |
0 |
20 |
3. |
Ҳомила I- позициясида юрак уриши чапда, II- позициясида ўнгда, кучаниқ вақтида- қов устида эшитилади |
0 |
20 |
4. |
Аускультация пайтида стетоскоп перпендикуляр яъни тахминий ҳомила орқасига қараган тўғри бурчак бўйлаб бир учи аёл қорнига, иккинчи томони шифокор қулоғига қўйиб эшитилади. Эшитаётганда қўлни стетоскоп билан ушлаб турмаслик керак, чунки бу овоз эшитилишини қийинлаштиради |
0 |
20 |
5 |
Одатда ҳомила юрак уриши 1 дақиқада 140 марта, ритмик аниқ эшитилади |
0 |
20 |
|
Жами |
0 |
100 |